Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Гуантанамо қамоғи очилганига 10 йил тўлди


Гуантанамо тутқунлари орасида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳам бор эди.
Гуантанамо тутқунлари орасида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳам бор эди.

11 январ куни Кубанинг Гуантанамо қўлтиғида жойлашган АҚШ ҳарбий базасидаги қамоқхона очилганига 10 йил тўлди. Террорчиликда гумон қилинаётганлар учун мўлжалланган ва маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллангани билан боғлиқ мунозарали тарихга эга бу ҳибсхонани ёпиш тўғрисида президент Барак Обама уч йил аввал буйруқ берган.


Гуантанамога 2002 йилнинг 11 январида илк маҳбуслар олиб келинганидан бери бу қамоқхона панжараси ортида жами 779 тутқин ушлаб турилди. Улар орасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди.

3 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган 2001 йил 11 сентябр террор хуружида айбланган Ал-Қойда гуруҳини йўқ қилиш мақсадида Америка етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонга бостириб киргач, АҚШ собиқ президенти Жорж Буш етакчилигидаги ҳукумат Кубанинг Гуантанамо қўлтиғида жойлашган АҚШ ҳарбий базасида қамоқхона ташкил қилди.

Ўн йил аввал очилган бу қамоқхона Ал-Қойда, Толибон ва АҚШ террорчи деб ҳисоблайдиган бошқа гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни сақлаш ва сўроқ қилиш учун мўлжалланган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги Гуантанамода жойлшаган ҳибсхона АҚШ юрисдикцияси доирасидан ташқарига чиқиши мумкин, дея ҳисоблаб келган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Гуантанамода инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганига оид айбловларни илагари суриб, қамоқхонани ёпмай келаётган Вашингтонни қоралаб келади.

Гуантанамо қамоғи очилганига 10 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

Марказий разведка бошқармаси маҳбусларни сўроқ қилишда “сувга чўктириш” усули ҳозирда ман этилган бўлса-да, ўтмишда бундай усул қўлланганини тан олган.

Танқидларга қарамасдан, Жорж Бушнинг ўзи ва унинг маъмурияти вакиллари Гуантанамо қамоқхонаси қиноқларга қарши Женева конвенциясига зид эмаслигини таъкидлаб келган.

Буш маъумриятининг мудофаа вазири Дональд Рамсфелд танқидларга жавобан бундай деган эди.

- У ерда (Гуантанамода) мавжуд вазият масъулиятли, инсоний, мақбул, Женева конвенциясига мосдир. Маълум вақт ўтгач бунга ҳамма кўникиб қолади. Бунга шубҳа бўлмасин.

Президент Барак Обама 2009 йилда Жорж Буш ўрнига Оқ уйга келгач, қисқача “Гитмо” деб аталадиган қамоқхонани 2010 йил январигача ёпишни буюрган эди.

- АҚШ Конституцияси ва қонунларига кўра менга берилган президентлик ваколати доирасида имзолаётганим бу биринчи қарор, Гуантанамода Мудофаа вазирлиги сақлаётган шахсларни тегишли тарзда бошқа жойларга ўтказиш мақсадида ҳамда Гуантанамодаги қамоқхонани миллий хавфсизлик, ташқи сиёсат ва адолат манфаатларига мос равишда ёпишни буюраман. Бу қарорни имзолаётганимни улар кўришларини истар эдим, деган эди Обама 2009 йилнинг бошида.

Бироқ Обама президент сифатида имзолаган илк буйруғини бажариш муддати ўтиб кетди.

Халқаро майдонда кескин танқидларга учраган бу қаомқхонада террорчиликда гумонланган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди. Аммо Обаманинг бу базани ëпиш учун ëрдам сўраб Европадаги иттифоқчиларига қилган мурожаати ортидан бу тўртовлон ҳам террор билан боғлиқ айбловлардан тозаланди ва Европадан бошпана топди.

Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардан дастлабки иккитасига Ирландия, учинчисига Швейцария, тўртинчисига эса Латвия ҳукумати бошпана берди.

Гуантанамода сақланган жами 779 маҳбусдан бугун 171 нафари ҳамон қамоқда қолмоқда. Улардан 11 нафари қамоқнинг илк маҳбусларидандир.

Ҳозирда қамоқда қолаётганларнинг 97 нафари яманликдир. Бу мамлакатда Ал-Қойда базалари борлиги ва у ердаги таҳликали вазият боис маҳбусларни Яманга топширишга мораторий жорий қилинган.

2009 йилда Саудия Арабистони эълон қилган энг қидирилаётган 85 террорчи рўйхатидан 11 нафари Гуантанамода экани аниқланган. Шундан кейин улар Саудияга юборилиб ҳукуматнинг маҳсус реабилитация дастуридан ўтгач, Яманга қочиб ўтиб яна Ал-Қойда сафларига қўшилган эди.

Қамоқхона очилгани 10 йиллги муносабати билан Amnesty International ташкилоти махсус ҳисобот эълон қилиб, Обама маъмуриятининг “Гитмо”ни ёпиш ваъдасини бажармаганини инсон ҳуқуқлари учун “заҳарли мерос” дея атади.
XS
SM
MD
LG