Линклар

Ўзбекистон Қозоғистон электр тармоқларидан ўзбошимчалик билан шартномада назарда тутилмаган электр энергиясини олгани учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида товон тўлайди. Айни пайтда, Қозоғистон энергетиклари Марказий Осиё Бирлашган Энерготизимини тарк этиш режалари ҳозирча кечиктирилганини айтмоқда.


2011 йилнинг 26-29 декабр кунлари Тошкентда Қозоғистоннинг “KEGOC” Акциядорлик жамияти ва “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Қозоғистон энерготармоғидан ноқонуний тарзда электр энергиясини ўзлаштиргани масаласи муҳокама этилди.

"KEGOC" тарқатган маълумотга кўра, куз-қиш мавсуми бошланганидан буён Ўзбекистон Қозоғистоннинг энергетика тизимидан шартномада назарда тутилмаган ҳамда аниқ айтиб бўлмайдиган ҳажмда элктр қувватини ола бошлаган: 20 декабргача шартномадан ташқари олинган энергия ҳажми 215 млн квт соатга етган.

Икки мамлакат энергетиклари ўртасидаги келишув натижалари тўғрисида Озодликка қўшимча маълумот берган Қозоғистон энергетика тармоқларини бошқарувчи ширкат – “KEGOC” матбуот котиби Марат Мухамедсалиев “Ўзбекэнерго” 3 ой давомида режадан ташқари олинган электр қуввати учун ҳисоб-китоб қилишга розилик берганини гапиради.

- Бу 15 миллион доллар 2011 йилнинг октябр ойидан 31 декабргача бўлган муддат давомида олинган электр қуввати учун берилади. Режадан ортиқча ҳажмда энергия ўзлаштириш ҳолати, айниқса, октябрда - электр қуввати истеъмоли авжга чиққан пайтда кузатилган. Бунинг оқибатида, Россия билан транзит линияларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари тўхтаб қолди, дейди Марат Мухамедсалиев.

“KEGOC” расмийсининг фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бундай вазиятнинг юзага келишига икки мамлакат ўртасида энерготармоқларнинг ўзаро муносабатларини расмийлаштирадиган ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлиги сабаб бўлган.

“Мисол учун, Россия билан бу соҳани назорат қилувчи учта шартнома – параллел фаолият юритиш, хизмат кўрсатиш ва транзит масалаларига доир ҳужжатлар имзоланган ва ҳар бир киловатт ҳисобга олинган”, дея давом этади Марат Мухамедсалиев.

- Ўзбеклар билан эса бундай икки тарафлама шартномаларимиз ҳозирга қадар бўлмаган. Шундан фойдаланиб, у томонда шартномада кўрсатилганидан ортиқча ҳажмда электр қуввати “ўғирланган”. Тўғриси, бу том маънодаги ўғирлик ҳам эмас. Бизнинг тилимизда бу “шартномада назарда тутилмаган электр энергиясининг ўзлаштирилиши” дейилади. Чунки Тошкентнинг ўзида Марказий Осиё Бирлашган Энерготизими қошида махсус тузилган Мувофиқлаштирувчи Диспетчерлик Марказида у ёки бу ёққа кетаётган ҳар бир киловатт энергияси ҳисобга олинади, дейди Қозоғистоннинг энергетика тармоқларини бошқариш компанияси расмийси.

Марат Мухамедсалиев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ўз газини деярли тўлиқ экспорта жўнатаётгани боис охирги пайтларда электр энергияси генерацияси масаласида жиддий муаммоларга дуч келаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг электр энергиясини санкциясиз ўзлаштириб келгани Қозоғистонни ҳатто Марказий Осиё Бирлашган Энерготизимидан чиқишга қарор қилганига сабаб бўлган. Бироқ, декабр охирларида имзоланган икки томонлама келишув қўшни мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этган ва Қозоғистон Марказий Осиё Бирлашган Энергосистемасидан чиқиш жараёнини номаълум вақтгача тўхтатиб туришга рози бўлган.

- Биз бирлашган парралел режимда Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ишлашни давом этяпмиз. Ахир қўшнилар билан параллел тизимда ишлаш анча ишончли ва қулайроқдир. Ўзбекистонга ҳам бошқалардан ажралган ҳолатда ишлаш жуда ноқулайдир, чунки биргаликда ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетиш имконияти мавжуд, дейди “KEGOC” матбуот котиби Марат Мухамедсалиев.

Мустақилликдан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари собиқ иттифоқдан қолган ягона энергетик тизимни сақлаб қолишга қарор қилган бўлса-да, йиллар ўтиб минтақа ҳукуматлари бу масалада имкон қадар бир-бировига қарам бўлмаслик йўлларини қидиришга киришдилар. 2003 йилда Туркманистон бу тизимдан чиққанини билдирди, 2009 йил охирига келиб Ўзбекистон ҳам айни шундай қарорга келганини эълон қилди.

Аммо узоқ сўзлашувлардан сўнг, Ўзбекистон бу тизимда қолди. Унинг ўрнига Ўзбекистон электр қувватини “шартномада кўзда тутилмаган тарзда ўзлаштириб келган” Тожикистон Марказий Осиё Бирлашган Энерготизимидан чиқарилди.

2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ягона тизимни сақлаб қолиш, айни пайтда параллел режимда ишлаш ҳақида келишиб олди.
XS
SM
MD
LG