Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:31

Тожик таҳлилчилари Ўзбекистон билан алоқа ўнгланиши бўйича некбин эмаслар


Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказининг Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий тараққиёт бўлими раиси Абдунаби Сатторзода.
Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказининг Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий тараққиёт бўлими раиси Абдунаби Сатторзода.

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази масъуллари Душанбе ва Тошкент алоқаларининг келажакда ижобий томонга ўзгаришига унча ишонмайдилар.

Тожикистон ҳукумат расмийлари қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларини имкон қадар яхшилаш борасида зарур тадбирларни ишга солаётган бир паллада айрим тожик мулозимлари Ўзбекистон билан алоқалар бундан буён янада ёмонлашишини ва Тожикистон бунга шай бўлиб туришини таъкидламоқдалар.

- Ўзбекистон билан муносабатларимиз баъзи журналистлар айтаётгани каби сўнгги икки ой ичида эмас, балки анча вақтдан бери ёмонлашган. Келгусида муносабатларимиз бундан ҳам совуқлашади, ёмонлашади. Тожикистон ҳали бирор марта Ўзбекистон зиёнига иш тутгани йўқ. Лекин Ўзбекистон минтақада яккаҳоким бўлишни истайди. Яъни ҳамма бу мамлакат давлат раҳбарининг оғзига қараб иш тутишини истайди. Афсуски, Тожикистоннинг мустақиллиги ва унинг ривожини ҳамма ҳам самимий қабул қилмаяпти, - деди жумладан 12 январ куни Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази масъулларидан бири Абдунаби Сатторзода.

Мазкур идоранинг олти ойлик иш фаолиятига бағишлаб ўтказилган бугунги матбуот анжуманида марказ масъуллари ва экспертларига журналистлар томонидан берилган саволларнинг қарийб 60 фоизи фақат Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларига бағишланди.

Журналистларнинг “икки қўшни давлат алоқаларининг ёмонлашиши иккала призидент шахсий муносабатларига боғлиқлиги ҳақиқатми?” деган саволига жавоб берар экан, тожик мулозими Сатторзода Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шу пайтгача нафақат Имомали Раҳмон, балки минтақа президентларидан бирортаси билан ҳам яхши муносабат ўрната олмаганини таъкидлади.

Аснода Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъули Зафаржон Раҳимжонов фикрича, Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказининг Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий тараққиёт бўлими раиси Абдунаби Сатторзоданинг бундай фикр билдириши Тожикистон ҳукумати юргизаётган ташқи сиёсатга мутлақо зиддир.

- Тожикистон расмийсининг бундай фикр билдириши Тожикистон ҳукуматининг қўшниси Ўзбекистон билан муносабатларини конструктив ҳамкорлик руҳида ривожлантиришга йўналтирилган мақсад ва вазифаларига тўғри келмайди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқача сиёсат юргизади, айрим мулозимлар эса мутлақо бунга зид фикрларни айтади, - деди ўзбек дипломати Раҳимжонов.

Суҳбатдошимиз Тожикистонда фаолият кўрсатаётган ўзбек дипломатлари, хусусан, элчи Шоқосим Шоисломов тожикистонлик журналистлар ишидан ҳам норози эканини қўшимча қилди.

Зафаржон Раҳимжонов фикрича, кўпинча тожикистонлик журналистлар бўлаётган воқеа-ҳодисаларни реал ёритмайди. Аксинча, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида пайдо бўлаётган оддийгина баҳсларга ҳам сиёсий тус беришга уринади ва “бундан сенсация яратади”.

Ўзбек дипломати Раҳимжонов, жумладан, 11 январ куни “Азия плюс” ахборот агентлиги нашр қилган “Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон иқтисодиётига зиён етказади” номли мақолага ишора қилар экан, айнан шу мазмундаги мақолалар ўзбек-тожик муносабатларининг баттар ёмонлашишига туртки бўлаётганини таъкидлади.

Тожикистон журналистлар уюшмаси раиси Акбарали Сатторов Ўзбекистон элчихонаси расмийларининг гапида жон борлигини айтди.

- Ҳар бир нашр ва ҳар бир журналист ўз ақидаси, мавқеига эга. Лекин гап давлатлараро алоқалар тўғрисида борганда журналист албатта журналистика этикасига қатъий риоя қилиши, яъни ҳар бир воқеа-ҳодисани тўғри ва асосли далиллар билан таҳлил қилиб бериши шарт. Лекин, афсуски, айрим журналистларимиз бу ердан туриб, Ўзбекистон ёки Россия ҳақида оғзига келган гапни айтаяпти. Менимча, бу мутлақо нотўғри, - дейди Акбарали Сатторов.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, 11 январ куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари ҳам маҳаллий журналистлардан айримларини вазирликка даъват этиб, айниқса Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари ҳамда иккала давлат ўртасида мавжуд муаммоларни жуда эҳтиёткорлик билан ёритишни тавсия қилган.
XS
SM
MD
LG