Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:31

Бишкек ҳибсхонасида исён чиқди


16 январ куни Қирғизистон пойтахтида жойлашган 1-тергов изоляторида маҳбуслар исён кўтарди.

1-тергов изоляторида маҳбуслар кўтарган исён сабаби ҳозирча аниқ эмас. Бу борада расмийлар бир-бирига зид бўлган маълумотларни беришмоқда.

Ҳибсхона маъмуриятига кўра, маҳбуслар режаланган текширув ўтказилишига қарши ғалаён кўтаришган. Улар ўз камераларидаги темир идишларни тақиллатиб, норозилик билдиришган.

Маҳбусларнинг ўзлари эса изолятордаги “вазият назоратчиси” (“положенец”) Дамир Сапарбековнинг бошқа ҳибсхонага кўчирилиши исён чиқишига сабаб бўлганини айтмоқдалар. Улар норозилик ифодаси ўлароқ ўз матрасларини ёқиб юборишган, натижада ҳибсхонада ёнғин бошланган.

Исён тўғрисидаги илк хабарлар маҳаллий ахборот агентликларида пайдо бўлгач, маҳбусларнинг яқинлари ҳам 1-тергов изолятори олдида норозилик намойиши ўтказишди. Уларнинг ҳам ҳибсхонада исён чиқиши ҳақида ўз тахминлари бор - маҳбусларнинг яқинлари исён ҳибсхонада сақланаётганларнинг калтакланиши туфайли бошланганини айтишмоқда.

- Ҳибсхонада бошбошдоқлик ҳукм сурмоқда. Эрталаб ҳибсхонага ОМОН келиб, камераларга кириб, маҳбусларни калтаклай бошлаган. Биз бу ерга расмийлар келишини ва маҳбусларни калтаклаш тўхтатилишини талаб қиламиз, - деди маҳбуслардан бирининг отаси.

Бироқ ҳибсхона олдидаги стихияли митинг узоққа чўзилмади. Бишкек милицияси юзга яқин митингчини қўлга олиб, пойтахтнинг Октябр туман милиция бўлимига олиб кетди. Маҳбусларнинг яқинлари нима учун қўлга олингани ва уларга нисбатан қандай айблов билдирилиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Бишкекдаги 1-тергов ҳибсхонасида исён чиқди.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун ҳибсхонадаги вазиятни ўрганиш мақсадида воқеа жойига борган. Унинг журналистларга билдиришича, маҳбуслар ҳақиқатан ҳам аёвсиз калтакланган.

- Маҳбуслар менга эрталабданоқ калтаклана бошланганларини айтишди. Тергов изоляторини тўла айланиб чиқдим. Бу ерда айрим маҳбусларнинг бурунлари синганлар, калтак зарбидан буйраклари оғриётганлар ва ҳатто ўз томирини кесганлар ҳам бор экан. Тергов изолятори раҳбарлари эса жиноят олами лидерларидан икки нафарининг бошқа ҳибсхонага кўчирилишига қарши исён бошлашган, деб айтишаяпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳбусларни калтаклаш мумкин эмас эди. Чунки улар ҳам инсон ва уларнинг ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилиниши керак, - деди омбудсмен Турсунбек Ақун.

Қирғизистондаги ахборот агентликлари маълумотларига кўра, Бишкекдаги 1-тергов изоляторида маҳбуслар исёни ҳали ҳам давом этмоқда. Айни пайтда Бишкек яқинидаги қишлоқларда жойлашган 3-, 19- ва 16-қамоқхоналар маҳкумлари ҳам 1-ҳибсхона маҳбусларини қўллаш тадбири ўлароқ очлик эълон қилганликлари айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG