Линклар

Тожикистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар сони кўпаймоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Олий суди раиси Нусратулло Абдуллоевга кўра, умрбод қамоқ жазога ҳукм қилинганларнинг беш нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзосидир.

Тожикистон Олий суди раиси Нусратулло Абдуллоевга кўра, умрбод қамоқ жазога ҳукм қилинганларнинг беш нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзосидир.

2011 йилда 13 нафар тожикистонлик умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Тожикистон Олий судининг 2011 йилнинг иккинчи ярим йиллигига бағишланган матбуот анжуманида сўзлаган раиси Нусратулло Абдуллоевнинг билдиришича, йил давомида 109 фуқаро озодликдан маҳрум бўлган, шулардан 13 нафарига нисбатан умрбод қамоқ жазоси тайинланган.

Бу кўрсатгич 2010 йилга нисбатан тўрт баробар кўп эканини очиқ эътироф этган Тожикистон расмийси буни 2009 ва 2010 йилларда мамлакат шарқида рўй берган қонли воқеалар ҳамда сўнгги вақтлар республика шимолида Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларнинг кўпроқ ҳибсга олингани билан изоҳлади.

- Уларнинг аксарияти ўта оғир жиноятлар содир қилган кишилардир. Жумладан, Тавилдара тумани, Рашт водийсидаги воқеаларда бевосита қатнашган ва ҳукумат мулозимларига суиқасд қилган кишилардир. Умрбод қамоқ жазосини олганларнинг беш нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг фаол аъзоси бўлиб ҳисобланади, - дер экан Олий суд раиси Абдуллоев 2010 йилда умрбрд қамоқ жазосини олган маҳбуслар сони 3 нафар бўлганини қўшимча қилди.

Умрбод қамоқ жазоси Тожикистонда олий жазо саналади. 2004 йил 17 апрелида республика Жиноят Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгач, мамлакатда ўлим жазосига мораторий эълон қилиниб, умрбод қамоқ жазоси суд тизимларида олий жазо ҳукми ўлароқ тайинланганди. 2006 йилдан буён ҳар йили ўлим жазосига мораторий муҳлати узайтирилиб келинмоқда. Айни пайтда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар Тожикистонда ўлим жазоси тамоман бекор қилинишини сўраб келади.

Аснода умрбод қамоқ жазоси олганлар сонининг ўтган йилларга нисбатан кўпаяётгани мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлари вакилларининг ташвишига сабаб бўлаётгани кузатилади.

“Преспектива+” ташкилоти раиси Ойниҳол Бобоназарова умрбод қамоқ жазоси бериш билан муаммо ҳал бўлмайди, аксинча жамиятда норозилар сони кўпаяди, деган ишончда.

- Бундай жазо муаммони ҳал қилмайди. Бир кишига умрбод қамоқ жазоси берилар экан, унинг ортидан яқинлари, қариндош-уруғи ва шу каби бошқа ўнлаб жигарбандларининг ҳукумат, суд тизимлари, умуман ҳуқуқ-тартибот идораларига нафрати ошади. Албатта жиноят содир этган ҳар бир киши жазоланиши лозим. Лекин жазо ҳам меъёри билан бўлиши шарт, - дейди тожикистонлик таниқли ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган йил 26 декабрида Сўғд вилоят суди Хўжанд шаҳридаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида рўй берган худкушлик ҳужумида ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган 53 киши устидан ҳукм чиқарди. Улардан беш нафари умрбод қамоқ жазосини олганди.

Бир умрга озодликдан маҳрум этилган 19 ёшли Фирдавс Каримовнинг отаси истаравшанлик Қурбон ака суд фарзандига нисбатан ўта адолатсиз ҳукм чиқарганини айтади.

- Менинг фарзанди босим ва қийноқлар остида ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлган. У атиги 19 ёшдаги бола, азоб-уқубат билан уни иқрор қилдиришди. Ҳозиргача суд ҳукми қўлимизга теккани йўқ. Олий судга кассация тартибидаги ариза ёздик, - дер экан Қурбон Каримов ўғли Фирдавс қатори умрбод қамоқ жазоси олган яна тўрт маҳбуснинг ота-онаси ва яқинлари суд ҳукмидан норози эканларини таъкидлади.

Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Тожикистонда умрбод қамоқ жазоси билан боғлиқ ҳолатнинг ўтган йилларга нисбатан кўпроқ кузатилаётганини минтақа ва араб давлатларида рўй берган воқеа-ҳодисаларнинг тожик жамиятида такрорланишининг олдини олиш тадбири ўлароқ баҳолайди.

- Бироқ, - дейди душанбелик ҳуқуқ фаоли Зулфиқор Замонов, - бундай қаттиққўл сиёсат салбий оқибатлар билан тугаши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
XS
SM
MD
LG