Линклар

logo-print

12 январ куни Москвада тожикистонлик таниқли мухолифатчи, журналист Додожон Атовуллоев пичоқлаб кетилди. 13 январ куни Москва полицияси суйиқасдда гумон қилинаётган Тожикистон фуқаросини ҳибсга олганини эълон қилди.


12 январ куни кечки пайт Москванинг Комсомолская проспектидаги "Viaggio" ресторани ёнида тожик мухолифати етакчиси, “Чароғи рўз” газетаси муҳаррири 56 ёшли Додожон Атовуллоев номаълум шахс томонида қорнига икки марта пичоқланди.

Жароҳатланган Атовуллоев оғир аҳволда Склифософский институтининг реанимация бўлимига олиб кетилди.

Жума куни шифокорлар Атовуллоевнинг жигарида жарроҳлик амалиёти ўтказиб, унинг аҳволи бирмунча яхшиланганини маълум қилдилар.

Додожон Атовуллоевнинг куёви Доро Озодлик мухбири билан суҳбатда мухолифатчининг аҳволи барқарорлашганини айтади.

- Ҳозир аҳволлари бирмунча дуруст. Даволовчи шифокори чиқиб, жарроҳлик амалиётидан яхши ўтганини билдирди. Бугун кечаси операция бўлган эдилар. Кеча кечқурунги ҳодиса тафсилотларини ўзимиз ҳам оммавий ахборот воситаларидан билдик, дейди Атовуллоевнинг куёви Доро.

Полициянинг маълум қилишича, Додожон Атовуллоевни кимдир кечки 9 ларда "Viaggio" ресторанига учрашувга таклиф қилган.

Мухолифатчи журналистнинг шахсий ҳайдовчиси Омонбой Додожон Атовуллоевга уюштирилган суиқасд тафсилотларини Озодликка гапириб берди.

- Кеча кечки пайт биз иккита жойга бориб келдик ва мен уни машинада уйи олдига ташлаб кетдим. Кейин менга полициядан қўнғироқ қилишди ва шундай-шундай воқеа рўй берганини атишди. Додожон ака кечки пайт ресторанда ўтирганларида кўринишидан бир осиёлик йигит яқинлашибди. Уни кўриб Атовуллоев сўрашгани келяпти, деб уйлаган ва сўрашишга қўл узатган. Шунда бу йигитча бирданига қўйнидан пичоқ чиқариб, у кишининг қорнига урган, дейди Омонбой.

Ҳозирда Склифосовский шифохонасида бемор ёнида ўтирган Омонбойнинг сўзларига кўра, пичоқ Атовуллоевнинг жигарига теккан ва у кўп қон йўқотган. “Бироқ ҳозир аҳволлари бироз мўътадиллашди”, деди Омонбой.

13 январ куни Москванинг Марказий маъмурий округ Жиноят қидирув бўлими ўтказган тезкор-қидирув амалиёти натижасида бу жиноятни содир этганликда гумонланаётган 23 ёшли Тожикистон фуқароси Бахтиёр Раҳимбердиев ҳибсга олинди.

Полиция Раҳимбердиевнинг қўлида қон излари аниқлангани, бироқ айнан шу шахс Атовуллоевни пичоқлагани ҳақида хулоса чиқариш эрталигини айтмоқда.

13 январ кечга келиб Бахтиёр Раҳимбердиев бу жиноятга алоқаси йўқлиги исботланиб қўйиб юборилгани хабар қилинмоқда: полиция видеокамералардаги ёзувларни ўрганиб чиқиб, жиноятни бошқа шахс содир этганини аниқлади.

Тожикистонликлар Атовуллаевга ҳужумни қоралашди


Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси, республика Ёзувчилар уюшмаси ва Тожикистон Медиа-алянс ташкилоти 13 январ куни қабул қилган қўшма баёнотида журналист Додожон Атовуллоевга қилинган ҳужумни қоралади.

“Сўнгги йиллар Атовуллоев ўзини мухолиф сиёсатчи сифатида танитиб, сўз эркинлиги йўлидаги ҳуқуқларидан кенг фойдаланиб келди. Ҳозирча Атовуллоевга суиқасд унинг касбий фаолияти билан боғлиқми, йўқми номаълум, лекин ҳар қандай вазиятда ҳам унга нисбатан бундай ҳаракат жиноят ҳисобланади. Бу ишда қўли бор шахс албатта қонун доирасида жазоланиши лозим”, дейилган Тожикистон Медиа -алянс ташкилотининг баёнотида.

Бир гуруҳ тожикистонлик ва россиялик журналистлар ҳамда таҳлилчилар Додожон Атовуллоевга суиқасд Тожикистондаги айрим сиёсий доиралар бюртмаси эканини айтмоқда.

Интерфакс ахборот агентлиги ҳам Россия ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб, “Тожик мухолифати еткачиларидан бири, диссидент журналист Додожон Атоуллоевга қилинган ҳужум кимнингдир буюртмаси билан амалга оширилган бўлиши мумкин” лигини хабар қилади.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати расмийлари бу иддаолар асоссиз эканини айтмоқда.

- Биз журналистларга, ҳатто, у ўта радикал фикрда бўлса ҳам сабрлимиз. Додожон Атоуллоев бир мухолифатчи журналист сифатида Россияда фаолият юритади. У, бизингча, Тожикистон сиёсий ҳаётига таъсир ўтказа оладиган шахс эмас. Тожикистонда сиёсий ўзгариш қилишга қодир мухолифатчилар бор, лекин кўриб турибсизки улар соғ-саломат ишлаб юришибди. “Атоуллоевга суиқасд айнан Тожикистон буюртмаси билан бўлган”, деган Аркадий Дубновга ўхшаганлар иддаоси мутлақо асоссиз. Додожон фақат ўз атрофидаги айрим хорижий жосуслик хизматлари қўлида ўйинчоқ бўлди, холос,- деди Тожикистон парламенти депутати Суҳроб Шарипов.

"Ватандор" ҳаракати етакчиси Додожон Атовуллоев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган. Бир неча йил аввал у Тожикистонда кучайган таъқиблар боис Россиядан сиёсий бошпана олган.

Атовуллоев ўтган йили Россия ва Тожикистон ўртасида юзага келган “учувчилар иши” можаросининг асл сабаби сифатида президент Раҳмоннинг қариндоши Рустам Ҳукумовнинг қора дори савдосида айбланиб ҳибсга олингани билан боғлиқлиги тўғрисидаги версияни биринчилардан бўлиб илгари сурган эди.

Бу ҳодисаларнинг бири-бирига алоқадорлиги исботланмаган бўлсада, рус учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденколар Тожикистон суди томонидан озод этилишидан бир ой ўтиб, Россияда 9,5 йилга қамалган Рустам Ҳукумов Владимир вилоятидаги колониядан озод қилинган ва 6 январ куни Душанбега эсон-омон етиб борган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG