Линклар

logo-print

Ўзбек-тожик чегарасидаги божхона постлари ёпилдими?

  • Гулнора Равшан

Расмий маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасида 16 та божхона пости бор.

Расмий маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасида 16 та божхона пости бор.

Тожикистон Божхона қўмитаси раиси муовини Неъмат Раҳматов Ўзбекистон билан чегараларда фаолият қилаётган 16 божхона постидан тўққизтаси Тошкент қарори билан ёпиб қўйилганини билдирди.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1992 йил имзоланган шартномага мувофиқ, чегара ҳудудларимизда 16 та божхона пости фаолият юритиши лозим. Аммо айни пайтда шу постлардан тўққизтаси ёпиб қўйилган. Ўтган йил 1 августида улар Тожикистоннинг шимоли билан чегарадош ҳудудларидаги учта постда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли ёпилганини хабар қилган эди. Аммо қолган олтита божхона постининг нега ёпилгани ҳамон номаълум, - дея билдирган 16 январ куни журналистларга матбуот анжумани берган расмий Раҳматов.

Бироқ Тожикистон Божхона қўмитаси раиси муовини Неъмат Раҳматовнинг Ўзбекистон божхона постларини ёпганига оид гапларини шу идоранинг матбуот хизмати раҳбари Нурулло Шарифзода тасдиқламади.

- Ўзбекистоннинг ҳам бошқа давлатлар сингари ўз қонун қоидасига бор. Биз бунга дахл қила олмаймиз. Масалан, дам олиш куни, профилактика куни ёки текшириш куни сабабли баъзан бир кун, икки кун божхона постлари ёпилади. Баъзан шубҳали юклар тўғрисида маълумот юзасидан махсус текширувлар бўлиб қолиши мумкин. Шунга қарамай, улар биз билан доимий алоқада, ҳамкорликда бўлиб турибди. Бордию постлар ёпилса, улар бу ҳақида бизга албатта хабар беради. Зеро, Ўзбекистон ҳам экспорт, ҳам импортдан манфаатдор, - деди Тожикистон Божхона қўмитаси масъули Нурулло Шарифзода.

Аснода Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийлари икки давлат чегараларида мавжуд 16 та божхона постидан тўққизтаси фаолият қилмаётганига оид маълумотлардан хабарсиз эканларини айтди.

Сўнгги вақтлар Тожикистон расмийлари Ўзбекистон томонини назорат-ўтказиш постлари ёки божхона постларини расмий огоҳлантиришсиз ёпиб қўяётганликда айблаб чиқмоқда. Бунга муносабат билдирган тожикистонлик иқтисодчи, ўзбек-тожик муносабатларини кўп йиллардан буён кузатиб келаётган мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонга нисбатан беписандлик билан иш юритаётганини таъкидлади.

Айни пайтда таҳлилчи Умаров бунга Тожикистон давлат идораларидаги кадрларнинг ўз ишини яхши билмаслиги ҳам сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

- Зеро, уларнинг кўпчилиги нообъектив равишда бу вазифаларга тайинланган. Шу сабабли улар ўз зиммасидаги вазифани яхши бажара олмайди. Ҳатто мулозимларнинг 92 фоизи бошқа давлатлар билан музокара қила олмайди. Бу, ўз навбатида, ўша давлат расмийларининг ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Умаров.

Бошқа бир таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов фикрича, Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида имзоланган бир қатор ҳамкорлик шартномалари қоғоздан амалга кўчмаган.

Бошқа томондан, сиёсий таҳлилчига кўра, Ўзбекистон томони Тожикистон олдидаги халқаро мажбуриятларини ҳам бажармаяпти.
XS
SM
MD
LG