Линклар

Қодиржон Ботировнинг суди яна қолдирилди

  • Шерзод

Қодиржон Ботировга нисбатан Жалолобод шаҳар суди умрбод қамоқ жазосини белгилаб, сиртдан ҳукм ўқиган эди.

Қодиржон Ботировга нисбатан Жалолобод шаҳар суди умрбод қамоқ жазосини белгилаб, сиртдан ҳукм ўқиган эди.

Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган Қодиржон Ботировнинг аппеляция аризаси юзасидан маҳкама жараёни бешинчи марта қолдирилди.

Жалолобод вилоят судида апелляция тарзида Қодирджон Ботиров ва собиқ депутат Иномжон Абдурасуловга нисбатан сиртдан ўтказилаётган маҳкаманинг навбатдаги мажлиси 11 январ куни бошланди. Бунгача маҳкама тўрт марта қолдирилган эди. Аммо 11 январ куни ўтказилган суд жараёни ҳам узоққа чўзилмади. Бир неча гувоҳ ва жабрланувчи суд томонидан сўроқ қилингач, маҳкама 20 январга қолдирилди. Бунга суд жараёнига асосий гувоҳларнинг келмагани сабаб қилиб кўрсатилди.

Жалолобод вилоят суди коллегияси раиси Амангелди Мўлдўбаев гувоҳлар ва жабрланувчиларни судга мажбурий тарзда олиб келиш тўғрисида қарор чиқарди.

- Қонунчиликка риоя қилган ҳолда жабрланувчилар, гувоҳлар, оқловчи ва қораловчи томоннинг кўрсатмалари ва далилларини диққат билан ўрганиб, кейин ҳукм чиқаришимиз керак. Шунинг учун барча гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатма бермагунларича, суд жараёнини якунлай олмаймиз, -деди Амангелди Мўлдўбаев.

Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасулов Жалолобод шаҳар суди томонидан ўзларига берилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмига норозилик сифатида юқори суд инстанциясига адвокатлари орқали аппеляция аризасини топширган эдилар. Жалолобод вилоят суди коллегияси раиси берган маълумотга кўра, апелляция аризасини кўриб чиқиш юзасидан суд жараёни 4 декабрда бошланган. Шу кунгача 60 жабрланувчининг 13 нафари, 203 гувоҳнинг 57 нафари судда кўрсатма берган.

Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасулов айни пайтда қочқинликда бўлганлари учун уларга нисбатан суд жараёни сиртдан ўтказилмоқда. Улар апелляция аризаларини ўз адвокатлари орқали судга топширганлар.

Қирғизистон парламентининг Ўш воқеалари юзасидан ўтган йилнинг июл ойида чиқарган сиёсий қарорида Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги бир қатор ўзбек лидерлари 2010 йил июн қирғинининг асосий айбдорлари ва ташкилотчилари сифатида тилга олинган. Ҳали суд ҳукми чиқарилмасидан аввал парламент томонидан бундай қарорнинг қабул қилинишини маҳаллий ҳуқуқ фаоллари судларга берилган сиёсий буюртма сифатида баҳолайдилар.

Қодиржон Ботировнинг адвокати Рашид Музаффаров эса ўз ҳимоясидаги одамга бир ёқлама айбловлар билдирилганини айтмоқда:

- Мазкур жиноят ишида жуда кўп шубҳали жойлар бор. Масалан, тергов ўта бир ёқлама ва қоралаш руҳида олиб борилган ҳамда бу бир ёқламалик айтайин қилингани сезилиб қолган. Бундан ташқари Қодиржон Ботировнинг оммавий чиқишларида миллатлараро низо қўзғаш чақириғи бўлган ёки бўлмагани экспертиза қилинмаган. Айблов қуруқ иддаолар асосига қурилган, -деди Рашид Музаффаров.

Айни пайтда хориж давлатларидан биридан сиёсий бошпана топган Қодиржон Ботиров Озодлик радиосига берган суҳбатларида ўзига нисбатан айблов соҳталаштирлиганини ва айбсизлигини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG