Линклар

Ўзбек жаз мусиқаси асосчиларидан бири оламдан ўтди

  • Абдулла Искандар

Евгений Живаев.

Евгений Живаев.

Саксофон ва флейтани най ва чанг овозига омуҳта қилиб Ботир Зокиров қўшиқларини жарангдор қилган дрижер ва бастакор Евгений Живаев 75 ёшида вафот этди.


Ўзбекистонда жаз мусиқаси яратилиш жараëнидаги йирик арбоб, дрижер ва бастакор Евгений Живаев душанба куни Тошкентда дафн қилинди.

Ўтган ҳафтада 75 ёшида оламдан ўтган Евгений Живаев умрининг охиригача “Ўзбекистон” жаз оркестрига дрижерлик қилиб келди.

Ботир Зокиров, Муҳаббат Шамаева, Раъно Шарипова, Мансур Тошматов ижросидаги қўшиқларнинг машхурлигини таъминлаган шахс айнан Евгений Живаев эди, деб эслайди Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси, профессор Рустам Абдуллаев.

Суҳбатдошга кўра, Живаевнинг ўзбек жаз мусиқасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, унинг Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада симфоник оркестрига раҳбарлик қилганида, айниқса, улкан бўлган.

Телерадиокомпанияда ишлар экан, Живаев, Раъно Шарипова, Мансур Тошматов, Ботир Зокиров ва Муҳаббат Шамаева ижросидаги қўшиқларни радио “олтин ҳазинаси” учун ëзиб қолдириш ташаббуси билан чиққан.

Бу ташаббус боис ўзбек эстрада-жаз мусиқасининг олтмишинчи-саксонинчи йиллардаги ижроси, келажак авлодлар учун сақлаб қолинди.

Душанба куни Живаевнинг Тошкентдаги дафн маросимида гапирган Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров Евгений Живаевни буюк ўзбек мусиқачиларининг "Сўнгги Могикани" деб атади.

Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси, таниқли бастакор профессор Рустам Абдуллаев, Живаев ўлгани билан у яратган ўзбек симфоник, жаз мусиқа мактаби тирик эканидан қониқиш билдирди.

Қуйида Рустам Абдуллаев билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.



Евгений Живаев Ўзбекистонда жаз мусиқаси кашшофларидан бири эди.

XIX аср охирида Африка ва Европа мусиқаси синтези ўлароқ вужудга келган жаз жанри (инглиз тилида Jazz) Марказий Осиëда Ўзбекистонда совет даврида ривожлангани кузатилди.

Москва ва Ленинграддан кейин Тошкентда ташкил қилинган Мюзик Ҳолл 70-йилларнинг охирларида ўзбек жаз мусиқаси учун саҳна бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG