Линклар

Аввалига "Оила" маркази ўртага ташлаган бу таклифни эндиликда Олий Мажлис депутати ҳам қўлламоқда.

Ташаббус бошланди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати¸ Халқ –демократик партиясининг парламент фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова Ўзбекистонда никоҳ ëшини ўзгартириш ташаббуси билан чиқди¸ деб хабар 9 январ куни берди мамлакатдаги ярим расмий нашрлар.

Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистондаги "Oила" илмий-амалий маркази аёллар учун минимал никоҳ ёшини 17 дан 18 ёшга ўзгартириш таклифи билан чиққан эди¸ афтидан депутат аëл ана шу таклифни қўллаш ташаббусини ўртага қўйган.

2012 йил Ўзбекистонда “Мустаҳкам оила йили” деб аталди ва депутат Холиқова фикрича¸ қизларни эрта эрга бериш оила мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон жорий қонунларига кўра¸ қизларга 17 ëшида расман эрга эрга тегишига изн берилади ва бу қонунчилик Совет Иттифоқи даврида жорий этилган эди.

Расмий никоҳ қуриш учун берилган ҳақ собиқ СССРнинг турли ҳудудларда турлича бўлган. Масалан¸ Украина ва Молдовада 16 ëш¸ Россия Федерацияси ва Туркманистонда 18 ëш¸ Ўзбекистон ва Тожикистонда эса¸17 ëш қилиб белгиланган эди.

17 ëшда эрга тегиб¸ соғлиғимни йўқотдим....

Шаҳрисабзлик 40 яшар Дилфуза бугунда 21 яшар ўғил ва 19¸ 17 ва 11 яшар уч қизнинг онаси. 17 ëшга киришим билан эрга узатилганим боис¸ бугун бирга юрсак¸ укам ë синглимга ўхшайдиган катта фарзандларнинг онасиман¸ дер экан Дилфуза¸ эрта эрга тегишнинг шундан бошқа ҳавас қилгулик жиҳатини топмаганини айтади.

-17 ëшимда берган мени. 18 ëшимда туққанман. Мажбур беришган. Қариндош-уруғлар ўртага қўшилган. “Эртароқ бериб юбор” билан ота-оналаримиз қариндошлар гапи билан мажбур бериб юборган. Мен ўзим яхши кўриб тегмаганман¸ дер экан Дилфуза эрта эрга тегиб¸ кетма-кет бола туғиш жисмоний ва руҳий соғлиғига жиддий путур еткизганини айтади.

-Туғишга тайëр бўлмаганман. Биринчидан, миома касалига йўлиқдим. Ëшликда эрга бергандан кейин зўриқиш бўладими шунақа касалликлар кўп келиб чиқар экан. Шу томонлама мен жуда кўп қийналганман. Кейин¸ ëш бўлганимдан¸ ким билан қанақа муомала қилишни билмай¸ кўп қийналганман¸ кўп сиқилганман¸ дейди Дилфузахон.

На она¸ на боланинг соғлиғига яхши

Бухоро шаҳридаги поликникалардан бирида врач-гинеколог бўлиб ишлаëтган Маҳлиë исмлик 30 яшар аëл¸ Дилфузанинг бу гапларида жон борлигини тасдиқлайди.

- 16-17 ëшда ҳали қизларнинг туғиш каналлари яхши ривожланмаган бўлади. Бачадони ҳали болани яхши етиштириб беришга тайëр бўлмайди. Ëш қизлар бошқа ҳаëтга тайëргарлик кўрмасдан бошқа бир муҳита тушганларидан кейин ўша муҳитга ўрганишлари қийин бўлади. Катта стресс бўлади. Мана шу стресс ҳам ҳомиладорлик даврида таъсир қилади. Уялиб яхши овқатланмайди¸ натижада камқонлик кузатилади. Керакли витаминлар организмга кирмагани натижасида ҳомилага таъсир қилади. Бунинг натижасида соғлом бола вужудга келиши эҳтимоли кам бўлади¸ дейди бухоролик шифокор аëл.


Президент ташаббусини қонунийлаштирайлик...

Қонунчиликка қизларни турмушга узатиш ëшини ҳозирги 17 ëшдан 18 га кўтариш тўғрисида ўзгартиш киритиш таклифи билан чиққан ўзбекистонлик депутат Дилбар Холиқовани ўз ташаббуси юзасидан суҳбатга тортишни имкони бўлмади. Аммо Ўзбекистондаги ярим расмий нашрларга кўра¸ депутат аëл “оиланинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан ўз оиласи учун масъулиятни ҳис қилиш¸ оила ичидаги бурчни адо қилишга боғлиқ” деган асосда 17 яшар қизларнинг ҳали бундай масъулияни зиммасига олишга тайëр эмаслигини таъкидлаган.

Депутат аëлнинг бу таклифи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг бир неча йил¸ хусусан 2011 йил давомида қайта-қайта тилга олган айни мавзудаги фикрларига ҳамоҳангдир.

2011 йил июн ойида Қашқадрë вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашув пайтида президент қизларни эрта узатиш тенденциясига қарши эканини таъкидлаган эди.

- Қиз бола тақдири мени доим қизиқтиради. Минг афсуски¸ 9-синфни битирган қиз бола ëши 16-17га кирганда кўп тилаклар пайдо бўлади, истаклар пайдо бўлади. Энди бу қиз боланинг бўйи етди, унинг боласи бор, униси жияни бор ва ҳоказо шуни уйлантирсак, бошини қовуштирсак зўр бўлади¸ деган гаплар ҳам бор. Қишлоқларда бор сизларда. Булар хиëнат қилаяпти қиз болага нисбатан. Тушунарлими? Ҳозир қиз бола ўқимаса, охирги уч йил давомида ўзининг касбига эга бўлмаса, эртага у нима қилади, бола туққандан кейин бу аëл қаëққа борсин? Кимга ўзининг фарëдини айтсин?деган эди ота-оналар¸ ўқитувчи ва фаоллар билан суҳбатда Ислом Каримов.

Кейинроқ Тошкентда санъат ва спорт намояндалари билан учрашув пайтида Каримов¸ “қизлар эрта эрга теккунича¸ спорт билан¸ хусусан бадиий гимнастика билан шуғуллансин”¸ деган гапни айтган эди.

Васвасага тушган ота-оналар....

Каримов тилга олган каби¸ қизларга ўқиш-улғайиш имконини бермай¸ уларнинг бу ҳаққига хиëнат қилиш¸ кузатувчи ва фаолларга кўра¸ Ўзбекистонда борган сари кенг тарқалиб бормоқда.

Совет пайтида¸ қизлар аввал ўқиб¸ сал оқу қорани танигач 20-22 ëшда эрга узатилган бўлса¸ ҳозирда кўп ота-оналар қизларини 16 ëшида¸ гарчи ҳали қонун бунга изн бермаса-да¸ узатиш васвасига тушиб бормоқда¸ дейди Ўзбекистоннинг шаҳару қишлоқларидаги никоҳ тўйларида бошловчилик қиладиган исми айтилишини истамаган журналист қиз.

- 16-17 яшарлар ҳам бор. 9-синфни битириб¸ коллежда ўқийдиганлар бор. Уларни асосан ЗАГСдан ўтди¸ дейди. Аслида улар ЗАГСдан ўтмаган бўлади. Балоғат ëшига етгандан кейин ЗАГС қилиб олиш ҳолатлари бор экан. Никоҳ қилишади тамом¸ дейди бир ойнинг 20 кечасида никоҳ тўйларига бошловчилик қилувчи суҳбатдош.

“Менинг қизим қолиб кетади. Қизимнинг ўрнига бошқаси эрга тегиб кетади. Тезроқ қутулай қизларимни эрга бериб” деган фикр бор. Қизлар бахтли бўлсин, тахтли бўлсин деган фикр йўқ”¸ деб тасдиқлайди бу фикрни шаҳрисабзлик Дилфуза.

Қанча ëш бўлса¸ шунча осон эгилади...

Қизларни турмушга узатиш ëшининг мустақиллик даврида яшариб кетишига¸ асосан ўзбек жамиятидаги ижтимоий-маънавий омиллар сабаб¸ дейди журналист қиз.

- Бунга сабаб¸ менимча, куëв тараф бўлаяпти. Чунки куëв тарафдагилар ëш қизларни қидиришаяпти. 16-17 яшар қизларнинг уйига кўпроқ совчилар боради. Йигит 30-35 яшар бўлиши мумкин, лекин балоғат ëшига етмаган қизга совчи юбориши аниқ. Чунки улар бундай қизларни ҳаëтга мослаш мумкин, кўп нарсани кўрмаган бу ҳаëтда, ҳаëтнинг қайсидир бир нарсаларига учмаган қиз¸ деб ўйлашади. Шунинг учун кўпроқ шунақа оилаларга совчилар бораëтганини биламан. Яхши жойдан, бой оиладан совчи чиқса, ҳеч бир оила ҳам йўқ демайди. 16-17 яшар қизлар турмушга бериш бошланганидан бошқа ота-оналар ҳам ташвишга тушган. 19 яшар қизни ҳам ҳозир қари қиз деб ўтиришибди ота-оналар¸ дейди ўзбекистонлик журналист қиз.

Жамиятда исломий қоидаларнинг кенг тарқала бошлагани (Исломга қиз бола ҳайз кўрганидан сўнг¸ эрга тегиши мумкин –таҳр)¸ қолаверса иқтисодий муаммолар ҳам ота-оналарни ўз қизини ўқитиб¸ касби-корлик қилмай туриб¸ эрга беришга мажбурламоқда¸ дейди Озодлик суҳбатдошлари.

Миллионлаб ўзбек йигитлари иш излаб яқин ва узоқ хорижга чиқиб кетаëтган бир пайтда¸ Ўзбекистондаги қизларнинг турмуш ўртоғини танлаш имкони чекланиб бораëтган бир пайтда¸ айрим кузатувчилар¸ қонунчиликка ўзгартиш киритиш ташаббусини қўллаган ҳолда¸ бу ўзгартиш билан реалликда катта ўзгариш қилиш мумкинлигига шубҳа билдирмоқдалар.

-Қонун билан ўзгартириб бўлса керак¸ деб ўйлаймизу, лекин аслида бундан олдинги тўйларни камчиқимли қилайлик деган қонунлар ҳам, маҳалла орасидаги гаплар ҳам бор эди. Лекин шу нарса билан тўйлар камчиқим бўлиб қолгани йўқку! Бу биринчиси.

Иккинчидан, барибир ота-она ҳам қизига қарайди. Ҳозирги ëш қизлар тез бузилишни бошлаган. Айнан 14-15 ëшдаëқ бузилишлар бошланган. Интернетни очсангиз, 14-15 яшар ўзбек қизларни ички кийимда кўрасиз. Илгари бунақа ҳаëтда бўлмаган нарса. Балки қандайдир қонун қабул қилингани билан ота-она барибир яшириб бўлса ҳам қизини барибир узатиб юборади. Бузилмасин, ўтириб қолмасин дейди¸ дейди бир ойнинг камида 20 кунини Ўзбекистонда қишу ëзин тўхтамай давом этаëтган никоҳ тўйларига бошловчилик қилиб ўтказаëтган журналист қиз.

Шаҳрисабзлик 40 яшар Дилфуза¸ мавжуд қонунчиликка қизларни 18 ëшида эмас¸ балки 19-20 ëшида эрга бериш лозим¸ деган ўзгартириш киритиш тарафдори экани¸ аммо бундай ўзгартиш бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар¸ ўз қизларини 20 ëшдан аввал¸ ўқиб¸ касб-ҳунар ўрганмай туриб¸ эрга бермаслигини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG