Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:20

Видеокамералар қийноқларнинг олдини ола биладими?


Қирғиз расмийлари қийноқларни олдини олиш мақсадида республикадаги қамоқхона ва ҳибсхоналарга видеокамералар ўрнатишга бел боғлади.

Бироқ маҳаллий ҳуқуқ фаоллари видеокамераларнинг ўрнатилиши қийноқларнинг олди олинишида самара бермаслигини билдирмоқдалар.

Бишкекдаги 47-қамоқхона маҳбуслари ҳуқуқ ҳимоячиларига тергов изоляторларида ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида маълумотларни беришди.

- Қийноқлар натижасида оқсаб юрадиган бўлиб қолдим. Икки оёғим қаттиқ оғрийди. Қамоқхонада сақланаётганларнинг 90-95 фоизига нисбатан қийноқ қўлланилган. Қийноқ системали кўриниш бўлиб қолди. Қилмаган жиноятингни ҳам қийноққа солиб тан олдириш анъанага айланган, - деди маҳбуслардан бири.

Қирғизистон қонунчилигида қийноқлар қўлланилган ҳолда айблари тан олдирилган маҳбуслар ишлари қайта терговга жўнатилиши ёки маҳбуслардан айблов олиб ташланиши белгиланган. Бироқ суд жараёнларида маҳбусларнинг қийноқларга солинганлари ҳақидаги билдирувлари эътиборга олинмайди. Айниқса Ўш қирғинида айбланиб узоқ муддатларга қамалган маҳбсулар жисмоний қийноқлардан ташқари руҳий қийноқларга солинганини айтишади.

- Милиция аввал укамни уйдан олиб чиқиб кетди. Икки соатдан кейин мени чақиртиришди. Борсам, укамни аёвсиз калтаклашиб, чалажон қилиб қўйишибди. Менга: “Агар жиноятни бўйнингга олмасанг, укангни шу ерда ўлдирамиз. Бир овулга олиб бориб, одамларни қўлига топшириб, қийнаб ўлдиртирамиз”, деб шарт қўйишди. Укамни қўйиб юборишлари эвазига мен қилмаган жиноятни зиммамга олдим. Ўш қирғинидан сўнг бир оиладан 2 одамни олиб чиқиб кетишиб, биттасини қийноқларга солиб, иккинчисига айбловни тан олдириш одат бўлиб қолди, - деди умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Мирзоҳид Солиев.

Қирғизистон ҳукумати маҳбусларга нисбатан қийноқларни қўллаш ҳолатлари кўпайганини тан олган ҳолда қийноқларга қарши кураш йўлларини изламоқда. Бош вазир Ўмурбек Бабанов қисқа муддатда Қирғизистондаги барча қамоқхона ва ҳибсхоналарга видеокамералар ўрнатиш тўғрисида кўрсатма берди. Бироқ ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова бундай тадбир қийноқларнинг олдини олишда натижа бермаслигини айтди:

- Ростини айтганда, вақтинча сақлаш изоляторларида қийноқ қўллаш ҳолатлари жуда камдан-кам бўлади. Қийноқлар асосан гумонланган шахсни қўлга олиш жараёнида, уни милиция бўлимига олиб кетаётганларида машина ичида ёки шаҳар ташқарисидаги одамлар йўқ жойларда қўлланилади. Шундан сўнг гумонланган одамни милицияга олиб келишади. Видекоамераларнинг ўрнатилиши маҳбусларнинг қийноққа солиниши ҳолатларини камайтиришига ишонмайман, - дейди Азиза Абдурасулова.

Чуй вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бақитбек Жусубалиев эса қийноқ ҳолатларини йўқотиш учун ҳукумат ҳуқуқ-тартибот тизимида ислоҳот ўтказиши зарур, деб ҳисоблайди:
- Қийноқларнинг қўлланилишига ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги режалаштириш сиёсати сабаб бўлмоқда. Ички ишлар бўлимларига “Мана шунча жиноят фош этилсин”, деган режа берилади. Милициянинг иши мана шу режа бажарилгани ёки бажарилмагани билан баҳоланади. Бундай сиёсатга барҳам берилмагунича қийноқлар масаласида ижобий ўзгаришлар бўлишига ишониш қийин, - деди Бақитбек Жусубалиев.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, 2011 йилда маҳбусларга қийноқ қўллаш ҳолати бўйича 44 та жиноят иши очилган. Мазкур ишлардан фақат 21 таси судгача етиб борган.
XS
SM
MD
LG