Линклар

Ишлаëтган юртидан қатъий назар¸ аксар ўзбек муҳожирлари орасида бугунга келиб ўзига хос касалликлар рўйхати шаклланиб улгурган.


Заҳарли тутунга қорилган фаровонлик

Самарқандлик Бахтиëр ака қарийб 10 йилдан бери Жанубий Кореядаги пластик қутилар ишлаб чиқарувчи заводда ишайди. Бу ерга келиб биринчи орттирганим умуртқа поғонасидаги чурра (позвоночная грыжа) бўлди¸ дейди 40 яшар муҳожир.

Сабаби эса:

- Ҳам оғир кўтарасиз¸ ҳам кун узун оëқда турасиз. Иккинчиси¸ ошқозон касали. Бу асосан ишхонанинг ҳидидан. Кейин корейсларнинг овқати бизга тўғри келмаганидан¸ буларники жуда аччиқ. Агар заводга кириб¸ ëнингизга оқ бир нарсани қўйиб ишдан чиқиш вақтингизда олсангиз¸ устига қора қопланади заҳарли тутунлардан. Бу ичга кетганидан кейин¸ ошқозон нима бўлади. Кўзга зарари бор¸ мен ҳам кўзимни операция қилдирдим¸ дейди Кореяга келганидан бери фақат ана шу токсик тутунга тўла заводда ишлаëтган Бахтиëр ака.

Ҳозирга қадар на Ўзбекистон ва на Корея ҳукуматлари Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонига оид аниқ рақамларни эълон қилган эмас. Норасмий манбаларга кўра¸ бу рақам ҳозирга келиб бир неча юз мингни ташкил қилиши мумкин. Ўзбекистонлик муҳожирларнинг аксари кореяликларнинг ўзи соғлиғи узун зарарли бўлгани боис ишлашни истамаган кимë саноатида¸ деярли бир хил оғир шароитда ишлаëтгани боис¸ улар орасидаги дардлар ҳам уйқашдир¸ дейди Бахтиëр ака.

- Мен билганим эркаклар орасида энг кўп позвоночная грыжа¸ аëллар ўртасида ҳар хил гинекологик дардлар. Эркаклар кўп оғир кўтаришдан¸ аëллар нам ва совуқ бетонда узоқ туриб қолишдан шунақа дард орттираяпти. Мен билганим шу¸ дейди 10 йилдан бери Кореяда платик маҳсулотлар чиқарувчи заводдан бошқасини кўрмай яшаб келаëтган Бахтиëр ака.

Россияда Биринчи!

Расмий маълумотларга кўра¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми Россияда ва ҳозирда мамлакатда 5 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир борлиги тахмин қилинади.

Қозондаги "Новый век" тиббиëт-хайрия жамияти меҳнат муҳожирларини расмий рухсатнома учун шарт қилиб қўйилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан шуғулланиб келади. Жамият раҳбари¸ медицина фанлари доктори Лилия Таишеванинг ўз кузатишларидан келиб чиқиб Озодликка айтишича¸ 2008 йилдан бери ўзбекистонликлар Россиядаги меҳнат муҳожирлари рўйхатида сон жиҳатдан биринчи ўринда тургани боис¸ турли касалликлар рўйхатида ҳам биринчиликни эгаллаб келмоқда.

Бу касалликлар орасида энг кўп тарқалгани эса:

- Ўзбек муҳожирлари орасида¸ қолган МДҲ муҳожирлари каби¸ энг кўп тарқалган касаллик бу жинсий йўл орқали тарқаладиган сифилис¸ гонореа¸ трихимониаз ва хламидиоз каби таносил касалликларидир. Иккинчи ўринда¸ сил касали ва учинчи ўринда ВИЧ – ОИТВ (Орттирилган иммун тақчиллиги вируси) инфекцияларидир¸ дейди йиллар давомида Россиядаги муҳожирлар саломатлиги билан боғлиқ вазиятни бевосита кузатиб келаëтган россиялик мутахассис.

“Россия қонунчилигига кўра¸ меҳнат муҳожири ишлаш ҳаққини олиш учун тиббий кўрикдан ўтказилади ва бу муаммолар ана шу биз ўтказадиган кўриклар давомида аниқланмоқда. Учала касаллик ҳам ижтимоий жиҳатдан хавфли саналгани боис¸ биринчи ва иккинчи гуруҳга оид касаллар дарҳол даволанади¸ учинчи гуруҳ – ОИТВга йўлиққанлар дарҳол Россия ҳудудидан депортация қилинади”¸ дейди меҳнат муҳожирларини тиббий кўрикдан ўтказиш ва муолажа қилиш билан шуғулланувчи ташкилот раҳбари.

Ўз соғлиғига ўзи бефарқлар

Россиялик мутахассисга кўра¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксари бу касалликларни ўз ватанида орттирган бўлса-да¸ бундан фақат Россиядаги тиббий кўрик пайтидаги хабар топади. Биз ўзимиз ўтказган сўров натижасида¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 41 фоизи ОИТВ нинг қандай юқишидан бехабар эканини аниқладик. Бу эса¸ ўзбекистонликлар орасида тиббий маърифат¸ айниқса жинсий аъзолар саломатлигига оид маърифатнинг ўта ночор эканини кўрсатади¸ дейди россиялик мутахассис.

Россиянинг шимолий Владивосток минтақасида йиллардан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қонунан ишга жойлаштириш билан шуғулланиб келаëтган ширкат эгаси Феруза Лилия Таишева фикрларини тасдиқлайди.

"Ўзбекистонликларнинг кўпи Россияга келгунича жиддий дард орттирган бўлади¸ бу ерда оғир шароитларда ишлаб-яшаш¸ пала-партиш жинсий алоқалар¸ бу муаммоларни кучайтирмай қолмайди¸ дейди бу кузатувчи.

- Бу ерга келиб ичкиликка берилганлар кўп¸ жуда кўп. Хотини уйида қолиб¸ бошқаларга илакишиб юрганлар жуда кўп. Илашволиб туриб¸ билиб-билмай туриб алоқа қилиб юрганидан кейин бўлади шунақа касалликлар.

Дўхтирга олиб борсангиз¸ қочиб юришади адресини ўзгартириб. Нимага қочдинг¸ десангиз¸ “Йўқ опа¸ бўлмайди¸ қўни-қўшним¸ қариндош-уруғим бор бу ерда¸ мен нима деган одам бўламан”¸ дейди. Сен индамасан бориб¸ аноним шаклда анализ топшириб¸ даволан¸ десангиз¸ унамайди. Бунинг касофатига¸ эрини йилида бир марта кўрадими¸ йўқми¸ бечора хотин қолади¸ дейди йиллардан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ишга жойлаштириш билан шуғулланиб келаëтган Ферузахон.

Муҳожирнинг бирламчи хос касали - буйрак хасталиги

Хоразмлик уролог олим¸ профессор Суҳбат Абдулла бугун ўзбек муҳожирларининг 8 миллионга яқин экани тахмин қилинадиган улкан армияси ичида¸ қайси давлатда ишлаëтганидан қатъий назар¸ энг кўп учрайдиган муаммо айнан ўз соҳасига оид эканини айтади:

- Муҳожирлар орасида энг кўп тарқалган муаммо урология соҳасида¸ турли хил буйрак хасталикларидир. Ўзбекистон мўътадил иқлимли иссиқ ва қуруқ ўлка бўлгани учун бу ердан Россия ва бошқа совуқ иқлимли юртларга кетиб ишлаëтганларнинг¸ биринчи ўринда¸ айнан иқлим ўзгаришидан буйраги зарарланмоқда. Шунинг учун муҳожирлар орасида биринчи ўринда буйрак шамоллаши энг кўп учрайди. Муҳожирларнинг 95 фоизи буйрагидан дард топиб келаяпти¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.

Ëш ўзбек йигитининг янги дарди

Ўзбекистондан меҳнат муҳожиратига кетаëтганларнинг 90-92 фоизи эркаклар бўлгани учун муҳожирликда орттирилаëтган дарднинг иккинчиси соф эркакларга хосдир¸ деб давом этади Суҳбат Абдулла.

- Эркаклар орасида энг кўп тарқалгани жинсий ожизлик¸ импотенциядир. Бу муаммо йилдан-йилга ëшариб бораяпти. Бу дард муҳожират билан бевосита боғлиқ нарса. Агар ўзбек йигитлари хорижга чиқмаганида Ўзбекистонда Хитойдаги каби демографик портлаш юз берган бўларди.

Хориждаги оғир шароитлардаги ҳам жисмоний¸ ҳам психологик зўриқиш бунинг асосий сабабидир. Тарихан бизда эректил импотенция жуда кам учраган. Ҳозир оддий ҳолга айланиб¸ ҳозир импотенциянинг ўртача ëши 40 дан 24 га тушиб қолди¸ дер экан Суҳбат Абдулла бугун ўз соғлиғи¸ кучи ва вақтини хориждаги оғир ишларда пул топишга сарфлаëтган ўзбек йигитлари эрта бир кун ўз жинсий потенциясини тиклаш учун ниҳоятда қиммат муолажага мажбур қолажагини қайд қилади.

Марафон бошланган¸ финиш чизиғидан дарак йўқ

Ўзбек муҳожирларининг аксари пул топиш учун соғлиғига жиддий путур еткизаëтганини ўзи ҳам билади¸ аммо узоқ марафонга чиққан одам каби¸ улар болам-чақам¸ уларнинг эртаси деб¸ йиқилиб қолгунича чопишга¸ ишлашга¸ пул топишга маҳкум¸ дейди Жанубий Кореяда 10 йилдан бери ватанни¸ болаларини кўрмай меҳнат қилаëтган Бахтиëр ака.

- Даволанишга¸ дўхтирга боришга шароит қани? Дўхтирга борсак ишни ким қилади. Корейс иш берувчисига ҳадеб касал бўлаверсангиз ëқмайди¸ икки марта дўхтирга борсангиз¸ учинчисида жавобингизни бериб юборади. Шунга оғриқларга чидаб¸ индамай юрибмиз.

Ëшим 40 бўлгани билан¸ организмни текшириб кўрсангиз¸ 60 га кирган бобойники билан бир бўлса керак. Мияни текширмай қўяверинг! Мияни уйга боргандан кейин касалхонага ëтиб текширтиришга тўғри келади. Мияда нима бўларди¸ шу соғинч гапида! Кечқурунлари уйқудан уйғониб кетасиз¸ фарзандларингизни соғинасиз. Тушларингизга киради. Муҳожиратдаги энг оғир дард бу соғинч! дейди 18 яшар қизи ва 14 яшар ўғлини сўнгги бор 10 йил аввал кўриб бағрига босган Бахтиëр ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG