Линклар

Қачон турмуш қурган маъқулроқ?


Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг аксари ўғил ва қизларнинг 20 ёшдан кейин турмуш қуриши яхшироқ, деган фикрда.

Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг аксари ўғил ва қизларнинг 20 ёшдан кейин турмуш қуриши яхшироқ, деган фикрда.

2012 йил Ўзбекистонда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Шу боис бу мавзу Ўзбекистонда долзарб мавзуга айланди. Хусусан, Ўзбекистон аёллар қўмитаси ҳузуридаги “Оила” Республика илмий-амалий маркази “Оила кодекси”га тузатиш киритиш таклифи билан чиқди. Қизларнинг турмуш қуриш ёшини амалдаги қонунда кўрсатилган 17 дан 18 ёшга кўтариш тавсия қилинмоқда. Шу муносабат билан ҲАФТА САВОЛИ рукнининг бугунги сонида респондентларга “Неча ёшда турмуш қургансиз ва қизларни эрта ёшда турмушга беришга муносабатингиз қандай?” деган саволни қўйдик.

Акмал – тадбиркор, Тошкент вилояти


Мен 21 ëшда уйланганман. Баъзилар 25-26 уйланади. Вақтга қарабда. Энди менинг ақлим вақтли кирган. Бир хилларники 25 да ҳам ақли кирмаган бўлади. Мен уйланган пайтда хотиним ҳам 21 ëшда бўлган. Мендан икки ойлик катта хотиним. Турмушим, Худога шукр, умуман зўр. Мана қанча ўртоқларим бор, мен ҳаётимдан нолимайман ҳеч қачон. Чунки ўртоқларимнинг нечтаси ажрашиб кетаяпти. Кўз тегмасин (менинг ҳаётим) ҳамма тарафлама зўр.

Энди ёш қизга уйланиш эркаклар учун ютуқ бу. Қиз қанча ëш бўлса, ўзига ўргатиб олади, тушунтириб йўлга солади. Ёши қанча катта бўлса, қизлар қараши шунча ўзгариб, “мнениеси” бузилишни бошлайди. Мен ўйлайманки, 18 ëш ҳам ҳали “нормальний”. 17 ëш кичкина. 17 ëш она бўлишга ҳам вақтли.

Машҳура – Тошкентлик уй бекаси


Яқинда 52 га кираман. 21 ëшимда турмуш қурганман. Хўжайиним ўша пайтда 25 ëшда эдилар. Олий маълумотли, бир йил ишлаган эдилар. Ҳаëтда жуда ҳам яхши яшадик, қийналмадик. Ҳамма нарсани яхши тушуниб, яхши ўтди ҳамма ҳаëтимиз.

Ёш қизларни турмушга бериш масаласида, 15-16-17 ëшдаги қизлар ҳали болаку. Нимани билади улар ҳаëтда. Ўйнаб-кулиб юрган пайти бўлса, ëш бўлса. Организмлари тўлишмаган ҳали, медицина томондан олганда ҳам. Уларни “эгиб олиш” осон бўлса ҳам уларнинг организмичи? Бошқа уйга боргандан кейин қайнона-қайнотасига қарайдими, ишини қиладими, ўқишига борадими, қийинку барибир. Ëш боладай нарса бўлса. Ҳали ҳеч нарсани тушунмасдан оила қурган билан, институтларда ўқиб, оқ-қорани таниб турмуш қурганларнинг фарқи бўладику. Ҳаëт тўғрисида, оила тўғрисида озгина бўлса ҳам тушунчаси бўлади.

Азимжон – жиззахлик электромонтёр


Ëшим 42 да. 23 ëшимда уйланганман. Аëлим мендан бир ëш кичкина эди. Ота-онам ўтиб кетган. Мен татаркага уйланган эдим. У қиз кетворди. Орадан анча ўтгандан кейин мен ўзимдан кичкина ўзбек қизга уйландим. Унда 32 ëшларда эдим. Бу ўзбек қизи мендан тахминан 11 ëш кичкина эди. Ҳозир уч фарзандимиз бор. Ҳаётимиз яхши.
Қизларнинг эрта турмушга берилиши нотўғриёв. Ёш қизлар турмуш қурса, кўп нарсани тушунмайди. Сал ëши каттароқ бўлса тушунади деб ўйлайман. Ҳеч нарсани билмаса, нима кераги бор уни эрга беришни. Фарзанд кўришда ҳам қийналади.

Гулҳаё Самарқандлик уй бекаси


- Мен 1984 йилда туғилганман. 1999 йилда турмушга чиққанман.

Озодлик: 15 ёшда турмушга чиққанмисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Ўша пайтда турмуш ўртоғингиз неча ёшда эди?

- У 1979 йилда туғилган. Мендан беш ёш катта. Менга уйланганида 20 ёшда эди. Уни қаттиқ севиб турмушга чиққанман.

Озодлик: Турмушингиздан хурсандмисиз?

- Йўқ.

Озодлик: Нега?

- Кейин эрим мени ташлаб Россияга ишлашга кетди ва ўша ерда биттасига уйланибди. Ҳозир икки болам билан қолганман. Агар мендан сўрашса, турмуш қурмоқчи бўлган қизларга, шошилмай, 26 – 27 ёшларга кириб турмушга чиқинглар деган бўлар эдим.

Мадина опа, тошкентлик тадбиркор


Мен ўзим 19 ëшда турмуш қурганман. Ҳаётим яхши. Фарзандларим бор. 17 ëшга тўлмаган қизни турмушга узатишга мен қаршиман. Сабаби қизлар ҳали тайëр бўлмайди. Баъзан қизлар ҳали 20 ëшда ҳам тайëр бўлмайди. 17 яшар қизингиз ҳали гўдак бўлади. Тўғри 17 ëшда мактабни битказиш мумкин, институтга кириш мумкин, бу дегани ҳаëтга тайëр дегани эмас. Қонунда 17дан олдин эрга бермасин деган бўлса, яна кимдир 15 ëшда эрга беришни хоҳлайдигандир. Эрта бераман деган одам қонундан қатъий назар бераверади. Ахмоққа ўхшаб никоҳдан ўтмасдан яшашаверади. Эртага ажрашиб кетиб никоҳ йўқлигидан муаммолар ҳам келиб чиқаверади.

17 ëш қилиб қўяяптими қонун қилиб никоҳни, 18 ëш қилиб қўяяптими бундан қатъий назар одамлар билганини қилади. Ўзбекда бу. Ўзингиз билган ўзбек. Ҳар ким кўнглига маъқул деганини қилаверади. Қонунда 17 ëки 18 ёшдан турмуш қуриш белгиланган билан нимадир глобалний ўзгариб қолади деб ўйламайман. Қонунга қарамасдан ҳар ким ўзининг билганини қилаверади. Қайси бир қонун бизда зўр ишлабдики, буниси ишласин.

Маҳбуба - тошкентлик фармацевт


Мен 22 да турмушга чиққанман. Уч фарзандим бор. Қизларни турмушга чиқиш ёшини 17 дан 18 гача кўтариш деган таклиф тўғри. Ҳозир ëш кўп нарсани ҳал қиладиган бўлиб қолдида. Ҳозирги ëшларни кўрсанг, жисмоний томондан етук эмас. Айниқса, қизлар. Болалар ҳам нисбатан слабийроқ. Ҳозир болаларнинг кўпида жисмоний меҳнатга лаëқат йўқ. Жисмоний меҳнат билан кўп болалар ҳам, қизлар ҳам шуғулланмаяпти. 17 ëшли қизлар худди ëш боладай. Гавдаларига қарасанг ҳам ҳаммаси озғин, етилмаган улар ҳали. Фикри ҳам шу даражада деб ўйлайман. Қизларни турмушга беришнинг 17 ëшдан 18 ëшга кўтарилиши, ҳарна, бир йил. Мисол учун, 17 ëшида коллежини битириб бўлади. Мисол учун, бирор ишга жойлашса, бу ҳаëтнинг катта оқимига қўшилди деган нарса. Бир йил ишхонага кириб ишлаши мумкин. Коллективга қўшилади, урилади, туртилади. Сал бўлса ҳам тобланади ҳаëт оқимига қўшилиб деб ўйлайман.

Азамат – андижонлик талаба


22 ëшдаман. Худо хоҳласа, ўқишларни тугатиб икки-уч йилларда уйланаманда. Неча яшар қизга уйланишим ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ ҳали. Иложи борича ўқиган қизни олган бўлардим. Ўқиган бўлса, 23-24 яшарлик қиз тўғри келадида. Ўқиган қиз бўлса, бир-бирини тушунган бўлади. Ҳали бу масала бўйича тўлиқ ўйланиб кўрганим йўқ. Олдин мақсадим ўқишни тугатиш.

Фёдор – Охангаронлик ишчи


- Мен 31 ёшдаман. 27 ёшимда уйланганман. Ўшанда рафиқам 26 ёшда эди. Биз бир-биримизни севиб турмуш қурганмиз. Мен қизларнинг 17-18 ёшда турмушга беришларига қаршиман. Чунки бу ёш турмуш қуриш учун жуда эрта. Йигитлар 25-26 ёшда, қизлар 20 ёшдан кейин турмуш қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Дунёқараши шаклланган ёшлар турмуш қурса, оила мустаҳкам бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG