Линклар

logo-print

Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Аловиддин Ниёзов 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Собиқ прокурор коррупцияга оид жиноятларда айблангани айтилмоқда.


Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Аловиддин Ниёзовни 13 йилга қамоққа ҳукм қилгани ҳақида "Ҳаракат" нашри хабар қилди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Аловуддин Ниёзов устидан ҳукм янги йилнинг биринчи ҳафтасида эълон қилинган ва у коррупцияга оид жиноятларда айбланган:

- Аловуддин Ниёзов прокурор ўринбосари сифатида терговчиларга раҳбарлик қилган, кўп жиноий ишларга қўл қўйган. Кейинги йилларда коррупцияга қарши кураш кампанияси даврида у ҳам ишдан бўшатилган. Аловуддин Ниёзовга яқин бўлган манбаларнинг бизга айтишларича, у порахўрлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аловуддин Ниёзов ўтган йилнинг июн ойида ишдан бўшатилганидан сўнг Тошкентнинг Чуқурсой мавзесидаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Бундан уч йил олдин лаваозимидан четлаштирилиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Зиёвуддин Ниёзов собиқ прокурор ўринбосари Аловуддин Ниёзовнинг акаси бўлган.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Аловуддин Ниёзовнинг қайнотаси, “Адолат” партиясининг собиқ раиси, Тошкент Биринчи тиббиёт академияси ректори Турғунпўлат Даминов ҳам ишдан четлатилган:

- Аловуддин Ниёзов Ўзбекистонда таниқли бўлган тиббиёт олими Турғунпўлат Даминовнинг куёви эди. Аловуддин ва Зиёвуддин Ниёзовларнинг ишдан четлатилиши Турғунпўлат Даминовнинг карерасига ҳам салбий таъсир қилди, деган гаплар пайдо бўлган эди. Бу ҳақиқатга яқин, чунки бир йилдан бери Турғунпўлат Даминов сиёсий саҳнада ҳам, жамоатчилик орасида ҳам, оммавий ахборот воситаларида ҳам кўринмай қолди,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан Аловуддин Ниёзовнинг ишига оид қўшимча маълумотлар олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG