Линклар

logo-print

Рейд натижасида Тошкентдаги 25 та хусусий клиникага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.


11 январ куни Тошкентдаги "Доктор Салимов" хусусий клиникасида солиқ қўмитаси ва санитария-эпидемиология хизмати вакиллари иштирокида текширув бўлиб ўтди.

Клиниканинг қабул бўлими навбатчисига кўра, текширув натижасида бир қатор камчликлар аниқланган.

- Бизни клиникани СЭС билан налог ходимлари 11 январда текширишди. Жарима ёзиб кетишди, дея бошқа тафсилотларга тўхталмади “Доктор Салимов” хусусий клиникаси ходимаси.

"Тошкент оқшоми" газетаси хабарига кўра, бу каби текширувлар Тошкентдаги жами 25 та клиникада ўтказилиб, тиббий муассасаларнинг иш фаолияти текширилган.

"Хусусий шифохоналарда юқумли касалликлар юқтириш ҳолатлари бўйича фуқаролардан тушган кўплаб шикоятлар ортидан ушбу рейдлар ўтказилди" дея ёзди “Тошкент оқшоми” газетаси.

Шунингдек, хусусий клиникалардаги тиббий хизмат сифати ва шифокорларнинг малакасизлиги борасидаги шикоятлар бундай текширувни ўтказишга сабаб бўлгани айтилмоқда.

Рейд натижасида аниқланишича, текширув ўтказилган барча хусусий клиникалар фаолиятида кўплаб қонунбузарликлар аниқланган.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, айрим клиникалар тегишли лицензияси бўлмаган ҳолда беморларни стационар ҳолатда даволаб келганлар.

"Деярли барча клиникада даромадни солиқдан яшириш ҳолати аниқланган"ини айтди Юнусобод солиқ инспекциясининг навбатчи ходими.

"Тошкент оқшоми" газетаси ёйинлаган хабарга кўра, рейдлар натижасида мижозларга наркотик ва психотроп моддаларни тарқатишда қўпол хатоликларга йўл қўйилган, беморларни даволашда муддати ўтган дорилардан фойдаланилган.

Рейдлар давомида клиникаларда санитария қоидалари бузилгани, кўпроқ фойда кўриш йўлида сохта ташхислар қўйилгани, шифокорлар хизмат учун катта нархлар белгилагани каби камчиликлар аниқланган.

14 январ куни "Ўзбекистон" телеканалининг "Ахборот" дастурида ҳам хусусий клиникалар фаолияти танқид қилинди.

"Ахборот" дастурида айтилишича, текширув ўтказилган муассасаларда 50 нафар шифокор меҳнат шартномасисиз ишлаётгани аниқланган.

Шунингдек, текширув пайти бу клиникаларда тиббий хизмат кўрсатишдан тушган тушум пулини инкассация қилинмаган ҳолатлари натижасида жами 1 миллиард 685 минг 890 сўм (тахминан 1 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги пул қайд қилинган.

Айни пайтда текширув ўтказилган 25 та хусусий клиниканинг барчасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбекистонда хусусий тиббиёт нисбатан ривожланмаган соҳадир ва жорий қонун ва меъёрлар унинг ривожига ҳисса қўшмаслиги айтилади.

Бундан ташқари Ўзбекистонда барча соҳаларда авж олган коррупция даражаси ва хусусий мулкнинг ҳимояланмагани, жумладан хусусий тиббиётнинг ривожига тўсқинлик қилиши айтилади.

Ўтган ҳафта АҚШдаги Heritage Foundation стратегик тадқиқотлар институти Ўзбекистонда “хусусий мулкнинг яхши ҳимояланмагани ва кенг тарқалган коррупция, боз устига мустақил суд тизимининг йўқлиги иқтисодий эркинлик ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланишга ғов бўлмоқда”, деган хулосани берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG