Линклар

Икки ёшга етмаган болалар ҳам темир-терсак "йиғмоқда"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бугун ҳатто ногиронлар ёки болалар нафақасини олиш ҳуқуқи ҳам сотилади.

Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бугун ҳатто ногиронлар ёки болалар нафақасини олиш ҳуқуқи ҳам сотилади.

Самарқанд вилояти Оқдарё, Пойариқ туманларида икки ёшгача бўлган болалар нафақаларидан темир-терсак учун ҳар ойда уч-тўрт минг сўмдан товон ушлаб қолинмоқда. Жомбой туманида эса ҳатто ота-онаси ногирон бўлган болалар нафақасини расмийлаштириш учун пора талаб қилмоқдалар.


"Бола нафақасидан темир-терсакка"


Оқдарё туманининг икки ёшга етмаган чақалоқлари ҳам умумхалқ ҳашаридан четда қолмасин учун "металлолом йиғишга” киришганга ўхшайди.

Ўзбекистонда йил бўйи давом этадиган темир-терсак йиғиш эстафетаси энди ўқитувчию мактаб ўқувчиларидан бешикдаги болалар зиммасига ўтди, дейди оқдарёлик аёл:

- Ҳар ойда 16 ёшгача бўлган болалар нафақасидан уч минг сўмдан, 2 ёшгача бўлган болалардан эса 4 минг сўмдан олиб қолади, металлолом учун,- дейди исми сир қолишини сўраган бу аёл.

Бир яшар боласига берилаётган нафақадан ажралиб қолиш хавотири боис суҳбатдош исми сир ва аниқ манзили сир қолишини истади. Зеро, унга кўра, аслида қонун бўйича болаларига тегишли бу нафақани ҳам порасиз олишнинг иложи йўқ:

- Мен икки фарзандимга 16 ёшгача ва бир фарзандимга 2 ёшгача нафақа олишим керак. Кам таъминланган оиламиз. Ўтган йилнинг май ойида мен фуқаролар йиғинига бордим. Котиб мендан пора сўради. 270 минг сўм берсанг ҳам икки ёшгача, ҳам 16 ёшгача чиқариб бераман, деди. Ноилож қарз олиб 270 минг сўмни ўзим санаб бердим,- деди исми сир қолишини сўраган оқдарёлик бу аёл.

"Болалар ҳақига хиёнат одатий ҳол бўлиб қолди"


Қишлоқ ва маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва котибларининг болалар нафақалари ҳисобидан “тирикчилик” қилиши, Самарқанд вилоятидаги бошқа туманларга ҳам хос ҳолат бўлиб қолган кўринади.

Жомбой туманида яшовчи Нуриддин Комилов гапиради:

- Бу гапларнинг ҳаммаси тўппа-тўғри. Бу бор гап. Бу одат бўлиб қолди. Бизда ҳам болалар нафақаларини расмийлаштириш учун бир ойлик нафақани раислар ва котиблар ўзларига олиб қолишади. Агар бола сони кўп бўлса устига 100 доллардангача пул олишади,- дейди Нуриддин Комилов.

Суҳбатдошга кўра, бу нафақалар кам таъминланган оилалар учун ҳукумат бюджетидан берилаётган ёрдам бўлсада, камбағаллар қолиб бой оилаларга берилмоқда:

- Бу кам таъминланган оилалар учун. Бироқ, аксинча бўляпти. Маҳалла раислари ва котиблари камбағал оилаларга бериш ўрнига, оғзи катта, бой, тагида Ласетти, Нексия мошинаси бор одамларнинг оилаларига беряпти. Бунда назорат деган нарсани ўзи қолмади. Бу очиқдан очиқ талончилик, бу давлат маблағини ўғирлаб ейиш,- дейди Нуриддин Комилов.

"Ўзим ногирон, эрим ногирон, яна пора сўрашяпти"


Нуриддин Комиловнинг айтишича, маҳалла раислари ва котиблари ҳатто ҳеч қаерда ишлай олмайдиган, ногирон ота-оналардан ҳам пора талаб қилмоқда.

Шундай ногирон оналардан бирини биз Жомбой туманининг Саричашма фуқаролар йиғинидан топдик. Қизил юлдуз қишлоғида яшовчи Нигора Бердиназарованинг айтишича у болаликдан ногирон, икки оёғи яхши ишламайди, ўтирса биров турғизиб қўяди. Эри Элмурод Тожиев ҳам ногирон, одамларнинг енгил ишларини бажариб, мардикорлик қилади. Нигора уч нафар боласининг нафақаси учун пора талаб қилишаётганини айтади:

- Саричашма қишлоқ фуқаролар йиғини котиби Нодиров Улуғбекка мурожаат этдим, болаларимга нафақа чиқариш учун. Менга айтдики аввал 60 минг сўм берсангиз, тўғирлаб бераман деди, бундан ташқари биринчи нафақани биз олиб қоламиз, деди. Шунга ҳам рози эдим, лекин нима қилай, шу 60 минг сўмни болаларимдан орттира олмаяпман, - дейди Нигора Бердиназарова.

Расмийлар нафақага хиёнатни рад этмоқда


Жомбой туманининг “Маҳалла” жамғармаси раиси ўринбосари Ғофир Раҳматов Озодлик билан суҳбатда, маҳаллаларда болалар нафақаси учун оммавий равишда пора талаб қилинаётганига оид гапларни рад этди. Бироқ раис ўринбосарига кўра, “курмаксиз гуруч бўлмайди, битта-яримта шундай ҳолат бўлиши мумкин”. Ғофир Раҳматов Нигора Бердиназарова айтган фактларни текшириб кўриб, жавоб беришни ваъда қилди.

Пойариқ тумани “Маҳалла” жамғармаси раиси Сайдулла Бойзақов эса болалар нафақаларидан темир-терсак учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақидаги хабарни кескин рад этди:

- Ким олибди, бунақа нарса ҳеч қаерда йўқ. Тўғри темир-терсак йиғиш учун топшириқ бор, лекин болалар нафақасидан пул олиш деган нарса йўқ,- деди Пойариқ тумани “Маҳалла” жамғармаси раиси Сайдулла Бойзақов.

Ўзбекистонда кам таъминланган оилалардаги икки ёшгача бўлган ҳар бир болага 94 минг сўм, 16 ёшгача бўлган бола учун 31минг сўм нафақа белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG