Линклар

Абдулазиз Комиловнинг вазир бўлгани расман эълон қилинди


Абдулазиз Комиловнинг ташқи ишлар вазир қилиб тайинлангани Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати векторини Ғарб томон бурганидан далолат сифатида баҳоланмоқда.

Абдулазиз Комиловнинг ташқи ишлар вазир қилиб тайинлангани Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати векторини Ғарб томон бурганидан далолат сифатида баҳоланмоқда.

Вазирлик расмий сайтида Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири сифатида қайд этилди.


Бир неча кун муқаддам Ўзбекистондаги норасмий манбалар томонидан Комиловнинг яна ташқи ишлар вазири этиб тайинлангани хабар қилинган ва бу хабар мустақил манбалар орқали тасдиғини топмай келаётган эди.

Эндиликда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида Абдулазиз Комилов 2012 йилнинг январ ойидан вазир этиб тайинлангани эълон қилинди.

Бунга қадар Абдулазиз Комилов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбори бўлиб ишлаган ва 1994 йилдан 2003 йилга қадар ҳам бир бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлган эди.

2003 йилдан 2010 йилгача эса Комилов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлди.

Бундан кейин Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ректори бўлди.

Абулазиз Камилов 1947 йилнинг 16 ноябрида Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида туғилган. У тарих фанлари номзодидир.

Абдулазиз Комилов АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатларда тажрибали дипломат ҳисобланади ва унинг вазир этиб тайинлангани Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати векторини Ғарб томон бургани аломати сифатида баҳоланмоқда.

Мустақил Ўзбекистон тарихида ташқи ишлар вазири лавозимида энг узоқ ишлаган дипломат айнан Абдулазиз Комиловдир ва у ўз дипломатик фаолиятини собиқ иттифоқ даврида бошлаган.

1970 йиллардан мустақилликкача собиқ СССР Ташқи ишлар вазирлиги ходими бўлган.

Мустақилликдан кейин қисқа вақт давомида 1992-1994 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бу гал Абдулазиз Комилов бир йилдан сал ошиқроқ ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Элёр Ғаниев ўрнига вазир бўлди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Озодликка Элёр Ғаниевнинг Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига қайтарилгани ҳақидаги маълумотни берди.

52 яшар Элёр Ғаниев Ташқи ишлар вазирлигига 2010 йил декабридан раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Асли сирдарёлик, касби инжер-геолог бўлган Элёр Ғаниев кўпроқ Россия ва Осиё давлатлари йўналиши бўйича тажрибага эга амалдор сифатида кўрилган.

Ғаниев 2005-2006 йиллар оралиғида ҳам қисқа муддатга Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган ва у ишлаган давр 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб давлатлари билан алоқалари ўта таранглашган даврга тўғри келган эди.
XS
SM
MD
LG