Линклар

logo-print

Сиëсий эркинлик йўқлиги баробарида Ўзбекистонда иқтисодий эркинликнинг ҳам жиддий бўғилаëтгани айтилмоқда.


Океан ортидан кўринган манзара


АҚШдаги Heritage Foundation стратегик тадқиқотлар институти 2012 йилги Иқтисодий эркинлик индексини эълон қилди - жаҳондаги 179 мамлакат орасида Ўзбекистон 164 ўринни эгаллади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик вазиятида кейинги бир йил давомида ижобий ўзгариш деярли кузатилмаган ва шу боис мамлакатнинг жаҳон рўйхатидаги ўрни ўзгаришсиз қолдирилган.

Жаҳон бўйлаб иқтисодий эркинлик вазияти ўртача 59,5 баллга тенг деб топилган бўлса, Ўзбекистондаги аҳвол глобал ўртача кўрсаткичдан 14 баллга кам, яъни ўртача аҳволдан ҳам ëмонроқ деб баҳоланди.

Ўзбекистон Heritage жамғармаси мутахассислари томонидан иқтисодий эркинликлар борасида яна дунëдаги энг репрессив давлатлардан бири деб топилди. Бу борада жаҳондаги Коморо ороллари, Чад, Туркманистон, Экваториал Гвинея, Шимолий Корея каби мамлакатларгина Ўзбекистонда-да ëмонроқ деб топилди.

Муаммо қаерда йўқ?!


Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мамлакатда хусусий тадбиркорлик, каттаю кичик бизнес юритиш, ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар соҳасидаги имтиëзлар, ютуқ ва ривожланишлар ҳақида тинимсиз гапириб турган бир пайтда, Heritage мутахассислари, Ўзбекистонда оғиз кўпиритиб мақталаëтган айни эркинлик ва имтиëзларнинг борган сари қаҳатлашиб бораëтганини ëздилар.

Иқтисодий эркинлик индексини хусусий мулк ҳаққи, коррупциядан эркинлик, пул сиёсати эркинлиги, ҳукумат харажатлари, бизнес эркинлиги, меҳнат эркинлиги, валюта эркинлиги, савдо эркинлиги, сармоя эркинлиги, молиявий эркинлик каби ўн омилга асосланиб белгилаган таҳлилчилар, Ўзбекистонни аксар кўрсаткичлар бўйича рўйхат тубига жойлаширдилар.

Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик вазияти Америкадаги жамғарма таҳлилчилари тасвирлаган каби қоп-қора эмас, айни пайтда, айрим муаммолардан-да холи эмас, дейди 1996 йилдан бери Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаëтган 43 яшар тошкентлик бизнесмен Саид Аҳмедов.

Банклардан кредит олишнинг қийинлиги, банкка қўйилган маблағнинг ўз вақтида олишдаги муаммоларни эътироф этган ҳолда савдо соҳасида фаолият юрғизаëтган ширкат эгаси, ҳукумат ана шу муаммоларни ҳал қилиш устида бош қотираëтгани ва шу мақсадда тегишли қарор ва фармонлар қабул қилаëтганини айтади.

- Масалан, ўтган йили, мамлакатга олиб кирилаëтган молларни таможнядан ўтказишда, кейин контрактларни ҳар хил давлат идораларида регистрация қилиш бўйича хусусий тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратилди. Ишлаб чиқарувчиларга ўзига тушадиган валюта пулларини ўзида қолдиришга рухсат берилди. Бу ҳам жуда тўғри қарор бўлди. Чунки кичик тадбиркорликда бу четдан хом-ашë олиб келишга қулайлик яратди, дейди тошкентлик хусусий ширкат эгаси Саид Аҳмедов.

Оëғи осмондан келтирилган иқтисодий тизимлар


Ўзбекистондаги Uzmetronom интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков, мамлакатда ишлаб чиқаришнинг постсовет ҳудудидаги энг қолоқ вазиятга тушганини таъкидлай туриб, бунинг асл сабаби Ўзбекистондаги, сиртдан ягона соддалаштирилган дея тақдим этилаëтган, амалда эса нафақат ишлаб чиқариш, балки савдо ва хизматлар соҳасини ҳам хонавайрон қилаëтган солиқ тизимидадир, дея талқин этди.

Озодлик билан суҳбатда йирик тадбиркор Ражаббой Ширин, ўзининг айнан Ежков тилга олган ана шу тизим қурбони эканини айтади.

Ражаббой Ширин 90-йилларда Ўзбекистон иқтисодига миллионлаб доллар сармоя ëтқизиб, мамлакатда илк супермаркетлар тизимини жорий қилган туркиялик тадбиркор. 90-йилларда нисбатан мўътадил бўлган иқтисодий эркинликларнинг йил сайин сиëсийлашган коррупция қурбонига айланиши оқибатида 2000 йиллар ўртасига келиб бу йирик сармоядор Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Ражаббой Ширин Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик, у ишлаб чиқариш ëхуд савдо ва хизматлар соҳаси бўлишидан қатъий назар, бузуқ система ўлжаси ва қурбонига айлангани ва шу боис йил сайин иқтисодий эркинлик борасида ортга кетмасликнинг иложи йўқлигини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистонда система шундай қурилганки, одамлар қонунни бузсин, ҳақиқий йўл билан ишламасин, налог тўламасин, ëмон, ноқонуний йўл билан ишласин, керак бўлган пайтда, биз шу одамни синдирайлик, деган мантиққа асосланган. Тузум шунга қурилган. Одамлар тўғри йўл билан ишлай олмайди.

Ҳар кун товар сотасиз ва ўз пулингизни банкка қўйишга мажбурсиз, аммо эртага бу пулни банкдан ололмайсиз. Коммунистик тузумларда ҳам бунчалик қаттиқ бўлмаган! Ҳеч кимга тегмайди, аммо керак бўлган куни “сен шунча нарушение қилдинг” деб, бор-будингни тортиб олади, синдиради.

Системани шунақа қурганки, одамлар давлатга муҳтож бўлсин, раҳбариятга муҳтож бўлсин. Ҳамма нарса улар айтган каби бўлсин, одамлар бошини кўтармасин, дейди Ўзбекистондаги бир неча миллион долларлик бизнеси айни шу асосда тортиб олинган турк тадбиркори.


Тадбиркор додини кимга айтсин?


Ўзбекистонда хусусий мулкнинг яхши ҳимояланмагани, кенг тарқалган коррупция, боз устига мустақил суд тизимининг йўқлиги иқтисодий эркинлик ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланишга ғов бўлмоқда, деб хулоса қилади Heritage жамғармаси муаллифлари.

1994 йилда Ўзбекистонда иш бошлаб, ҳукумат фармони ортидан 2004 йилда мамлакат банкларига қўйилган қарийб икки миллионидан ажраган даниялик сармоядор Heritage мутахассислари хулосасига, афсус билан қўшилмасликнинг иложи йўқ, деган фикрда.

Ўзбекистон ҳукуматини судга бериб, йиллар давомида ноқонуний тортиб олинган бир неча миллион долларлик хусусий мулкини қайтариб олишга уринган Пол Ян (Poul Jahn) суд қарорларининг ҳакам эмас, президент қароргоҳида ўтирганлар томонидан қабул қилинишини тушуниб етгач, бу мулкдан умидимни узиб, Ўзбекистонга этак силтиб чиқиб кетдим, дейди.

- Афсуски, Ўзбекистонга бизнес қилиб, ҳалол пул ишлаш мақсадида келиб, сармоя ëтқизганлар ишлай олмай қолди. Ҳозир Ўзбекистонда бизнес қилаëтган европалик сармоядор қолмади, ҳисоб. Бу эса дунë кун сайин глобаллашиб бораëтган ҳозирги даврда бу ўта ачинарли жараëн. Глобал дунëда бирор давлат якка ўзича ривожлана олмайди. Масалан, менинг ширкатим бугун дунëнинг 34 давлатида фаолият юрғизмоқда ва уларнинг бирортасида Ўзбекистондаги каби муаммолар йўқ, дейди Данияда рўйхатдан ўтган P.Jahn General Products Limited ширкати раҳбари Пол Ян.

2011 йилда ҳам Ўзбекистонда солиқ тўламаганлик ва контрабанда билан шуғуллаганликда айбланиб ўнлаб хориж ширкатлари мол-мулки ҳукумат фойдасига мусодара қилинди.

Улар орасида ўнлаб турк, немис ва Ўзбекистондаги ярим миллиард долларлик бизнесидан ажраган Британиянинг Oxus Gold ширкати бор.

Ҳозирча 2011 йилда давомида нафақат солиқ идоралари, балки қора маскалилар босқинига учраб, бор-йўғидан ажраган маҳаллий тадбиркорлар сони ҳақида ҳатто тахминий хулоса қилиш ҳам қийин бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG