Линклар

logo-print

Марказий Банк: Пул жўнатмалари валютада берилади

  • Садриддин Ашур

Меҳнат муҳожирлари пул юборишда Western Union каби тизимлар хизматидан фойдаланади.

Меҳнат муҳожирлари пул юборишда Western Union каби тизимлар хизматидан фойдаланади.

Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмалари расмий курс бўйича ўзбек сўмига айлантирилиб, фақат сўмда берилади, деган хабарни Ўзбекистон Марказий банки инкор қилмоқда.


"Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмалари Марказий Банкнинг ўша кунги курсига биноан ўзбек сўмида берилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарор лойиҳасини Марказий Банк тайёрлади", деган хабар Uzmetronom.com Интернет газетасида пайдо бўлди. Хабар банк тизимларида ишлайдиган манбага таяниб тарқатди.

Бироқ, Ўзбекистон Марказий Банки мулозими Озодлик билан ўзаро суҳбатда бу хабарни кескин рад этди.

Исмини ошкор этмаган Ўзбекистон Марказий банки расмийсига кўра, хориждаги меҳнат муҳожирларининг хавотирланишига ҳеч қандай ҳожат йўқ.

"Бу мутлақо асоссиз хабар. Ўтган йили ҳам шунақа гап-сўз тарқалган эди. Мижоз жўнатган пул унинг хусусий мулки. Сизнинг мулкингизни қандай қилиб банк ўзлаштириб олади? Бу қонунга ҳам, халқаро нормаларга ҳам тўғри келмайди, бунга қонун йўл қўймайди",- дея таъкидлади Марказий банкнинг ўзини таништирмаган ходими.

Хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмаларининг асосий қисми Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади.

Россия Марказий Банки маълумотларига кўра, ўтган йили меҳнат муҳожирлари Россиядан Ўзбекистонга 6-7 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилади. Хусусан, 2011 йилнинг учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари тизимлари орқали 1 миллиард 507 миллион доллар ўтказилган.

Бундан ташқари, Жанубий Корея, Европа давлатлари, АҚШ, МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги меҳнат муҳожирларидан ҳам ҳар йили Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказилиши тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG