Линклар

logo-print

Қирғизистон хавфсизлик хизмати миллий низолардан огоҳлантиради


Янги йил арафасида миллатлараро тўқнашув бўлган Андарак қишлоғи милициянинг кучайтирилган назорати остида.

Янги йил арафасида миллатлараро тўқнашув бўлган Андарак қишлоғи милициянинг кучайтирилган назорати остида.

Қирғизистонда миллатлараро тўқнашув содир этилиши мумкин бўлган 147 ҳудуд бор.


Қирғизистондаги 29 ҳудудда миллатлараро вазият кескинлашган

Ички ишлар вазири ўринбосари Бакит Алимбековнинг Қирғизистон парламенти Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасига берган маълумоти кўпчилик сиёсатчиларни эсанкиратиб қўйган бўлса ажаб эмас.

- Биз томонимиздан республикада миллатлараро низолар содир бўлиши мумкин бўлган нуқталар ўрганиб чиқилди. Бугунги кунда бу рўйхат 147 ҳудуддан иборат, -деди Бакит Алимбеков.

Махсус хизмат раиси Шамил Атаханов.

Махсус хизмат раиси Шамил Атаханов.

Қирғизистон 60 га яқин туманни ўз ичига олган 7 вилоятдан иборат. Ички ишлар вазири ўринбосари берган маълумотдан келиб чиқсак, ҳар бир туманда камида иккитадан миллатлараро низо ўчоғи мавжуд.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам бу йўналишда ўз тадқиқотини олиб борган. Махсус хизмат раиси Шамил Атахановнинг билдиришича, мамлакатда энг катта миллатлараро низолар ўчоғи 29 тадир.

- Бу энг катта тўқнашувлар юз бериши мумкин бўлган ҳудудлардир. Бу ҳудудлардаги кескинликни тез орада оператив тарзда бартараф этиш лозим, -деди Шамил Атаханов.

Ички ишлар вазирлиги ҳам, Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам миллатлараро тўқнашувлар олдини олиш ва вазиятни барқарорлаштириш масаласида парламент ҳамда ҳукуматга ўз тавсияларини тақдим этишди. Мазкур тавсиялар моҳияти ва миллатлараро низолар ўчоқлари айнан қайси ҳудудлар экани жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.

Маҳаллий ҳокимиятлар тўқнашувларнинг олдини олишга ожиз

Парламент депутати Жўўмарт Сапарбаев.

Парламент депутати Жўўмарт Сапарбаев.

Қирғизистон парламенти депутати Жўўмарт Сапарбаевнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ҳисоботидан бир нарса аниқ бўлган: маҳаллий ҳокимиятлар миллатлараро муносабатларни яхшилаш йўналишида иш олиб бормаяпти, ҳокимиятлар тўқнашувларнинг олдини олишга ожизлик қилмоқда, ҳукуматнинг эса этник сиёсат борасида чуқур таҳлил асосида ишлаб чиқилган дастури мавжуд эмас.

- Маҳаллий ҳокимиятлар, прокуратура, суд ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари этник мансубликка ёки кимнинг кўпроқ пул беришига қараб қарор чиқармоқда. Бу миллатлараро муносабатлардаги энг катта муаммодир. Бу муаммони ҳал этишга қаратилган концептуал дастурнинг ва таҳлилнинг йўқлиги вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда, -деди Жўўмарт Сапарбаев.

Этник ўзбекларнинг ҳам ўз таклифлари бор

Айни пайтда этник ўзбекларнинг миллатлараро низолар олдини олишга қаратилган ўз таклифлари бор.

- Менинг фикримча, президент миллатчиларга нисбатан қаттиқ жазолар қўлланилишини талаб қилиш керак. Миллатчиларни 10-15 йилга қамаш тўғрисида қонун қабул қилинсагина, ўзгариш бўлиши мумкин. –дейди Абдураззоқ.

Ўш воқеаларида айбланиб асосан этник ўзбеклар судланди.

Ўш воқеаларида айбланиб асосан этник ўзбеклар судланди.

​Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов эса Қирғизистондаги жиноий қонунлар этник озчилик вакилларига нисбатангина қўлланилмай, титул милатга нисбатан ҳам ишлатиши лозимлигини айтади. Унинг фикрича, шундагина миллатлараро муносабатларда ижобий ўзгаришларни кутиш мумкин.

- Бирдан бир таклифимиз ва бирдан бир талабимиз, ким бўлишидан қатъий назар қонунда белгиланган жазони олиши керак. Қирғизистон қонунлари жуда ажойиб. Чиройли қонунлар. Лекин бу қонун бир миллатга нисбатан ишламаяпти. Бошқа миллат вакилларига жиноий қонунларнинг бир эмас, бир нечта моддасини қўллашади, лекин нимагадир бу қонунлар титул миллат учун ишлатилмайди, -деди Абдумалик Шарипов.

Қирғизистонда янги йил арафасида Чуй вилоятининг Маевка ва Жанижер, Боткен вилоятининг Андарак қишлоқларида қирғизлар, кавказлар ва тожиклар ўртасида миллатлараро тўқнашув содир этилди. Қисқа вақт ичида учта тўқнашувнинг содир бўлиши Қирғизистон ҳукумати ва жамоатчилигини ташвишга солиб қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG