Линклар

logo-print

Ўзбек президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани айтиладиган Twitter фойдаланувчиси қирғизистонлик фаол твиттерчилар билан баҳсга киришди.


Қизғин "твит" баҳси ва икки томонлама айбловларга бой бўлган мулоқот асосан Ўш воқеалари ва миллатчилик хақида бўлди.

Баҳснинг бошланиши


8 январда бошланиб, икки кун давом этган баҳсга қирғизистонлик Twitter фойдаланувчиларининг Гулнора Каримова саҳифасига нисбатан шубҳаси сабаб бўлди.

Дастлаб Мақсат Дамир Ўғли (@MaksatD) номли "твиттерчи" Ўзбекистон президенти қизига тегишлилиги айтилаётган Twitter саҳифаси ортида чиндан ҳам Гулнора Каримованинг ўзи турганлигини аниқлаш мақсадида мана бундай "твит" қолдирди:

- @GulnaraKarimova атиги 25 кишини ўқир (follow) экан ва уларнинг барчаси Россиядан :) Ўқигани Ўзбекистондан хеч ким йўқмиди?, - деб савол берди @MaksatD.

Ўз шаьнига ёзилган "твит"ларга жавоб беришни одат қилган @GulnaraKarimova’га @MaksatD’нинг ёзгани ёқмади шекилли, икки "твиттерчи" кўз очиб юмгунча қизғин баҳсга киришди. Узоқ давом этган баҳс сўнггида ўзини Каримова деб атаётган "твиттерчи" Максатни миллатчиликда айблади.

"Ёш тўлқин" (Озодликнинг ёшлар дастури - таҳр.) тахририяти асли бишкеклик 26 ёшли Максат Дамир Ўғли билан боғланиб, унинг президент қизига берган саволи хақида сўради.

- Мени @GulnaraKarimova саҳифасида чиндан ҳам Ўзбекистон президентининг қизи ўзи ёзяптими, йўқми, деган савол қизиқтираётган эди, холос. Менинг саволим ёқмади шекилли, у киши мени бирпасда миллатчига чиқарди. Менимча бу киши чиндан хам Гулнора Каримова эмас,- дейди @GulnaraKarimova саҳифасини шубҳа остига олган "твиттерчи" Максат Дамир Ўғли.

@GulnaraKarimova чиндан ҳам Гулнора Каримовами?


@GulnaraKarimova саҳифасидан парча.

@GulnaraKarimova саҳифасидан парча.

Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримовага тегишли экани иддао қилиниётган Twitter саҳифаси очилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан саҳифа тез-тез янгиланиб туради ва бугунги кунга келиб уч мингдан зиёд издошига (follower) эга.

Бу саҳифа чиндан ҳам Гулнора Каримовага тегишли эканига ишора қилувчи қатор омиллар бор. Хусусан, саҳифада асосан Каримованинг шахсий ҳаётига ва иш фаолиятига оид "твит"лар, яьни хабарлар чоп этилади. Президент қизининг мода оламидаги фаолияти ва у етакчилик қиладиган Фонд Форум жамғармасига оид "твит"лар шулардандир.

@GulnaraKarimova саҳифаси Ўзбекистон президенти қизига тегишли экани мустақил равишда тасдиқланмаган бўлсада, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Гулнора Каримова бу саҳифанинг ўзига тегишли эмаслигини эълон қилгани ҳам йўқ.

@GulnaraKarimova қирғизстонликларни миллатчиликда айблади


Twitter саҳифасида бир неча қирғизистонлик билан баҳслашган @GulnaraKarimova қирғизситонлик этник қирғизларни миллатчиликда ва 2010 йилда рўй бўлган Ўш воқеалари пайтида шафқатсизлик қилганликда айблади.

- Яхшироқ яшаганлар ортидан таёқ кўтариб югургандан кўра, ўзингиздан гина қилсангиз яхши бўлар эди...

Ўз ички муаммоларингизни жанубда ҳар доим меҳнат билан кун кўрган ва шу туфайли яхши ҳаёт кечирадиган кишилар устига ағдардингиз.

Бу кин-адоват доим бўлган, ҳасад ҳам... тарихан шунақа бўлиб келган… ана шундайларга ачиниш керак аслида... мен қизилқия шаҳри яқинида ўсганман… у пайтда бунақа миллий адоват йўқ эди… уйлар ёнма-ён турарди... аммо унда егулик бугунгидек фақат Москва кўчаларини супураётганларнинг уйидагина эмас, ҳамманинг уйида бор эди... ўзаро ҳурмат ҳам бор эди... Ва оламнинг киндиги бўйича валломат мутахассислар, дунё фуқаролари ҳам йўқ эди... балки бинойидай қирғизлар бор эди!

Энди эса автомат билан завод ёки компанияни ва шунга ўхшаш жойларни босиб олиш мумкин бўлган, иш ўринлари йўқ бўлган мамлакатда ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб ётибди... ана шунақа фожеа! Яна бунақа фожеа ҳақида ҳазил-мазах билан гапирадиганлар ҳам топилаяпти!!!, - деб ёзди ўзини Гулнора Каримова дея таништирган @GulnaraKarimova бир нечта "твитда" (1, 2, 3, 4, 5, 6).

"Отам ва синглимдан бошқа қариндошларим ҳам бор"


Баҳс қизғин паллага чиқганда қирғизстонлик твиттерчи Улан (@kanTulan) интернет нашрларида чоп этилган Каримовлар оиласига оид мақолаларга "линк"ларни @GulnaraKarimova’га узата бошлади.

Улан узатган "линк"ларнинг биринчиси Нью Йоркда ўтган мода ҳафталигидан Гулнора Каримованинг ҳайдалгани, иккинчиси эса Лола Каримованинг "диктаторнинг қизи" эканлиги хақида эди.

Бунга жавобан @GulnaraKarimova шудай ёзди:

- Афтидан, freekg’да (Қирғизстон твиттерчиларига ишора - таҳр.) тирноқ остидан кир қидирадиган қолоқ оммани нафақат мен ва менинг отам, балки менинг синглим ҳам қизиқтирар экан... Мени бошқа қариндошларим ҳам бор... кўп..., - дея жавоб берди иккита "твит"да @GulnaraKarimova (1, 2).


Президент қизининг тарафдорлари кўплиги маълум бўлди


Твиттерчи @GulnaraKarimova нинг қирғизистонлик микро-блоггерлар билан баҳси давомида Каримова тарафини олганлар ҳам кўп бўлди. Уларнинг аксар қисми @GulnaraKarimova га қирғизстонлик твиттерчиларга эьтибор бермасликни тавсия қилди.

- Сиз ажойибсиз... бу ерни касал инсонлар босиб олган... сиз эса бунга эьтибор ҳам бермайсиз :) ахир бу зўр-ку?! Раҳмат, - деб ёзди твиттерчи @sukhrob_kenjaev.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG