Линклар

Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ёшидаги йигитлар учун йиллик чақирув эълон қилинди. Айни пайтда армияга бориш истагида бўлганларнинг ҳам, ҳарбий хизматдан қолишни хоҳлаётганларнинг ҳам ҳаракатга тушганлиги кузатилади.


12 январ куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат фуқароларини муддатли ҳарбий ҳизматга чақириш ва ҳарбий ҳизматни ўтаб бўлган аскар-зобитларни захирага юбориш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Айни фармонига асосан муддатли харбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар Ўзбекистон қуролли кучлари захирасига бўшатилиб, чақирув ёшидаги фуқароларни жорий йилнинг феврал ва март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақириш бошланади.

Президент фармонига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга чақирув феврал-март ойларида амалга оширилади.

Ўзбекистонда армияда хизмат қилиш ёши, яъни 18 га етган ва ҳарбий хизматга лаёқатли фуқаролар чақирилади.

Ўзбекистон президентининг фармонига мувофиқ, 2009 йилдан бошлаб йигитларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш йилига бир марта - феврал-март ойларида амалга оширилади.

Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар март-апрел ойларида уйига қайтади.

Айни пайтда армияга бориш истагида бўлганларнинг ҳам, ҳарбий хизматдан қолишни хоҳлаётганларнинг ҳам ҳаракатга тушганлиги кузатилади.

Хоразмлик 18 яшар Муҳаммад ҳарбий хизмат ёшида. У армия сафида хизмат қилишни истамайди.

- У ерда аҳвол мен хоҳлагандай эмас. Буни хизмат қилиб келганлардан эшитдим. Овқатланишдан тортиб яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон деб эшитдим. Тўғриси, боргим йўқ,- дейди Муҳаммад.

Ўзбекистонда шаҳарлик ёшларга нисбатан қишлоқ йигитлари орасида ҳарбий хизматга иштиёқ кучлилиги кузатилади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларида ишлаш учун айнан муддатли ҳарбий хизматни ўташ шартлиги бу қизиқишга сабаб бўлаётгани маълум.

- Ҳозир жуда кўп давлат корхоналарига армияда хизмат қилмаган бўлса олишмаяпти. Шунинг учун кўп ëш йигитлар ҳозир армияга боришга мажбур бўлишаяпти,- дейди қашқадарёлик 56 яшар Шерназар ака.

Айни пайтда ҳарбий чақириқ пайти таъмагирлик ва порахўрлик авж олиши ҳар йили кузатилади.

Кимдир ўғлини армиядан олиб қолиш учун, кимдир эса аксинча, армияга олишлари учун амалдорларнинг кўнглини овлашга ҳаракат қилади.

Сафарбарлик чақирув резервидаги хизмат учун эса хизмат ўтовчи йигитлар давлат ҳисобига энг кам иш ҳақининг 25 баробари (бир яриммиллион сўмдан ортиқроқ) миқдорида ҳақ тўлаш лозим бўлади.

Энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдорида ҳақ тўлангач, бир ой хизмат қилиб, ҳарбий гувоҳнома олиш мумкин.

Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида 48 минг аскар-зобит ҳизмат қилади.
XS
SM
MD
LG