Линклар

logo-print
15 январ, якшанба куни Қозоғистонда парламент сайлови ўтказилади.

2011 йил кеч кузида мамлакат парламентининг қуйи палатаси – Мажлис тарқатиб юборилганидан сўнг муддатидан аввал ўтказилаётган мазкур сайлов бир партиялиликка барҳам бериб, кўппартиявийликка йўл очади, демоқдалар.

Бироқ, афтидан, реал мухолифатнинг янги парламент сафига кириб қолишини кутишга ҳожат йўқ.

Қозоғистон парламентининг тарқатиб юборилган қуйи палатасидаги 107 ўриннинг ҳаммасини президент Назарбоевнинг Нур Отан партияси эгаллаб келган эди.

Янги чақириқ парламенти таркибига камида икки сиёсий гуруҳ киражаги тўғрисида ўтган йил ноябрида президент берган ваъда демократик ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини таъкидлаб келаётган ғарблик ва маҳаллий танқидчиларда умид пайдо қилди.

Бироқ эркин ва адолатли сайловлар ўтказилгани қайд этилмаган, матбуот минбари йўли тор ҳамда янги сайлов кампанияси учун икки ойгина муддат ажратилган шароитда президентнинг асл танқидчилари янги Мажлисда қанчадир депутатлик ўрнини эгаллаши реал имконияти ўта оздир.

Сайловга “Нур Отан”, “Ак Жол”, “Айил”, Социал-демократик, “Ватанпарварлар” ҳамда Коммунистик халқ партиялари иштирок этмоқда.

Бу партиялар орасида биргина Социал-демократик партия президентга ройиш эмас партиядир.

“Нур Отан” ҳамда ўта президентпараст “Ак Жўл”нинг сайловда яхши натижаларга эришишини ҳозирданоқ башорат қилишмоқда. Мухолифатчилар эса, ўзларига ҳокимият томонидан систематик тарзда босим бўлаётганини, жараёндан четлатишга уринишаётганини таъкидламоқдалар.

Ҳукумат “Олға” партиясини расмий қайддан ўтказмаган. Коммунистик партиянинг (Коммунистик халқ партияси билан адаштирманг) фаолиятини октябр ойида 6 ойга тўхтатиб қўйган.

“Руҳоният” экологик партиясининг қайди эса “сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузган”, деган баҳона билан тўхтатиб қўйилган. Бу партияга жазо унинг лидери Жанаўзендаги тартибсизликлар учун ҳукуматни кескин танқид қилганидан сўнг қўлланилди.

Сайловга 5 кун қолганида Социал-демократик партия лидери Булат Абилов ҳамда таниқли журналист Гулжан Ергалиевалар Сайлов комиссияси талаби билан партиянинг депутатликка номзодлар рўйхатидан чиқариб юборилди. Бунга асос қилиб кўрсатилган сабаб – тақдим этганлари декларацияда уларнинг мол-мулки тўлиқ кўрсатилмагани тўғрисидаги айбловни иккалови инкор этмоқда.

Алматилик ҳуқуқшунос Сергей Уткиннинг фикрича, ҳукуматга ройиш бўлмаган партиялар ёки айрим сиёсатчиларнинг сайловга қўйилмаслиги билан масала ҳал бўлди, иштирок этишга рухсат этилганлар сайловчиларнинг реал овозини ола билади, дегани эмас.

Вазиятни шарҳлар экан, Уткин бундай деди:
-Ҳаммамиз биламизки, сайлов натижаларини қуйида – овоз бериш участкаларида белгиламайдилар. Натижалар юқоридан туширилади. Бошқача сайловни бизникилар билмайди ҳам. Барибир натиажалар сохталаштирилади.

15 январ куни бўладиган сайловда ўзларининг партиявий рўйхатлари билан иштирок этаётган 7 та партия Мажлисдаги 107 та ўриннинг 98 таси учун курашади. Қолган 9 ўринни эгаллайдиган депутатлар Қозоғистон халқи қурултойи томонидан сайланади.

15 январ куни, шунингдек, маҳаллий кенгашлар –Маслаҳатлар депутатлари ҳам сайланади.

Умумий аҳолиси 16, 6 млн киши бўлган Қозоғистонда сайлаш ҳуқуқига эга 9 млн дан зиёд фуқаро бор.
XS
SM
MD
LG