Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:39

Туркман ўқитувчисининг номзоди рад этилди


Туркманистонда мактаб ўқитувчисининг президентликка номзодлик аризаси сайлов комиссияси расмийлари тарафидан рад этилган.


Бу ҳақда Озодлик радиосига Айна Абаеванинг ўзи маълум қилди. Абаевага кўра, унинг номзодини Фуқаролик жамияти ҳаракати деб аталувчи ноҳукумат ташкилоти қўллаб-қувватлаган.

Айна Абаева барча лозим ҳужжатларни тўплаб, ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан ўтган ой ўрталарида Ашхободдаги Марказий сайлов комиссиясига борганида комиссия расмийлари унга қулоқ солишни ҳам истамаганлар.

Туркманистон Сайлов комиссиясининг ўз исмини айтишни истамаган расмийларидан бири Абаеванинг номзодини илгари сурган ноҳукумат ташкилоти аввал расмий рўйхатдан ўтиши, ана ундан кейин бирон номзодни илгари суришга ҳақли эканини "Озодлик" радиосига маълум қилди.

40 ёшли Айна Абаева 12 февралда бўладиган президентлик сайловига номзодини илгари суриш аҳдидан ҳали ҳам қайтмаган.

У Туркманистон Бош прокуратураси ва Олий судига ҳам хат жўнатди, лекин жавоб олмади.

Энди у халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилмоқчи. 12 февралда ўтадиган сайловларда иқтидордаги президент Қурбонгули Бердумуҳаммедов билан саккиз номзод беллашади.

Туркман телевидениесининг хабарига кўра, Тошовуз вилояти ҳокими ҳамда ўрта бўғиндаги ҳокимият мулозимлари бўлган яна икки номзод аллақачон сайловларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишган.

Президент Қурбонгули Бердимуҳаммедов адолатли ва эркин сайловлар ўтказишга ваъда берган.

Мустақил Туркманистон тарихида ҳеч қачон эркин ва адолатли сайлов бўлмаган.

Мамлакат собиқ президент Ниёзов - Туркманбоши бошқаруви остида дунёдаги энг ёпиқ диктаторлик тузумларидан бири сифатида танилганди.

Аксарият кузатувчилар, ўтган 5 йил мобайнида Туркманбоши шахсига сиғиниш ўрнини Бердимуҳаммедов шахсига сиғиниш эгаллаб бораётганига эътибор қаратишади.
XS
SM
MD
LG