Линклар

Талабалар шаҳарчаси исёнига 20 йил тўлди

  • Абдулла Искандар

Бундан 20 йил муқаддам, 1992 йилнинг 16 январида Тошкентда талабаларнинг нон нархи ошганига қарши норозилик чиқиши қонли намойишларга айланиб кетган эди.


Ҳукумат кучларининг талабаларга қарата ўт очиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, икки киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яралангани айтилади.

Ўша пайтда Тошкент Давлат Университети филология факултетида таҳсил олган ва ҳозир Канадада сиëсий муҳожир мақомида яшаëтган 48 ёшли Абдувоҳид Ҳайитов студентлар исëни билан боғлиқ воқеаларни яхши эслайди.

- Биз талабалар шаҳарчасида айнан ўша тўполоннинг ичида эдик. Талабалар шаҳарчаси марказида жойлашган бозор томон юра бошлашди. Менга шундай туюлдики ўша пайтда, буни қандайдир кучлар атай уюштираëтгандай туюлди. Чунки болалар қандайдир ғайритабиий фаоллик кўрсатган ҳолда нима қилишдида. Адашмасам бошида 20-30 талаба бўлган бўлса, юзлаб талаба қўшилиб кетди.

Озодлик: Нимадан норози бўлишди улар?

- Менимча, биринчи сабаб нон нархи ошгани. Менимча, вузгородок (талабалар шаҳарчаси) бутунлай йиғилди марказда. Ëтоқхоналарда бирор киши қолмаган бўлса керак. Балки бошқа жойлардан ҳам одам келиб қўшилган. Одам жуда тўлиб, йўл ëпилиб, жуда катта ваҳимали гаплар бўлди. Юзлаб одамлар ўлган, минглаб одамлар автобусларга тиқиб олиб кетилган, дегандай ҳар хил гаплар бўлди. Юзлаб талабалар қамалган бўлса, журналистик факултет талабалари уларни қандай олиб чиқишни ўйлай бошладик, дейди Абдувоҳид Ҳайитов.

Исëн бостирилиб талабалар ҳибсга олингач, 13 нафар талаба очлик эълон қилди. Улар ҳибсга олинган талабаларни озод этишни талаб қилишди.

17 январ куни эрталаб бошланган бу тадбирдаги 13 талабадан бири Абдувоҳид Ҳайитов эди.

- Яхши бир акция уюштириб қамалганларни қутқариб олиш керак эди. Чиндан ҳам ўқ овозлари жуда кўп бўлганлиги учун юзлаб талабалар чиндан ҳам ўлган бўлса керак деб ўйлаганмиз. Эртасига адашмасам 13 киши очлик эълон қилдик. Тошкент Давлат Университети олдида, Ленин ҳайкали олдида бир кун давомида “Талабалар озод қилинсин” ва шунга ўхшаш яна иккита-учта талаблар билан турдик. Бизнинг олдимизга жуда кўп одамлар келди. Ўша пайтда кўпроқ Бирлик халқ ҳаракатининг раиси Пўлатов, ТошДУ ректори, жуда кўп журналистлар, чет эл журналистлари келди, дейди ўша пайтдаги воқеаларни эслаган Абдувоҳид Ҳайитов.

Журналист шунингдек, воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилиши ва талабаларни отишга буйруқ берганлар аниқланиб, жазога тортилишини талаб қилганларини ҳам эслайди.

Ана шундан кейин воқеаларни ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди, аммо орадан кўп ўтмай комиссия тарқатиб юборилди.

Мухолифат ўзагини ташкил этган ижтимоий-сиёсий бир куч сифатида кўрилган талабалар ўқишни ўз вилоятларида давом қилдирадиган бўлди.

Абдувоҳид Ҳайитов бу воқелар Каримов режими учун мамлакатдаги ҳурфикр муҳитни йўқ қилиш учун баҳона бўлди, деб ҳисоблайди.

- Албатта ҳозирги режимга хизмат қилди. У пайтда йиғилиб қолган масса бор эди. Революцион куч дейиш мумкин. Ўша нарсанинг олдига панжара қўйилди. Ўша нарсанинг олди олинди. Бу ҳозирги режимга фойда. Ҳудди шу нарса ҳозиргача ушлаб турилибди, дейди Абдувоҳид Ҳайитов.
XS
SM
MD
LG