Линклар

logo-print

Россияда сайловлар сохталаштирилганига қарши намойиш ўтказишга рухсат ололмай тоқати тоқ бўлган барнауллик фуқаролик жамияти фаоллари овозлари эшитилиши учун қўғирчоқларни ишга солишди.


Трансформер роботларию машҳур эртак қаҳрамонлари. Бу ўйинчоқлар Барнаулда 14 январ куни “Ҳалол сайловлар” шиори остида ўтган намойиш қатнашчилари бўлишди.

Бу Россиянинг Олтой ўлкасида ўйинчоқлар иштирокида ўтказилаётган иккинчи норозилик тадбиридир.Биринчиси Рождество байрами арафасида ўтказилган эди.

Изғиринга қарамай, норозилик тадбирига янги қатнашчилар - ўз ўйинчоқларини олиб келишди.

Қўғирчоқларга “Биз ҳалол сайлов тарафдоримиз”, “Единая Россия ўз халқига қарши” деган сўзлар ёзилган шиорлар илинган.

Тадбир ташкилотчилари эса ўйинчоқлар намойишидан жиддий мақсадлар кўзланганини айтишади.

- Ҳеч бўлмаса, шу йўл билан бизни эшитишларини хоҳлаяпмиз. Қанча кўп одам қатнашса, бунинг ҳукуматга таъсири шунча катта бўлади, - дейди барнауллик талаба Олга Артамонова.

Намойиш ўтказишга рухсат ололмай тоқати-тоқ бўлган барнауллик фуқаролик жамияти фаоллари пировардида қўғирчоқларию ўйинчоқларини ишга солишга аҳд қилганликларини айтишади.

Норозилик тадбирининг яна бир ташкилотчиси Андрей Тесленконинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фуқаролар ҳуқуқларини чеклаши мумкин, лекин қўғирчоқларни ифода эркинлигидан маҳрум этолмайди.

- Ахир қандай қилиб ўйинчоқларни ҳуқуқларидан маҳрум этиш мумкин. Бизда сиёсат қандай бўлса, ўтказаётган тадбиримиз ҳам шунга мос, - дейди Тесленко.

Сайловлар сохталаштирилганига қарши Барнаулдаги ҳар икки тадбир ҳукумат рухсатисиз ўтказилди.

Сўнгги тадбир чоғида йигирмага яқин одам милиция бўлимига олиб кетилди.

Андрей Тесленко суд қарори билан жаримага тортилди. Лекин Барнаулдаги тадбирнинг асосий иштирокчилари бўлган ўйинчоқларни ҳукумат жазолай олмади.

Барнауллик кекса фаоллардан бири Сергей Мамаев ўтказилаётган тадбирлар самара беришига ишонади.

- Ниҳоят ёшларимиз оёққа турди. Ёшлар қаддини кўтардими, демак, бу ҳукумат узоқ турмайди. Ўйинчоқларга келсак, буни ортида жиддий мақсадлар бор. Ўйинчоқни қамоққа ташлай олмайсиз, суд қилолмайсиз, лекин бу митти қўғирчоқлар катта ғояларни кўтариб туришибди, - дейди Мамаев.

Таъқибларга қарамай, барнауллик фуқаролик жамияти фаоллари қўғирчоқлар иштирокидаги намойишларни давом эттириш ниятидалар.
XS
SM
MD
LG