Линклар

"Il Pittore"да ҳалок бўлган ўзбек дафн этилди


"Il Pittore" ресторанида 9 январ куни рўй берган портлашда 3 киши ҳалок бўлди.

"Il Pittore" ресторанида 9 январ куни рўй берган портлашда 3 киши ҳалок бўлди.

16 январ куни Москванинг Домодедово қабристонида “Il Pittore” ресторанидаги ёнғин оқибатида халок бўлган Анваржон Сотволдиев дафн этилди. Танасининг 100 фоизи куйиб кетган Анваржон ёнғинда икки ҳамкасбининг ҳаётини сақлаб қолгани айтилмоқда.


Анваржон Сотволдиев 12 январ куни Москванинг 36-сонли шаҳар клиникасида вафот этди. Москвадаги “Il Pittore” ресторанидаги газ баллон портлаши ва ундан кейин келиб чиққан ёнғин натижасида Анваржон танасининг 100 фоизи куйиб кетган эди.

Қирғизистоннинг Россиядаги Консули Айжигит Бўронов Озодлик Радиосига Анваржон Сотволдиев 16 январ куни Москва вақти билан соат 13 ларда Москванинг Домодедово қабристонида кўмилганини тасдиқлади.

- Ҳа, Анвар Сотволдиевнинг қабри Домодедовода бўладиган бўлди. Аввалига уни уйларига олиб кетишмоқчи эди. Кейинроқ унинг иккита давлат фуқаролиги – Россия ва Қирғизистон паспортига эга бўлишини ҳисобга олиб яқинлари шу ерга кўмишга аҳд қилишибди. Мен ва элчихонамизнинг қатор вакиллари дафн маросимида иштирок этдик, деди Айжигит Бўронов.

Қирғизистон консули ўз мамлакатининг Россиядаги элчихонаси номидан ҳалок бўлган марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.

- Ҳозирда Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари Анваржоннинг оиласига моддий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама этмоқда. Москва мэри Сергей Собянин ҳалок бўлганлар оилаларига 1 миллион рублдан товон пули тўланишини ваъда қилди, дея қўшимча қилди Қирғизистон элчихонасининг адлия маслаҳатчиси Алмаз Абдисияев.

Қирғизистон элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, “Il Pittore” ресторанидаги портлаш оқибатида жами уч киши, жумладан яна бир Қирғизистон фуқароси - Тўлғоной Сотиболдиева (марҳумнинг қариндоши эмас-таҳр.) ҳам нобуд бўлган. Москванинг Склифософский ва бошқа қатор шифохоналарида қолаётган жароҳатланган 40 кишидан 7 нафари оғир аҳволда қолаётгани айтилмоқда.

Қирғизистонлик ўзбек миллатига мансуб 38 ёшли Анваржон Сотволдиев Новие Черемушки мавзесидаги “Il Pittore” ресторанида 9 январ куни соат 15:30 ларда содир бўлган ёнғинда жиддий жароҳат олган ходимлардан биридир.

Асли Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғонидан бўлган Анваржоннинг рафиқаси Дилфуза Сотволдиеванинг сўзларига кўра, Анваржон Россия фуқаролигини олганига қарамасдан, “Il Pittore” ресторанида ноқонуний равишда бош ошпаз лавозимида ишлаб келган.

- У менга бухгалтерия уларни ишга расмийлаштирмаганини айтган эди. Шу сабабли улар ноқонуний ишлаб келган, бундан чиқди. Ойлик маоши яхши бўлгани учун бундай майда-чуйдаларга эътибор бермаган эканмиз. Унинг иш жойи жуда тор, ошпазлар учун шароитлар етарли эмаслиги, ҳавоси дим эканлигини мен ҳам билар эдим, дейди марҳумнинг рафиқаси.

Дилфуза ўша куни Анваржон ишга бормасдан фарзандлари билан уйда қолмоқчи бўлгани, лекин айрим сабабларга кўра дам олиш кунини 10 январга кўчирганини гапиради. Анвар Сотволдиев 8 йил Москванинг бошқа ошпазлик цехида ишлаб келган ва 2011 йилнинг августида “Il Pittore” италян ресторанига ишга кирган.

Маълум бўлишича, Анваржон ишга жойлашмасдан бир неча кун олдин бу ресторанда ёнғин чиққан. Ўшанда ресторан ходимлари ўз кучлари билан оловни бостирган.

Озодлик италян ресторани ёниб кетган пайтда икки нафар ўзбекистонлик ресторан биносидан банкомат ва мусиқа ускунасини олиб чиқаётганида қўлга олингани ва жавобгарликка тортилганини хабар қилган эди. Сайтимизда келтирилган видеолавҳада бутун бадани куйиб, битта ички кийимда қолган Анваржоннинг ёнаётган бинодан чиқиб келаётгани тасвирланган.



Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра, Анваржон чиқиб келаётиб ичкарида овоз эшитиб қолган ва ўзи жиддий жароҳат олганига қарамасдан ортга қайтган. У ошхонанинг бурчагида тутунда адашиб қолган икки аёлга дуч келган ва аёлларни оловдан олиб чиқиб ўзи охирги бўлиб бинони тарк этган.

Анваржон Сотволдиевнинг қайинакаси Руслан дафн маросимига Анваржоннинг кўп сонли қариндош-уруғлари йиғилганини Озодликка гапириб берди.

- Улар оилада ўн киши бўлган – етти қиз, уч ўғил эди булар. Иккита акаси Қирғизистонда, тўртта опаси Россияда. Жума куни бешта опаси “Шу ерга қўяйлик”, деди. Болалари, дўст-биродарлари шу ерда, Россия фуқароси... Шунга шу ерга қўйдик. Ҳозир қўйиб қайтиб келяпмиз. Шу укамиз яхши одам, меҳнаткаш бола эди. Учта боласи етим қолди. Бу ерга бирга ишлган ходимлар ҳам келишди. Ҳамма у ҳақда яхши гапиради. Ортга қайтиб кирганида угарний газ ютиб олиб 85 фоиз ўпкаси куйиб кетган экан, дейди Анваржоннинг яқинларидан Руслан-ака.

Руслан аканинг сўзларига кўра, Анваржон танасининг 100 фоизи ва юқори нафас олиш йўллари куйиши оқибатида 3 кундан кейин касалхонада жон берган.

“У Россияда 1992 йилдан бери яшарди”, дея давом этади Руслан.

- Челябинскда 1992 йилдан Совет армиясида хизмат қилган. Ундан кейин Челябинскка бориб ишлаган. Кейин уйга бориб уйланган ва 2002 йил Москвага келган. Унинг онаси 3 йил олдин, оатси 10 йил олдин ўтиб кетган эди, оилада энг кичкинаси эди, дея эслайди марҳумнинг қайинакаси Руслан.

Москванинг Черемушки туман суди “Il Pittore” ресторанинг эгаси Сурен Мкртчянни ҳибсга олиш ҳақида санкция берганини маълум қилди. Россия Жиноят Кодексининг қатор моддалари бўйича қўзғатилган жиноий иш бўийча Мкртчян 4 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Ресторан директори ўз адвокати орқали ресторанда жароҳатланган ва нобуд бўлганларнинг оилаларига 5 миллион рубл миқдорида кредит олиб, ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Москва Соғлиқни сақлаш департаменти тарқатган хабарга кўра, 14 январ куни 36 сонли шифохонадан исми айтилмаётган 43 ёшли Ўзбекистон фуқаросига жавоб берилган.

Бироқ на Ўзбекистон элчихонаси ва на бошқа расмий идоралардан жароҳатланланганлардан қанчаси Ўзбекистон фуқароси эканлигини аниқлашнинг иложи бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG