Линклар

Марказий сайлов комиссияси парламентга кириш ҳаққини 3 партия қозонганини эълон қилди.


Дастлабки натижаларга кўра, президент Назарбоев бошчилигидаги "Нур Ўтан" партияси сайловчиларнинг 80.7 фоизини овозни қозонган.

Президентга тарафдорлиги айтиладиган яна икки партия – "Ак Жол" партияси 7.5 фоиз, Қозоғистон коммунистик халқ партияси эса 7.2 фоиз овоз қозонган.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, якшанба кунги овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 75 фоизи қатнашган.

- 9 миллион 300 минг сайловчидан 6 миллион 980 минг одам сайлов участкаларига келди. Сайловчилар давомати қарийб 75 фоиздан кўпроқни ташкил этди, - деди Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қувандиқ Турғанқулов.



Сайловларда, шунингдек, Қозоғистон ватанпарварлари партияси, "Адилет", мухолифатнинг "Азат" умуммиллий социал-демократик партияси ва "Ауил" партиялари иштирок этишди, лекин бу партиялар етти фоизлик тўсиқдан ўта олмагани айтилди.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, бирон партия парламентдан ўрин эгаллаш учун етти фоиздан кўп овоз қозониши керак.

Қозоғистонда 2007 йили бўлиб ўтган сайловларда иқтидордаги “Нур Ўтан” партияси парламент қуйи палатасидаги ўринларнинг барчасини эгаллаган. Ўшанда мухолифат партиялар сайловлардан четлатилган эди.

2009 йил қабул қилинган сайловлар ҳақидаги қонунга мувофиқ, иккинчи энг кўп овоз олган партия талаб этилган етти фоиз овозни қўлга кирита олмаган бўлса ҳам, парламентда ўринларга эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади.

МДҲ давлатларидан бўлган кузатувчилар овоз беришда жиддий қонунбузарликлар кузатилмаганини айтишди. Лекин мухолифатдаги социал-демократлар жойларда бир сайловчининг бир неча киши учун овоз бериши каби қонунбузарликлар кўп қайд этилгани, буни тасдиқловчи видеоматериалларга эга эканликларини билдиришди.



Қозоғистон президенти парламент сайлови ўз мамлакати учун имтиҳон бўлишини айтди.

- Мен ишонаманки, Қозоғистон халқи ўз келажаги, мамлакат тараққиёти ҳамда умумий уйимиз бўлган Қозоғистонда тинч-тотув ҳаёт учун овоз берадилар. Бу биз учун катта синовдир, - деди Назарбоев.

71 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни совет давридан буён бошқариб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG