Линклар

Тожикистон Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастурини қўллайди

  • Гулнора Равшан

Халқаро жамоатчилик Эроннинг ядровий дастури юзасидан жиддий ташвиш билдириб турган бир кезда Тожикистон расмийлари Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастури тарафдори эканини таъкидлади.

Бундай баёнот 9 январ куни Тожикистон ва Эрон алоқаларининг 20 йиллигига бағишлаб Душанбе шаҳрида ўтказилган бир тадбирда ёйинланди.

- Биз Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастури тарафдоримиз. Аммо, афсуски, баъзи доиралар бу масалага бошқача қарашади. Лекин бу яхшими, ёмонми - уларнинг позицияси. Ҳар бир давлат бу борада ўз мавқеига эга. Тожикистон ҳам Эрон бўйича ҳар доим ўз позициясини ифодалаб келган ва бугун ҳам бундан юз ўгиргани йўқ. Яъни биз ҳамиша Эрон билан биргамиз ва бугун ҳам ҳамкорлигимиз давом этаётир, - дея билдирди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ташқи алоқалар ва ахборот таҳлилий бўлим бошлиғи Давлат Назриев.

Назриев жаноблари халқаро баҳсларга сабаб бўлаётган Эрон ядровий дастури сиёсий мулоқот йўли билан ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлади.

- БМТга аъзо давлатлар муаммолари ана шундай сиёсий мулоқотлар йўли билан ҳал қилиниб олингани каби Эронга нисбатан ҳам шундай иш тутилиши лозим. Шу тариқа барча муаммолар ва баҳслар тинч йўл билан ҳал қилиниши керак, - деди тожик расмийси Давлат Назриев.

Ғарб давлатлари Эронни ядровий қурол яратиш устида иш олиб бораётганликда айблаб келади. Улар ўз ядровий дастуридан воз кечмаётган Эронга нисбатан бир неча марта санкциялар жорий қилди.

Теҳрон эса ядровий дастурдан тинч мақсадлар кўзланганини таъкидлашдан чарчамайди.

Дунё аҳли Эронни ядровий қуролга эга бўлиш аҳдидан қайтаришга уринаётган бир паллада айрим тожик расмийлари “Эрон ядровий дастурини ривожлантиришга ҳақли” эканини айтади.

Ана шундай қарашда бўлганлардан бири Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази собиқ раиси Суҳроб Шариповдир.

- Эрон Тожикистоннинг муҳим стратегик шерикларидан бири саналади. Фикримча, Эрон ўзининг тинч мақсадларни кўзлаган ядровий дастурини ривожлантириш ва уни амалга оширишга ҳақли. Аммо Ғарб давлатлари билан Эрон ўртасида ташвишларга сабаб бўлаётган бу масала муроса йўли билан ҳал қилиниши шарт, - дейди Шарипов.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, Тожикистоннинг Эронга нисбатан бундай позицияси унинг АҚШ ва Ғарб давлатлари билан алоқаларининг кескинлашишига туртки бўлиши мумкин. Зеро, айрим кузатувчиларга кўра, аввалроқ Тожикистонга сафар қилган Америка расмийлари бу мамлакат расмийларига Эронга “ортиқча ишониш ва таяниш”дан тийилишни тавсия қилганлар.

- Тожикистон ҳукуматининг Эрон Ислом жумҳурияти билан ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва шу каби зич ҳамкорлиги ҳамда унинг ядровий дастурига оид бундай позицияси табиийки, Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг ғашига тегади. Бундан ранжиган йирик давлатлар турли йўллар, дейлик, Ўзбекистон орқали иқтисодий босим ўтказиши мумкин, - дейди мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов.

Эрон 1991 йилда Тожикистон мустақиллигини расмий тарзда эътироф этган илк мамлакат бўлган. 1992 йил январида бу давлат Душанбе шаҳрида ўз элчилигини очди.

Ўтган йигирма йил мобайнида Эрон Марказий Осиёдаги ягона форсийзабон давлат саналган Тожикистоннинг иқтисодий ўсиши, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда инфраструктураси ривожига ҳисса қўшгани айтилади.

Ўтган вақт ичида Эрон Тожикистонга битта ГЭС (Сангтўда-2) ва мамлакат жанубини шимолига боғловчи туннел ҳам қуриб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG