Линклар

Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятининг илк президенти оламдан ўтди


Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти илк президенти Рауф Денктош 14 январ куни Қибрисдаги касалхонада вафот этди. Шифокорларга кўра, 88 ёшдаги Денктош мияга қон қуйилиши оқибатида оламдан ўтган.


Рауф Денктош вафот этгани маълум бўлганидан кейин касалхонага Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти Президенти Дарвеш Эроғли, Бош вазир Ирсен Кичик, Туркиянинг Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятидаги элчиси Лефкоше Ҳалил Иброҳим Акча, Туркиянинг тинчликпарвар кучлари қўмондони Одам Ҳудудий бордилар. Касалхона биноси олдига мингдан зиёд одам йиғилди.

Туркия Президенти Абдулла Гул ва Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон Рауф Денктошнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор қилди.

Ўзбекистон ЭРК демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Рауф Денктош турк дунёсининг буюк лидерларидан бири бўлганини айтди.

- Рауф Денктош турклар учун ноёб, нодир лидерлардан бири эди. Агар Отатурк биринчи лидер бўлса, Денктош ундан кейинги лидерлардан бири эди, десак муболаға бўлмайди. Қибрисдаги турклар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун у 50-йилларда кураш бошлаган ва хатто партизан ҳаракатини ташкил қилган. Бутун жони ва молини ўртага қўйиб курашган мужоҳид ва кучли бир сиёсатчи эди айни бир замонда, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Рауф Денктош 1924 йилда Қибрисда туғилган. Британияда ҳуқуқшунослик бўйича олий таълим олган. 1958 йилда Денктош Қибрисни Британиядан озод қилиш учун ташкилот тузган. Икки йил ўтиб, Қибрис ўз мустақиллигини эълон қилган.

1974 йилда Қибрис оролда яшовчи юнонлар ва турклар ўртасида этник тўқнашувлар юз берганидан кейин Греция ва Туркия оролга ўз ҳарбийларини киритган. Ўшандан бери орол юнонлар ва турклар яшайдиган икки қисмга бўлиниб қолган.

Қибрис ороли шимолида тузилган Турк жумҳуриятида 1976 йилда ўтказилган президент сайловида Рауф Денктош ғалаба қозонди. У 2005 йилгача Шимолий Қибрис Турк Жумҳурияти президенти бўлиб ишлади.

Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятини Туркиядан ташқари, Озарбайжоннинг Нахичиван мухтор вилояти ва Грузиянинг Абхазия ўлкаси тан олган.

Рауф Денктош 50дан зиёд китоб муаллифидир. Айниқса, Қибрис ороли гўзаллигини фотографияларда моҳирлик билан акс эттирган сураткаш сифатида кўпчиликка танилган.

Рауф Денктош 2005 йилда Туркиянинг Отатурк халқаро тинчлик мукофотига ҳамда бошқа медалларга сазовор бўлган.
XS
SM
MD
LG