Линклар

Ўзбекистон ҳукуматининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2011 йил 18 майда қабул қилган қарори 1 январдан кучга кирди.


Мазкур қарорга мувофиқ бутун Ўзбекистон бўйлаб таксилар сариқ рангга, Тошкентда эса қаймоқ рангига бўялиши лозим. Уларнинг томига зарғалдоқ рангда TAXI ёзуви туширилган фонар ўрнатилиши, олдинги эшикда эса шашка ва Т ҳарфи акс этиши лозим.

Бундан ташқари, таксининг бўшлигини англатувчи яшил чироқ, ҳисоблагич, радио алоқа, назорат-касса машинаси ҳамда пластик карта тўлов терминали ўрнатилиши лозим.

Ҳукумат қарори талабини бажармаган таксичилар энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробари (480-2400 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади. Бу ҳолат иккинчи марта такрорланса, киракашнинг автомобили мусодара қилинади.

Шу боис таксичилик қилиб пул топаётган аксар фуқаролар тирикчилик янада оғирлашиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Кракашлик қилганмисиз?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Абдулазиз, фарғоналик тадбиркор:


- Ҳа, кракашлик қилиб кўрганман. Кўпмас, тахминан 2 ой. Ҳаракат қилиб кўрганман. Бошламоқчи бўлганман, лекин қийинроқ экан. Энди ҳар битта ишнинг ўз қийинчилиги бор. Таксида ишлаш мен учун эмас экан. Ишлаб кўрмоқчи бўлганимда ҳеч қанақа документ қилмаганман таксига. Лицензия бўлмаса, солиқчилар солиқ сўрайди, лицензия сўрайди, линияга қўймайди. Таксист бўлиб ишласангиз бўлади, дейишди. Чиқиб кўрдим. Қиммат олсангиз, одамлар норози бўлади. Йўлкира қимматлиги одамларга оғирлик қилади. Ҳамма ҳам юра олмайди таксида. Менга ëқмади кейин тўхтатдим.

Азимжон, жиззахлик автомобил устаси:


- Ҳа, кракашлик қилганман. Жиззах-Тошкент ўртаси қатнаганман. 9 йиллар бўлиб қолди. Энди у пайтларда тинч эдику. Энди бир-иккитаси пулини бермай, угрожат қилганини эшитиб турамиз. Ҳозир энди камайиб қолди. 10 кунми чиқдим, менга тўғри келмади. Кейин яна ўзимнинг ишимни қилавердим. Ўзимнинг машинамда бир кўрдимда. Киракашлик қила олмадим. Сабр қилиб кутиш керак, клиент йиғиш керак. Ҳар хил одам бор. Биров машинанинг ичидан туфлайди, биров сигарет чекади, шунақалари ëқмади менга. Кейин тинчгина ўзимнинг ишимни қилдим. У пайтда документ сўрамас эди. Ҳозир сариққа бўя, дейди, номер олиш керак, рациями шунақаси бўлиши керак. Облава бўлиб ëтибди бизнинг кўчада ҳам.

Руҳиддин Комилов, адвокат:


- Йўқ, йўқ, мен шофëр эмасман. Кира қилмаганман. Машинам йўқ. Машина бўлганда кира қилармидингиз деган саволга келсак, билмадим, йўқ нарсага жавоб бериш қийин. Авваламбор кира қилишга муҳтож қилмасин ҳеч кимни. Ҳамма ўзининг касби орқасидан бола-чақасини боқсин. Шунинг тарафдориман. Йўлда тўхтатса, олиб кетиш тўғри нарса. Чунки бекор ҳам кетади. Ўша бензин, ўша харажат. Одам олгани билан бензин камайиб ëки кўпайиб қолмайдику. Табиий нарсада бу. Йўловчи танлайди кимнинг машинасига минишни. Пулни берадига одам танлайди. Хоҳласа кўтаради қўлини, хоҳламаса кўтармайди, хоҳласа бошини қашиб қўя қолади.

Содиқжон, қашқадарëлик қурилиш муҳандиси:


- Йўқ, киракашлик қилмаганман. Машинам йўқ. Машинам бўлганда энди вазиятга қарардим. Ҳаражатни қоплайдиган бўлса, қанақа машина бўлишига қараб. Энди киракашликнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор. Қоплаган вақтда шофëр ишини қилиб юраверади, қопламаганда аччиқланиб юришади. Унчалик қизиқмайман. Менинг характеримга тўғри келмайди. Одамлар билан муомала қилишга асабим дош бермайди. Биров яхши муомала қилади, биров ëмон. Ҳар хилда.

Абдураҳмон Ташанов, ҳуқуқ ҳимоячиси:


- Мен анчадан бери машина ҳайдайман, лекин киракашлик қилмаган эканман. Тўрт йилдан бери машинадаман. Йўл-йўлакай кимнидир савоб учун олиб кетишим мумкин танишларим бўлса. Лекин киракашлик қилмаганман. Биринчи навбатда мен ҳамма нарсани олдиндан режалаштирадиган одамман. Масалан машина фақат ўзингизга хизмат қилиши керак. Машинанинг расходи қанча, мен унинг қайси томонини қоплайман, буни аввалдан режаклаштирганим учун киракашлик менинг режамга кирмай қолган. Мен вақти кам бўлган одам бўлганлигим учун кимгадир хизмат кўрсатиш ниятида бўлмаганман. Чиройли қизлар, аëллар турган бўлса, олиб кетаман гаплашиб кетишга. Масалан узоқ сафарга чиқасиз, бошқа бўлади. Ўзингизга ëққан одамлар бўлса, ҳушëр кетиш учун, имконият даражангизни бойитиш нуқтаи назаридан олиб кетса бўлади. Мен шунақа қиламан. Шундай кўп информация берадиган йўловчилар борки, ҳамма нарса журналистлик фаолиятимга, ҳуқуқ ҳимоячилигимга қаратилган. Машина ҳам, бошқаси ҳам, ҳамма нарса. Ўша нуқтаи назардан ëндашаман. Ҳаттоки бир жойга бепул олиб бориб келишга ҳам розиман. Фақат у инфиормациянинг эвазига. Агар ижара нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, мен ахборот учун ижара қиламан. Масалан менга одамлар пул ўрнига ахборот берса бўлди. Кексалар, эҳтиëжманд одамлар чиқса ҳам олиб кетаман.

Баҳодир ака, фарғонлаик такси ҳайдовчиси:


- Таксичи бўлиш енгилликка енгил, иш бўлганда оғир. Пул топишга келганда бирингиз икки бўлиши қийин. Анчадан бери таксистлик қиламан. 10 йил бўлса керак. Ëмон тарафи ҳар хил одам чиқади. Ичган бўлиши мумкин. Энди Худо сақласину, яхши томони ишлаб юрсангиз яхши. Энди қандай тушунтирсам бўлади. Ундан кўра келсангизчи, бир гаплашайлик. Телефондаги гапмаску бу. Просто бу иш оч қолмаслик учун холос. Бир нарса орттириб қила олмайсиз бу ишдан. Мен шунақа деб тушунаман. Мен ҳозир йўлда кетаяпман. Тўхтаганда гаплашайлик.

Абдураҳим ака, бухоролик шифокор:


- Йўқ кира қилмаганман. Менинг машинам йўқ. Медицина соҳасида врач бўлиб ишлаймиз. Касални алдаб қўлидан пулини олиб машина сотиб олишга қобилиятимиз йўқ. Кира қилиб юрганларга бундан кейин қийин бўлиши мумкин. Биринчи январдан бошлаб ҳукумат таксиларни сариққа бўяб, бошқа мосламалар қўйиб лицензия асосида ишлаш ҳақида қарор чиқарган. Лекин ўша қарорига ҳамма риоя қилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG