Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:53

Қозоғистонда овоз бериш ниҳоясига етди


Остона вақти билан соат 21.00 да Қозоғистонда сайлов участкалари ёпилди. Сўнгги маълумотларга кўра, сайловда сайловчиларнинг 72 фоизи қатнашди.

Бугун Қозоғистонда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларига сайлов бўлиб ўтди.

Ўн олти ярим миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган Қозоғистонда тўққиз миллиондан кўпроқ фуқаро сайлаш ҳуқуқига эга.

Сайловда етти партия – “Нур Ўтан”, “Ақ жўл”, “Ауил”, “Адилет”, Қозоғистон ватанпарварлари партияси, Қозоғистон коммунистик халқ партияси ва мухолифатнинг “Азат” умуммиллий социал-демократик партияси иштирок этди.

Аввалроқ икки партия – мухолифатдаги Қозоғистон коммунистик партияси ва “Руҳоният” партияси 15 январда ўтказилажак сайловда қатнашмаслиги билдирилганди. Қозоғистон коммунистик партияси (Қозоғистон коммунистик халқ партияси эмас) фаолияти бундан ярим йил аввал таъқиқлангани туфайли сайловга қўйилмаган бўлса, президент Назарбоевни ёқловчи “Руҳоният” партияси 28 декабр куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси қарори билан сайловдан четлатилган.

Партия рўйхати асосида ўтаётган парламент сайлови олдидан Нурсултон Назарбоев бошчилигидаги “Нур Ўтан” партияси рўйхатга 127 кишини, “Ақ жўл” 63 кишини, “Адилет” кишини, Қозоғистон коммунистик халқ партияси 21 кишини, Ватанпарварлар партияси 20 кишини, “Ауил” 18 кишини, “Азат” мухолифат партияси эса 54 кишини киритган.

Парламент қуйи палатаси ва маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар 16 декабр куни тартибсизликлар содир бўлган Жанаўзен шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Камида 17 киши ҳалок бўлгани ортидан шу йил январ ойи охиригача фавқулодда ҳолат амал қилувчи бу шаҳарда МСК (6 январ куни) сайловни кейинга қолдириш ҳақида қарор қабул қилганди. Бироқ президент Назарбоев бу қарор юзасидан эътироз билдирганидан сўнг жанаўзенликлар ҳам бошқа қозоғистонликлар қатори 15 январ куни овоз бериш имкониятига эга бўлдилар.

Озодлик радиоси қозоқ шўъбасининг жанаўзенлик Венера Попова сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, бугун Жанаўзен қуролланган ОМОНчилар билан тўлиб тошган. Попова жанаўзенликлар автомат ўқталуви остида сайловда овоз беришни истамаётганларини айтади.

- Эрталаб соат еттида сайлов участкасида бўлдим. Сайловчилардан ҳеч ким йўқ эди. Уйга қайтгандан сўнг бир ярим соат ўтгач, яна бордим. Бу сафар ҳам сайловчиларни кўрмадим, бироқ сайлов комиссияси аъзоси менга шу вақт оралиғида 15 чоғли одам овоз бериб кетганини айтди. Бино ичида ОМОНчиларни кўрмадим. Улар ташқарида туришибди, қўлларида автомат йўқ, лекин таёқ бор. Лекин, тўғрисини айтганда, бугун улар жуда мулойим, - деди Венера Попова.

Бугунги сайловда Қозоғистон парламенти қуйи палатасининг 107 депутатидан 98 нафари сайланиши керак. Қолган 9 депутатни эса Қозоғистон халқлари ассамблеяси сайлайди.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 21 гача мамлакат бўйлаб очилган 9764 сайлов участкасида 6 миллион 980 минг киши ёки рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 75 фоиздан кўпроғи келган. Энг кўп сайловчи Олмаота вилоятида (92,6%), энг кам сайловчи эса Олмаота шаҳрида (41,38%) овоз берган.

Бу галги сайловнинг аввалгиларидан фарқи парламентга икки ёки ундан ортиқ партия сайланиши зарурлигидир. Аввалги сайловда парламентга фақат битта – Назарбоев бошчилигидаги “Нур Ўтан” партияси сайланганди.

Бугунги сайловни Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясидан аккредитация олган 819 нафар халқаро кузатувчи кузатиб бормоқда. Уларнинг энг кўпи ЕХҲТ ва МДҲдан бўлган кузатувчилардир.

Бундан ташқари, МСК хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларидан 118 нафарига сайловни ёритиш учун аккредитация берган.

Айрим кузатувчилар Қозоғистондаги сайлов халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтганини қайд этаётган бир пайтда қозоқ мухолифатчилари якшанба кунги овоз бериш жараёнида қўпол қонунбузарликлар кузатилганини таъкидламоқдалар. Жумладан, мухолифатдаги “Азат” умуммиллий социал-демократик партияси вакиллари Олмаота шаҳри, Ақтўбе, Қарағанда вилоятларида ўз кузатувчилари сайлов участкаларига қўйилмагани, Остона ва Олмаота шаҳарларида эса бир гуруҳ кишиларнинг бир нечта сайлов участкаларида овоз бериши каби ҳолатлар кузатилганини билдириб баёнот тарқатдилар.

Парламент сайловининг дастлабки натижалари 16 январ куни маълум бўлиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG