Линклар

Тимошенко дунё лидерларидан хотинини ҳимоя қилишларини сўради


Олександр Тимошенко Озодлик радиосида мухбир саволларига жавоб бераяпти.

Олександр Тимошенко Озодлик радиосида мухбир саволларига жавоб бераяпти.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг турмуш ўртоғи Олександр Тимошенко дунё давлатлари етакчиларига мурожаат қилиб, улардан ёрдам сўради.


Олександр рафиқасининг Украина ҳукумати томонидан “синдирилишига” дунё лидерларини бефарқ қараб турмасликка чақирди.

6 январ куни Чехия ҳукуматидан сиёсий бошпана олган Олександр Озодлик радиоси украин хизматига берган биринчи интервьюсида “тирик Юлия Тимошенконинг Виктор Янукович ҳукуматига кераги йўқ”, деди.

-Эндиликда улар малакали тиббий ёрдам кўрсатмаслик билан Юлияни жисмонан ишдан чиқармоқчи бўлаяптилар. Ҳатто Рождестводай табаррук байрам давомида ҳам улар Юлияни тиббий кўрикдан ўтказдик, деб ёлғон гапиришда давом этмоқдалар. Мен бутун дунёнинг Янукович режимига тирик Юлия Тимошенконинг кераги йўқлигини тушунишини истайман. Мен дунё лидерларидан хотинимни Янукович режимидан ҳимоя қилишларини сўрайман, деди О. Тимошенко.

2004 йилги "Зарғалдоқ инқилоби" етакчиларидан бири Юлия Тимошенко ўз сиëсий рақиби Виктор Янукович президентликка келганидан сўнг хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланиб¸ 2011 йилда суд ҳукми билан 7 йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Юлия Тимошенко 2010 йили ўтказилган Украина президенти сайловида Виктор Януковичнинг асосий ҳарифи бўлган эди.

Тимошенконинг ўтган кузда озодликдан маҳрум қилиниши тарафдорларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Уларнинг айтишича, Тимошенконинг соғлиғи ўта заиф, қамоқхонадаги шароит қийноқдан иборатдир, чунки ўта ёруғ чироқ кечаю кундуз – 24 соат давомида муттасил ёниб туради.

Юлия Тимошенконинг адвокати Украина ҳукумати устидан Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилган.

Украина Жазони ўташ бош бошқармаси вакилига кўра, Тимошенко сақланаётган камера "Европа стандартларига жавоб беради".

Тимошенко иши юзасидан фикр билдирар экан, Брюссел ва Вашингтон бу ишни сиёсий мотивли иш, деб атаган.

Президент Янукович судга ҳеч қандай таъсир ўтказмаганини, Тимошенконинг тақдири фақат суднинг қўлида эканлигини айтиш билан чекланган.

Чехия ҳукумати Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенконинг эри Олександр Тимошенконинг ўзига сиëсий бошпана бериш ҳақидаги сўровини қондиргани тўғрисида 6 январ куни Чехия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Павел Новак маълум қилган эди.

Чех матбуотининг ëзишича¸ кейинги бир йил давомида Прагада яшаб келаëтган 51 яшар Олександр Тимошенко Чех Республикасидан декабр ойида сиëсий бошпана сўраган.

Бир йил аввал Чехия Тимошенко ҳукуматида Иқтисод вазири бўлиб ишлаган Боҳдан Данилишинга сиëсий бошпана берганига норозилик тариқасида Украина ҳукумати икки чех дипломатини жосусликда айблаб¸ мамлакатдан ҳайдаб чиқарган эди.

Олександр Тимошенко Прагада “Баткившчина” халқаро жамоат ташкилоти тузганини, ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тегишли идораларга мурожаат қилганини маълум қилди.

Тимошенко етакчилик қиладиган бу ташкилот Украина ҳукуматининг ҳаракатларини ҳамда Украинада инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликлари аҳволини кузатиш билан шуғулланади.
XS
SM
MD
LG