Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Аштлик овчини ўзбек махсус хизматлари тутиб кетди


Тожикистоннинг Ашт туманида яшовчи Ҳамзаали Хидиров Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган.


Бу ҳақда Ҳамзаалининг яқинларидан бири Иқбол Нуриддинов Озодликка қуйидагиларни айтиб берди.

- 23 декабр куни олиб кетган. Биз анклавда, ён-атрофимиз Ўзбекистон. Сарвақининг юқори қисмидан чегарачилар тушиб келган. Келишиб, халқ билан учрашибди, тепа маҳалламизда битта хўжалик яшайди (суҳбатдошимиз бу ерда Ўзбекистон фуқаролари яшайдиган хўжаликни назарда тутмоқда - таҳр.). Улар келган пайтда ўша томонлик овчи бор-да, ўша каклик овлаб юрган экан. У Ҳамзаалининг уйига кирган-да, чегарачилардан яширинган. Кейин чегарачилар Ҳамзаалини излаб, унинг уйига кирган ва уни яшайдиган уйидан ушлаб, чиқариб кетишган, - деди аштлик Иқбол Нуриддинов.

Суҳбатдошимиз орадан шунча кун ўтганига қарамай, Ҳамзаалининг тақдири номаълумлигича қолаётганини айтади.

Иқбол Нуриддинов Ҳамзаалини озодликка чиқариш ёки ҳеч бўлмаса, у қайси жинояти учун олиб кетилганини аниқлаштириш учун Тожикистон куч ишлатар тизимларига ёзма равишда мурожаат ҳам қилибди.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шариф Назаровнинг билдиришича, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари аштлик Ҳамзаали Хидиров давлат чегарасини бузганлиги учун ушлаб кетилганини маълум қилганлар.

- Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, Хидиров Ҳамзаали аввалроқ бир неча марта давлат чегараларини ноқонуний бузганлиги учун ушлаб кетилган. Айни пайтда бу масала Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ўрганилмоқда, - дея билдирди Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шариф Назаров 10 январ куни журналистларга берган матбуот анжуманида.

Генерал Назаров, шунингдек, республика тегишли идораларининг Ўзбекистон томонига юборган расмий мактубида тожик фуқаросини қўйиб юбориш талаб қилинганини билдирди.

Сўғд вилоятининг Ашт туманига қарашли Сарвақи қишлоғи Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегараолди ҳудуди, аниқроғи Наманган вилоятининг Поп тумани қуршовида жойлашган.

Ўтган йили ҳам бу ҳудудда юзага келган бир можаро ортидан ўзбекистонлик чегарачилар бу маҳаллани Сўғд вилояти билан туташтирувчи ягона йўлга тўсиқ ўрнатган эди.

Аснода тожик расмийлари Ашт туманининг бу қишлоғи чегаралар делимитация ва демаркация қилинмаган нуқтада жойлашганини назарга олган ҳолда баҳсли ҳудуд саналишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG