Линклар

Санкт-Петербургда икки ўзбекистонлик одам ўғирлашда айбланмоқда


10 январ куни Санкт-Петербургда ўзбекистонлик 23 ёшли Замир Рахматов билан 20 ёшли Адҳам Мамазиёев одам ўғирлаш ва таъмагирликда айбланиб ҳибсга олинди.

Санкт-Петербург Тергов бошқармаси маълумотига кўра, Рахматов билан Мамазиёев ўтган йилнинг 28 ноябрида Ломоносов шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик 24 ёшли фуқаро уйига бостириб кириб, уни куч билан номаълум жойга олиб кетишган.

Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, Рахматов билан Мамазиёев ўз ҳамюртини уриб-дўппослаб, ундан 150 минг рубл (5000 АҚШ доллари) пул талаб қилишган.

Шундан сўнг уни номаълум бир квартирада бир ойдан зиёд вақт давомида қамаб қўйишган.

2011 йилнинг 30 декабр куни 24 ёшли ўзбекнинг танишлари уни пул тўлаш эвазига қутқаришга рози бўлишади.

Рахматов билан Мамазиёев ваъда қилинган пул эвазига ўз ҳамюртини “озод” қилаётган пайти полиция томонидан ушланади.

Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG