Линклар

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари якшанба куни Қозоғистонда ўтган парламент сайловининг демократик талабларга жавоб бермагани ҳақидаги хулосани эълон қилди.

ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар бўлимининг узоқ муддатли сайловлар миссияси раҳбари Миклош Харашти 16 январ куни Остона шаҳрида бўлган матбуот анжуманида сайловчиларнинг ҳуқуқлари жиддий равишда чеклангани ҳақида гапирди.

- Афсуски, биз сайлов чоғида фуқароларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқларини жиддий равишда чеклаган қаттиқ назоратни кузатдик, - деди ЕХҲТ расмийси.

Ташкилотнинг кузатувчилар миссияси эълон қилган баёнотда айтилишича, мамлакат раҳбариятининг демократик тамойилларни мустаҳкамлаш уринишлари ҳақидаги баёнотларига зид равишда якшанба кунги сайлов "демократик сайловларга оид фундаментал тамойилларга жавоб бермаган".

Шунингдек, кузатувчилар миссияси хулосасида Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси муҳолиф партияларнинг сайловда иштирок этишига янада кенг имкон бериши кераклиги айтилган.

Бундан бироз муқаддам Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси парламентга кириш ҳаққини 3 партия қозонганини эълон қилган эди.

Дастлабки натижаларга кўра, президент Назарбоев бошчилигидаги "Нур Ўтан" партияси сайловчиларнинг 80.7 фоизини овозни қозонган.

Президентга тарафдорлиги айтиладиган яна икки партия – "Ак Жол" партияси 7.5 фоиз, Қозоғистон коммунистик халқ партияси эса 7.2 фоиз овоз қозонган.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, якшанба кунги овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 75 фоизи қатнашган.

Сайловларда, шунингдек, Қозоғистон ватанпарварлари партияси, мухолифатнинг "Азат" умуммиллий социал-демократик партияси ва "Ауил" партиялари етти фоизлик тўсиқдан ўтмаган.

"Нур Ўтан" партиясига раҳбар бўлган 71 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни совет давридан буён бошқариб келмоқда.
XS
SM
MD
LG