Линклар

Назарбоев жанаўзенликларнинг сайловда иштирок этишини истаяпти


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат Конституциявий кенгашининг Жанаўзен шаҳрида парламент сайлови ўтказиш имконият йўқлигига оид қарорига эътироз билдирди.


Бу ҳақда маълум қилган Оқўрда матбуот хизматига кўра, Қозоғистон президенти бунда Конституциявий кенгашнинг 6 январ кунги мазкур қарори билан жанаўзенликларнинг конституция ва мамлакат қонунлари билан мустаҳкамланган сайлаш ҳуқуқи чекланаётгани тўғрисидаги хавотирлар эътиборга олган.

“Давлат раҳбарининг мазкур қароридан ягона мақсад Жанаўзен аҳолисининг давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига сайлаш ва сайланиш бўйича ўз конституциявий ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиши учун имконият яратиш бўлиб ҳисобланади”, дейилади Қозоғистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотномада.

Қозоғистонда парламент сайловлари 15 январга белгиланган. Жанаўзенда эса сайлов, мамлакат Конституциявий кенгашининг 6 январ куни қабул қилган қарорига мувофиқ, фавқулодда ҳолат режими тугаганидан сўнг ўтказилиши айтилаётганди.

- Фавқулодда ҳолат амал қилиб турган шароитда фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириши, конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла кафолатлаш имкони бўлмагани боис, фавқулодда ҳолат режими амал қилаётган жойларда сайлов ўтказиб бўлмайди, - деганди ўтган жума куни бу қарорга изоҳ берган Қозоғистон Конституциявий кенгаши раиси Игорь Рогов.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида 2011 йилнинг 16 декабр куни содир бўлган тартибсизликлардан сўнг у ерда мамлакат президенти қарори билан 20 кунлик фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилинганди. 4 январ куни эса яна Назарбоев қарори билан фавқулодда ҳолат муддати 2012 йил 31 январигача узайтирилганди.

Расмий маълумотларга кўра, Манғистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳри ва Шетпе станциясида ўтган йилнинг декабр ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар чоғида 17 киши ҳалок бўлганди.
XS
SM
MD
LG