Линклар

Ана шундай савол билан Озодлик мухбири Ўзбекистон ташқи сиëсати бўйича таниқли таҳлилчиларни суҳбатга тортди.


Собиқ СССРнинг Яқин Шарқдаги ташқи разведка бўлимларида хизмат қилган 65 яшар Абдулазиз Комиловнинг қарийб 10 йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимига қайтиши мамлакат ташқи¸ қолаверса ички сиëсатидаги бирор ўзгариш ифодасими?

Юрий Фëдоров¸ Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича Қироллик институти таҳлилчиси¸ профессор:

- Бу жуда қизиқ тайинлов¸ чунки жаноб Комилов ўз таржимаи ҳолидаги икки хусусият билан ном чиқарган. Биринчиси¸ унинг Шароф Рашидовнинг куëви экани. Шу маънода унинг президент Каримовнинг ëнида юрадиган вазир лавозимига қайтиши Каримовнинг қартани яна синовдан ўтган эски кадрларга тикаëтганини кўрсатади.

Иккинчи¸ бундан-да қизиқроқ жиҳат¸ Комиловнинг собиқ СССР ташқи разведкасидаги масъул лавозимларда ишлаганидир. Бундан эса¸ жаноб Комиловнинг бу идорадаги ўз эски ҳамкасблари билан яқин алоқага эга экани англашилади. Комиловнинг қайтиши¸ менимча¸ ана шу икки жиҳати билан қизиқдир.

Алишер Илҳомов¸ Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси:

- Менимча¸ Комиловнинг қайтиши Ўзбекистон ташқи сиëсатининг Ғарб билан яқинлашув томон бурилишини англатади. Чунки сиëсий истаблишментда жаноб Комилов ғарбпараст сиëсатчи сифатида кўрилади. Ўзбекистоннинг Америкадаги элчиси бўлиб ишлаган Комиловнинг АҚШдаги катта сиëсатчи ва нуфузли шахслар билан яқин алоқалари бор.

Шу ўринда мен 2001 йилнинг 11 сентябр воқеаларидан кейин ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган жаноб Комилов Тошкент раҳбарлари орасида биринчи бўлиб¸ гарчи бу фикр Каримовга тегишли бўлса-да¸ АҚШга Афғонистондаги амалиëтлар учун Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишни таклиф қилганини эслатиб ўтмоқчиман.

Айни пайтда¸ собиқ СССР разведкачиси сифатида Комиловнинг Россияда ҳам яхши ва кучли алоқалари борлигини инкор қилиб бўлмайди. Комиловнинг¸ Ўзбекистон учун ҳозирча амалга кўчмаëтган¸ кўп векторли ташқи сиëсатни амалга оширишга уринишини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Аммо кўп нарса¸ унинг бу лавозимда қанча қолишига боғлиқ. Каримов вазирларини фақат ўзигагина маълум сабабларга кўра тез-тез алмаштиргани боис¸ Комиловнинг Ташқи ишлар вазири лавозимида бу гал қанча қолишини тахмин қилиб бўлмайди.

Камолиддин Раббимов¸ ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи:

- Менимча, Комиловнинг қайтиши бу кўпроқ ташқи сиëсат билан эмас¸ балки ички сиëсатдаги конфигурация билан боғлиқ. Агар эътибор берсангиз, Каримовнинг атрофида янги шахслар пайдо бўлмаяпти. Ҳар сафар эски шахслар қайтадан ҳокимиятга асосий ишончли жойларга қайтаяпти.

Элëр Ғаниевнинг ишдан кетиши унинг малакаси билан боғлиқ. Лекин Комиловнинг ишга қайтиши Каримов атрофида шаклланаëтган ва келажакда керак бўладиган ишончли шахслар командасини тайëрлаш билан боғлиқ¸ деб ўйлайман. Баъзилар айтаяптики¸ Комиловнинг қайтиши Ғарб билан яқинлашувни англатади. Лекин Ўзбекистонда ташқи сиëсатни Каримов аниқлайди. Бу ташқи сиëсатнинг ижросини Элëр Ғаниев ҳам қилиши мумкин эди, бошқа шахслар ҳам қилиши мумкин эди. Шунинг учун бу ички сиëсат билан боғлиқ деб ўйлайман.

Саодат Нишонова¸ ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи:

- Комилов - ҳақиқий дипломат. У ҳақда ким нима демасин¸ Комилов ўз ишини яхши биладиган профессионал сиëсатчи. Каримов 20 йилдан бери Ўзбекистон ички сиëсатидаги ўйин қоидаларини ўзгаришсиз сақлаб келмоқда ва Комилов ана шу қоидалар уммонидаги яхши сузувчи.
Мен Комиловнинг Ташқи ишлар вазири лавозимига қайтишини Ўзбекистон дипломатияси учун ижобий ҳодиса¸ деб баҳолайман.
Айниқса¸ Элëр Ғаниев билан солиштирганда¸ Комилов жуда маҳоратли дипломат.

Комилов дунëда бораëтган жараëнлардан объектив хабардор¸ босиқ одам бўлгани учун уни на россияпарас ва на ғарбпарас¸ деб атамаган бўлардим. У Каримов раъйига қарши бормай туриб¸ ташқи ўйинчилар билан муносабатларни мувозанатда ушлашга уринса керак. Ички ўйинчилар билан мувозанат масаласи анча оғир.

Комиловнинг Россия сиëсатчиларига чиқиш учун жуда яхши каналлари бор. Путин ҳокимиятга қайтиб¸ Ўзбекистон-Россия муносабатларидаги жиддий муаммоларга ечимига киришиш арафасида турган ҳозирги босқичда¸ Каримовга Комиловнинг бу каналлари анча асқатишини кутиш мумкин.

Алишер Ҳамидов¸ Вашингтондаги Жон Ҳопкинс институти таҳлилчиси:

- Ўзбекистон ташқи сиëсати вазирининг ким бўлиши Ўзбекистон ташқи сиëсатининг йўналишини кўрсатиб турди ҳар доим. Масалан¸ 2000 йилларда Содиқ Сафоев бўлган вақтда Ўзбекистон Америка билан жуда ҳам яқин бўлган. Кейин Владимир Норов келди. Россияга қараб қадам ташлади Ўзбекистон.

Менинг фикримча, Абдулазиз Комиловнинг келиши Ўзбекистон ҳозир нейтрал сиëсат олиб боришни хоҳламоқда. Абдулазиз Комилов жуда ҳам тажрибали сиëсатчи ва қанақадир бир давлатга, минтақага яқинликдан нарироқда ушлаб турган.

Масалан¸ Америкада беш-олти йил элчи бўлиб ишлаб юрганда кўрганман. Бир-икки марта мулоқотда ҳам бўлганмиз. Очиғини айтсам жуда эҳтиëткор, айëр деса ҳам бўлади, нейтрал инсон. Ўзбекистон сиëсатини ҳам бу киши нейтрал тарафда олиб боради деб ўйлайман.

Каримов ҳозир қариб кетаяпти. Шунинг учун кўп нарсаларни ўзи белгилагани билан маслаҳатчилар ҳам жуда катта рол ўйнамоқда. Шунинг учун Абдулазиз Комиловнинг тажрибаси, қолаверса Ўзбекистон ички сиëсатидаги оғирлиги асосий факторлар бўлди. Бу одамнинг фикрига қулоқ солишади менимча. Нимага деганда совет маҳалдан бери ташқи сиëсат билан ишламоқда. Ички сиëсатнинг ҳам дахли бор бу кишининг шу лавозимга тайинланганига.

*******************************

Абдулазиз Ҳафизович Комилов 1947 йил Тошкентнинг Янгийўл туманида туғилган. 70-йилларда Москвадаги СССР Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатик академиясида таҳсил олган Комилов 1973-1976 йилларда Ливия¸ 1980-84 йилларда Суриядаги СССР элчихонасида ташқи разведка офицери сифатида хизмат қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач¸ 1992-94 йилларда Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари¸ 1994-2003 йилларда эса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. 2003 йилдан 2010 йилга қадар Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канада¸ кейинроқ Бразилиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида хизмат қилган.

2010 йилда Ўзбекистонга қайтарилиб¸ Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган. Тарих фанлари номзоди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG