Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

Қирғиз парламентида тил жанжали бошланди


Қирғиз парламенти депутатининг рус тилига қарши чиққани миллатчилик кўриниши қаторида баҳоланмоқда.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари парламент спикери Асилбек Жээнбековдан “Конституциявий ҳуқуқлар ва эркинликларга таҳдид қилаётган депутатларни жазолаш”ни талаб қилишмоқда.

Фуқаровий жамият вакилларининг бундай талаб билан чиқишларига парламент депутати Урмат Аманбаеванинг парламент йиғинида расмий рус тилида гапирмасликни талаб қилгани сабаб бўлди. Депутат парламентда чиқиш қилаётган амалдорлардан бирига “Сиз нега ҳаддингиздан ошиб кетдингиз? Қирғизча гапиринг. Қайси қонунда ҳукумат аъзоси рус тилида гапириши керак деб ёзиб қўйилибди?” деб зуғм қилган.

Фуқаровий жамият вакиллари баёнотида айтилишича, депутат Урмат Аманбаеванинг бу гапини “Тили, ирқи ва миллатига қараб камситиш” сифатида баҳолаш мумкин.

Нодавлат ташкилоти вакиллари 2011 йилнинг 25 январида ҳам депутат Урмат Аманбаеванинг миллатчилик руҳидаги чиқишига қаршилик сифатида парламент биноси олдида норозилик митинги ўтказган эдилар.

Депутатнинг ўзи эса қирғиз тилида сўзлашни талаб қилиш билан ҳеч кимни камситмаётганини айтади:

- Мен фақат давлат тили мақомидан келиб чиқиб, қирғиз тилининг қўлланилишини талаб қилаяпман. Бу қонуний талаб, -деди Урмат Аманбаева.

Фуқаролик жамияти томонидан миллатчиликда айбланаётган депутатнинг бундай билдирувидан сўнг рус тилида сўзлашувчи депутатлар ўз норозлигини билдиришди. Депутат Ирина Карамушкинага кўра, рус тили мамлакат Конституциясида расмий тил мақомига эга.

- Расмий тилда гапригани учун шахсни айблаш, уни қирғизча гапиришга мажбурлаш дискриминациянинг бир кўринишидир. Бу Конституцияни бузишдир. Қирғиз тилини билмагани учунгина бошқа миллат вакилларини лавозимларга тайинламаслик, камситиш демократик жамиятга ёт кўринишдир, -деди Ирина Карамушкина.

Бишкекдаги “Московский Комсомолец- Азия” газетасининг бош муҳаррири Улуғбек Бобоқуловнинг айтишича, парламент депутатлари ва айрим сиёсатчиларнинг бошқаларни мажбурлаш орқали қирғиз тили нуфузини кўтариш ҳаракати фақат салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда.

- Депутатларнинг қандайдир бир истаги ёки ҳархашаси қонундан ва Конституциядан устивор бўлмаслиги керак. Рус тилли аҳоли деганда Қирғизистонда яшаётган руслар, украинлар, немислар, поляклар, ўзбеклар, уйғурлар ва бошқа миллатлар тушинилади. Депутатларнинг бу каби баёнотлари эса рус тилли аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида қўлидан иш келадиган, саводли, профессионал одамлар Қирғизистонни тарк этмоқда, -деди Улуғбек Бобоқулов.
XS
SM
MD
LG