Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна иқтисодий эркинлик бостирилган мамлакатлар қаторида


2012 йилги Иқтисодий эркинлик харитаси.

2012 йилги Иқтисодий эркинлик харитаси.


АҚШдаги Heritage Foundation стратегик тадқиқотлар институти 2012 йилги иқтисодий эркинлик индексини эълон қилди. The Wall Street Journal газетаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва ўтган бир йил давомида кузатилган омилларга асосланиб тузилган рейтингда иқтисодий аҳволи баҳоланган 179 мамлакат орасида Ўзбекистон 164 ўринни эгаллади.

“Ўтган бир йил давомида жаҳонда иқтисодий эркинлик камайди. Жаҳон бўйлаб, айниқса, ривожланган давлатларда, ҳукумат назорати билан эркин бозор ўртасидаги зиддиятлар яққол кўзга ташланди. Иқтисодий эркинлик соҳасида аввалги йиллар давомида эришилган ютуқларнинг путури кетиб, ҳукуматларнинг орқа-олдига қарамасдан қилган харажатлари кўп ҳолларда иқтисодий эркинликка оид бошқа соҳалардаги ютуқларга соя солди”, дея бошланади бу йилги ҳисобот.

Ўзбекистон иқтисодий эркинликнинг аксар соҳаларида салбий натижаларни кўрсатишда давом этмоқда, дейилади Heritage Foundation ҳисоботида.

Ўзбекистон 45,8 балл билан бу йил ҳам 179 мамлакат ичида 164 ўринни эгаллаган. Бу ўтган йилги кўрсаткич билан бир хил бўлса-да, ҳукуматнинг самарасиз ҳаражатлари боис, Ўзбекистоннинг молиявий ва пул сиёсатидаги кичик натижаларининг бу мамлакат рейтингида ижобий таъсири сезилмаган. Ўзбекистон Осиё Тинч Океани минтақасидаги 41 мамлакат орасида 37 ўринни эгаллаган.

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинликлар борасида қолоқ давлатлардан бири деб ҳисобланиши ва пичоққа илингудай иқтисодий ривожланишга эриша олмаётганига бу мамлакатда самарали ислоҳотларнинг йўқлиги ва иқтисоднинг энергия секторига қарам бўлиб қолаётгани сабаб қилиб келтирилган.

“Энг муҳими хусусий мулкнинг яхши ҳимояланмагани ва кенг тарқалган коррупция, боз устига мустақил суд тизимининг йўқлиги иқтисодий эркинлик ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланишга ғов бўлмоқда”, дея хулоса қилади рейтинг муаллифлари.

Heritage Foundation ишлаб чиққан Иқтисодий эркинлик индекси тўрт (Қонун устуворлиги, Ҳукумат аралашуви чекланганлиги, Ҳуқуқий меъёрлар самараси, Очиқ бозор) бўлимга ажратилган ўнта омилга (хусусий мулк ҳуқуқи, коррупциядан эркинлик, пул сиёсати эркинлиги, ҳукумат ҳаражатлари, бизнес эркинлиги, меҳнат эркинлиги, валюта эркинлиги, савдо эркинлиги, сармоя эркинлиги, молиявий эркинлик) асосланган.

Қонун устуворлиги бўлимидаги хусусий мулк ҳуқуқлари бўйича 162, коррупциядан эркинлик омилига кўра эса 176 ўринни эгалланган Ўзбекистонда, Heritage Foundation тадқиқотчиларига кўра, маҳаллий ва марказий ҳокимият хусусий мулк ҳақини ҳурмат қилсада, фуқароларнинг мулки ҳукумат томонидан тортиб олиниши ёхуд бузилиши мумкин. "Суд жараёнлари халқаро стандартлардан жуда йироқ бўлиб, хусусий мулк ҳуқуқидан маҳрум бўлиш эҳтимоли юқоридир. Иқтисодининг кўплаб соҳаларида коррупция ҳамон кенг тарқалган."

Пул сиёсати эркинлиги ва бизнес эркинлиги омиллари бўйича кичик қадамлар қўйган бўлса-да, савдо эркинлиги, молиявий эркинлик, ҳукумат ҳаражатлари, коррупция ва мулк эркинлиги омиллари бўйича ортга чекинган Ўзбекистон, 2012 йилги рейтингда, иқтисодий эркинликлар мутлақ бостирилган малакатлар қаторида қолган.

Heritage Foundation тадқиқотчилари шунингдек, Ўзбекистонда яширин иқтисод жуда катта ва аҳоли аксар қисми учун даромаднинг асосий манбаси бўлиб қолмоқда.

Рўйхатда Ўзбекистон пастроқда Коморо ораллари, Чад, Туркманистон, Экваториал Гвинея, Шимолий Корея каби мамлакатлар қўйилган.

2012 йилн Иқтисодий эркинлик индексининг юқори поғоналарини Ҳонг-Конг, Сингапур, Австралия, Янги Зеландия ва Швейцария каби давлатлар эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG