Линклар

Бувиларига қолган болалар


Болаларини ташлаб ўзга юртларга ишга чиқиб кетган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил қилади.

Болаларини ташлаб ўзга юртларга ишга чиқиб кетган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил қилади.

Миллионлаб ўзбекистонликлар Россияда, Қозоғистон, Европадавлатлари ва бошқа ўлкаларга мардикорликка чиқиб кетган. Кўплаб ўзбек болалар ота-онасиз ўсишмоқда. Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, вилоятда ота-она тарбиясидан мосуво қолган болалар сони йил сайин ортиб бормоқда.


Хоразм вилоятининг маъмурий маркази Урганчдан 10 километр наридаги Ғойбу қишлоғида оиласида кимдир четга мардикорликка кетмаган хонадонни кам учратасиз.

Деярли ҳар бир хонадонда кимдир Россияда, яна кимдир Қозоғистонда мардикорликда. Иши юришганлари Европа ва Жанубий Кореяда. Уйда қолганлар эса асосан аёллар, қариялар,ота-онасиз ўсаётган болалардир.

Кўпларининг ота-онлари хориждалиги сабаб, болалар ота-она тарбисисиз ўсишмоқда. Турмуш ўртоғини, отасини йилда ва ё икки-уч йилда бир кўрадиган аёллар ва болаларни деярли ҳар бир оилада учратасиз.

Ғойбу қишлоғида яшовчи 58 яшар Зулҳумор опанинг икки ўғли ва келини тўрт йилдан буён Россияда. У киши тўрт набираси тарбиясини ўз зиммасига олган.

- Тақдир шу экан, лекин бувиси ҳам ёмон тарбия бермаяпти. Қайтанга яхшироқ ҳам. Бировни боласидай қарар экансиз, касал бўлишса қўрқиб-қўрқиб қарар экансиз, ҳудди омонатдай,- дейди Зулҳумор опа.

Хоразмнинг чеккароқ қишлоқларида Зулҳумор опага ўхшаган аёллар эҳтимолки мингларчадир. Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов, Ҳивадаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари.

- Аксарият оналар ва аёллар ўз фарзандлари, турмуш ўртоқларини ҳар йилда бир, баъзида икки-уч, баъзида беш-олти йилда бир мартагина кўришади,- дейди Ёқубов.

Хонқалик Назира опа тўрт фарзанднинг онаси. Ёши энди 50 дан ҳатлаган Назира опанинг турмуш ўртоғи Шариф етти йилдирки Россияда ишлайди.

Икки йилда бир марта чиқиш визасини узайтиргани ва шу баҳона болаларини кўргани ватанга қайтади. Фарзандлар эса деярли ота тарбиясисиз катта бўлишяпти.

Назира опа бундан кўп ҳам нолимайди.

- Энди нима қиламиз, Оллоҳнинг ёзгани шу экан, на илож. Ҳар ойда пул жўнатиб туради. Шу пулга фарзандларимизни, кийинтириб ўқитяпмиз, нима қиламиз, бошқаларникига ўхшаб ташлаб қўймаган, бирортасини топиб олмаган, - дейди Назира опа.

Россияга кетган ўзбек мардикорлари орасида бирортасини топиб олиш эса, тез тез учраб туради. Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси, Ҳивадаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов гапиради:

- Ҳозир Россияга кетганлар орасида ажрашиш кўпаймоқда. Телефон қилиб, бошқасини топдим, ажрашамиз деб, Россияда қолиб кетишяпти. Бу ерда қолган фарзандларига алимент ҳам юборишмайди ҳатто,- дейди хоразмлик ҳуқуқ фаоли.

Хоразм вилоятидаги бу манзарани Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кузатиш мумкин.

Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 26 ёшли Гулҳаёнинг турмуш ўртоғи Россиядан қайтмайди. Ундан келадиган пул ҳам узилган. Эри жўнатган пулларга тикланган уй ҳам бугун қаровсиз. Гулҳаё бугун фарзанди билан ёлғиз.

- Эрим Россиянинг Владивасток деган жойида. Бошқасини топиб кетди. Мен фарзандим билан битта ўзим қолиб кетдим,- дейди Гулҳаё.

Россиянинг Самара шаҳрида дурадгорлик қилиб ишлаб юрган наманганлик 40 яшар Бобуржон эса Ўзбекистонда қолган аёли ва икки фарзандини кўрмаганига етти йил бўлди.

Етти йилдирки Бобуржоннинг Намангандаги фарзандлари отасиз ўсишяпти.

- Етти йил бўлди фарзандларимни кўрмаганимга. Бу йил янги йилда бормоқчи эдим, бўлмади. Телефонда гаплашиб турамиз. Бир куни, пул жўнатганимда телефонда ўғлим билан гаплашсам, дада пул эмас, ўзингиз келганингиз яхши дейди. Мен Ўзбекистонга борсам, у ерда оч қоламиз, тўғриси,- дейди Бобуржон.

Лекин ўзбек меҳнат мухожирлари юбораётган пулларнинг бир қисми фаровонлик даражасининг, таълим-тарбиянинг ҳам яхшиланишига хизмат қилмоқда. Бобуржон Россияда ишлаб топган пулига фарзандларини ўқитишни мақсад қилган.

- Фарзандларим мендай Россияда хор бўлиб юрмасин деб, ўқитмоқчиман уларни,- дейди Бобуржон.

Бир неча йил аввал Россияда мардикор бўлиш бахт саналар, иш юришганлик белгиси саналарди.

Бугун эса қариялар дуога қўл кўтаришар экан бу кунлар тезроқ ўтиб кетиши, фарзандлари бағрига қайтишини илтижо қилишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG