Линклар

logo-print

Тожикистон президенти қариндоши Россия қамоғидан озод қилинди


Рустамнинг отаси Омонулло Ҳукумов президент Имомали Раҳмоннинг қудаси ва "Тожикистон темир йўллари" ширкатининг раисидир.

Рустамнинг отаси Омонулло Ҳукумов президент Имомали Раҳмоннинг қудаси ва "Тожикистон темир йўллари" ширкатининг раисидир.

Москва вилояти Шчёлково шаҳар суди томонидан 9 килограмм героин контрабандаси учун 9,5 йилга қамалган "Тожикистон темир йўллари" ширкати раиси Омонулло Ҳукумовнинг ўғли Рустам Ҳукумов озод этилди. Россия оммавий ахборот воситалари Рустам Ҳукумов Россия ва Тожикистон раҳбарияти ўртасидаги норасмий келишувга биноан рус учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденколарнинг озод қилиниши эвазига қамоқдан чиқарилганини иддао қилмоқда.


Маълум бўлишича, Москва вилоят суди Президиуми Рустам Ҳукумов ҳимоячиларининг назорат шикоятини қондириш ва Шчёлково шаҳар суди олдинроқ чиқарган ҳукмни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни 28 декабр куни чиқарган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Москва вилоят суди маслаҳатчиси Ирина Царьковага кўра, суд Рустам Ҳукумовнинг 9 килограммдан ортиқроқ героин моддаси контрабандаси билан шуғулланган жиноий гуруҳга алоқаси йўқлигини аниқлаган.

- Ҳар ҳолда, адвокатнинг назорат шикояти қондирилди. Натижада уни тўлиқ оқлашди. Президиум аъзолари томонларни яна бир бор тинглаб, Ҳукумовга нисбатан чиқарилган ҳукм тахмин ва гумонларга асослангани, айбланувчининг айби тергов давомида исботланмагани тўғрисида хулоса чиқарди, дейди Москва вилоят суди расмийси.

Ирина Царькова Тожикистон президенти қариндоши бўлган Рустам Ҳукумов қачон қамоқдан чиққанини аниқлаштирмади. Лекин "Тожикистон темир йўллари" ширкати раҳбари Омонулло Ҳукумовнинг 24 ёшли ўғли Рустам 6 январ куни Тожикистонга етиб боргани айтилмоқда. У 9,5 йиллик қамоқ жазосининг 2,5 йилини ўтаган эди.

Рустам Ҳукумов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қудаси, айни пайтда Тожикистон темир йўллари раҳбари Омонулло Ҳукумовнинг ўғлидир. Рустамнинг укаси Зубайд Ҳукумов эса, Имомали Раҳмоннинг куёви экани маълум.

Бироқ Тожикистоннинг Москвадаги элчиси Абдулмажид Дўстиев Раҳмон ва Ҳукумовлар оилалари орасида қариндошчилик алоқалари борлигини расман рад этди.

Душанбеда Президент лицейи ва Техника университетини битириб Россия фуқаролигини олган Рустамга отаси Подмосковьедан ҳовли уй олиб бергани айтилади.

24 ёшли Рустам Ҳукумов уч нафар шериги билан 2008 йилнинг июнида Шчёлково туманидаги Свердловский шаҳарчасида 9,3 килограмм қора дори билан қўлга олинган. 2010 сентябрда Шчёлково шаҳар суди Рустамни ва унинг шерикларини наркотиклар ноқонуний савдосида айбдор деб топди ва уларга 8,5 йилдан 9,5 йилгача қамоқ жазоси тайинлади.

Рустам Ҳукумовнинг иши 2011 йилнинг ноябрида Қўрғонтепада “Ролкан Инвестмент ЛТД” авиакомпаниясининг икки нафар учувчиси Владимир Садовничий ва Алексей Руденконинг 8,5 йилга қамалиши ортидан Россия ва Тожикистон ўртасида юзага келган жиддий можаро пайтида яна кун тартибига чиқди.

Учувчилар иши Россиядан юзлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг депортация қилинишига сабаб бўлган эди. Бундан ташқари, россиялик айрим нуфузли амалдорлар Тожикистонга нисбатан виза чекловларини жорий қилиш масаласини кўтарди.

Россиянинг босими остида 22 ноябр куни Россия фуқароси Владимир Садовничий ва эстониялик Алексей Руденко ишини қайта кўриб чиққан Хатлон вилоят коллегия суди вилоят прокуратураси эътирозини қабул қилди ва амнистия қўллаш билан икки рус учувчисини суд залидан озод қилди.

Ўшанда Россия Оммавий ахборот воситаларида “рус учувчилари” ишини Рустам Ҳукумовни озодликка чиқариш учун Тожикистон ҳукумати томонидан қилинган ҳаракат, деган тахминлар илгари сурилди.

2010 йилнинг 14 декабрида Ҳукумовннинг кассация аризасини рад этиб қарорни ўз кучида қолдирган Москва вилоят суди рус учувчилари озод қилинишидан бир ой ўтиб Президиум қарори билан Рустамни мутлақо айбсиз эканини аниқлади ва озод қилди.

Рустам Ҳукумов ҳимояси билан шуғулланиб келган адвокат Константин Рибалов Озодлик билан суҳбатда Ҳукумовнинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқлигига бошидан ишониб келгани ва Рустамнинг озодликка чиқишида сиёсий сабаблар йўқлигини гапирди.

- Рустам ҳозир озодликда, қонуний қарорга биноан Душанбега қайтди, жиноий иш тўхтатилди. Биз “учувчилар иши” бошланмасидан олдин шикоят аризалари билан бир неча марта мурожаат қилганмиз, бизга рад жавоби берилган эди. Ниҳоят, ҳақиқат қарор топди. Бу ишни сиёсийлаштириш керак эмас. Бу ишлар шунчаки бир вақтда содир бўлгани тасодифдир. Мен расман айтишим мумкинки, менга четдан бирор босим бўлмаган. Рустам бу йигитлар билан тасодифан бир жойда бўлиб қолган, уларнинг наркотиклар билан шуғулланишини билмаган. Тергов давомида унинг наркотикларга ҳатто билвосита алоқаси борлиги ҳам аниқланмади, деди адвокат Константин Рибалов.

Адвокат Рибалов бу иш юзасидан қамалган яна уч нафар Тожикистон фуқаролари – Фаридун Сангинов, Фарҳод Афғонов ва Музаффар Алиевлага нисбатан суд ўз қарорини ўзгаришсиз қолдирганини қўшимча қилди.

“Известия” газетасининг хабар қилишича, Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати (ФСКН) ходимлари суднинг Рустамга нисбатан чиқарган қароридан норози эканини билдирган. Улар Ҳукумовнинг айбини исботловчи етарли материал тўпланганини маълум қилган.

Айни пайтда, Тожикистонга қайтган Рустам Ҳукумов уни жавобгарликка тортиб унга нисбатан жиноий иш сохталаштирган шахсларни жавобгарликка тортиш ва 2,5 йил ноқонуний ҳибсда сақлангани учун Россия ҳукуматидан товон ундириш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG