Линклар

Ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаевнинг навбатдаги жангида рақиби маълум бўлди. Энг оғир вазн тоифасидаги собиқ Жаҳон чемпиони Чагаев шу ой охирида тринидад-ва-тобаголик рақиби Кертсон Менсуэллга қарши рингга тушади.


33 ёшли Руслан Чагаев ва Кертсон Менсуэлл ўртасидаги жанг 28 январ куни Германия шимоли-ғарбидаги Ҳамбург шаҳрида бўлади.

Русланнинг тринидад-ва-тобаголик 35 яшар рақиби жами 25 жанг ўтказган, 22 тасида ғалаба қозонган. 2009 йилда у бокс бўйича энг оғир вазнда Тринидад ва Тобаго чемпиони бўлган эди.

Бу Руслан Чагаевнинг ўтган йил август ойида россиялик Александр Поветкинга мағлуб бўлганидан кейинги илк жанги бўлади.

Чагаевага ҳомийлик қиладиган Германиядаги Universum Box-Promotion ширкати вакили Валдемар Клюҳ, ўтган ой Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзбек боксчиси яқин фурсатда яна рингга тушиши ва жанг яқин кунларда бўлишини айтган эди.

- Биз Русланга яна бир имкон бермоқчимиз ва уни жаҳон чемпионлиги учун жангга тавсия этамиз. Ўйлаймизки, Руслан чемпионлик камарини қайтариб олиш учун ҳали кўп нарсага қодир,- деган эди Клюҳ.

Руслан Чагаев шу йилнинг 27 август куни Германиянинг Эрфурт шаҳрида россиялик рақиби Александр Поветкинга фақат очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Ўзбекистонлик боксчи бу жангидан қониқмагани ва рингда бор имкониятини ишга солишга муваффақ бўлмаганини айтганди.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлганди.

Руслан Чагаев бир неча йилдан буён Ҳамбургдаги Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Ҳар икки қўли билан кучли зарба бериш қобилиятига эга бўлгани учун Руслан Чагаев профессионал бокс оламида "Оқ Тайсон" лақабини олган.

Поветкин билан жангда мағлубияти ортидан Озодлик радиосига берган интервюсида Руслан Чагаев мухлисларидан кечирим сўраган ва яна катта рингга тушишини ваъда қилган эди.

- Бу мен учун охирги жанг эмас. Худо хоҳласа, яна жанг бўлади ва чемпионлик шоҳсупасига яна қайтаман,- деган эди Руслан Чагаев.

Ўзбекистонда эса ҳукумат назоратидаги матбуотнинг Руслан Чагаев ҳақида гапирмай қўйганига анча бўлган.

Чагаевнинг 2010 йили австралиялик Кали Миҳан устидан ғалабаси ҳам, Поветкин билан бўлган жангги ҳам ўзбек матбуотида тилга олинмади.

Маҳаллий аҳоли орасида "Чагаев Ўзбекистондан бутунлай кетиб қолган ва Германия фуқаролигини олган" деган гап-сўзлар тарқалган.

Руслан Чагаевнинг ўзи эса Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаганини айтади. У ҳали ҳам барча жангларда Ўзбекистон байроғи остида рингга чиқади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG