Линклар

Stratfor: Ўзбекистонда жиддий ўзгаришлар бўлмайди


"Stratfor” нинг 2012 йил башоратлари ҳисоботида дунёнинг барча минтақалари қамраб олинган.

"Stratfor” нинг 2012 йил башоратлари ҳисоботида дунёнинг барча минтақалари қамраб олинган.

“2012 йилда Марказий Осиёда террорчилик ҳаракатлари кўпаяди”, деб башорат қилмоқда АҚШнинг "Stratfor” тадқиқот ширкати.

"Stratfor” разведка ва таҳлил ширкатининг 2012 йилда Марказий Осиёга таалуқли тадқиқоти хулосасида айтилишича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда террорчилик ҳаракатлари сезиларли даражада кучаяди. Бироқ Қозоғистонда террорчилик ҳаракатлари мунтазам содир этилади.

“Террорчилар ўз стратегик мақсадларига, яъни амалдаги режимларни ағдаришга муваффақ бўлмайдилар. Улар минтақадаги барқарорликни издан чиқарувчи халқаро ҳаракатга айлана олмайдилар”, дейилади баёнотда.

"Stratfor” тадқиқотчилари 2012 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон лидерларининг энг катта муаммоси сиёсий қийинчиликларни пайдо қилувчи ворис танлаш масаласи бўлишини башорат қилишган.

“Агар мазкур лидерлардан бирортаси вафот этмаса, биз бу мамлакатларда жиддий сиёсий ўзгаришлар бўлади деб ўйламаймиз”, дейилади тадқиқот хулосасида.

"Stratfor” тадқиқотида Қозоғистонга кўпроқ эътибор қаратилади. Муаллифлар фикрича, Қозоғистонда 2012 йилда ҳам норозилик намойишлари давом этади. Лекин бу намойшлар жиддий қон тўкилишларга олиб келмайди.

“2012 йилда Марказий Осиёдаги барқарорликни жуда кўп омиллар издан чиқариши мумкин. Бироқ бу омиллар вазиятнинг кескин ўзгаришига таъсир эта олмайди. Минтақада, асосан Қозоғистонда, иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви сабабли норозилик кучаяди. Қозоғистон банк тизимидаги жиддий муаммолар молиявий инқирозга сабаб бўлади. Аммо қозоқ ҳукумати шу кунгача заҳира қилинган нефт пуллари ҳисобига бу инқирознинг чуқурлашиб кетишини тўхтатиб қолади”, деб ҳисоблайди "Stratfor” экспертлари.

Strategic Forecasting Inc –қисқартмада "Stratfor” хусусий разведка ва таҳлил ширкати ҳисобланади ва унинг қароргоҳи АҚШнинг Техас штатидаги Остин шаҳрида жойлашган. Barron's Magazine нашри "Stratfor”ни “яширин ЦРУ” сифатида баҳолаган.

Ширкат америкалик сиёсатшунос Жорж Фридман томонидан 1996 йилда ташкил қилинган. Фридман СССР ва АҚШ муносабатлари ҳақидаги бир қатор китобларнинг муаллифи. Жаҳонда ҳарбий ва ядровий мувозанат борасидаги илмий ишлар муаллифи. У 1994 йилда Луизиана давлат университети қошида геосиёсий тадқиқотлар марказини ҳам ташкил қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG