Линклар

logo-print

Сўнгги 17 кун ичида Санкт-Петербургда пул учун ўзбек ўз ҳамюртини ўғирлаши билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланди.


Санкт-Петербургда кейинги 17 кун ичида "одам ўғирлаш" айблови билан Ўзбекистоннинг беш фуқароси ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка Санкт-Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов маълум қилди.

- Бир ойдан ҳам камроқ вақт ичида, 14 январ ва (ўтган йилнинг) 28 декабрида, 17 кун ичида шаҳримизда ўзбек ўзбекни ўғирлаб пул талаб қилганига доир иккита ҳолат қайд қилинди. Иккита воқеа бўйича беш нафар ўзбекистонликка қарши жиноий иш қўзғатилди,- дейди Сергей Капитонов.


3600 доллар учун одам ўғирлаш


14 январ куни Санкт-Петербург полицияси одам ўғирлаш айби билан Ўзбекистоннинг уч фуқароси - 22 ёшли Умиджон Парманов, 26 ёшли Шоҳимардон Тўхтаев, 21 ёшли Шаҳбоз Ашуровни қўлга олди.

- Ўзбекистоннинг уч фуқароси 32 ёшдаги ўз ҳамюртини ўғирлаб, уни озод қилиш эвазига 110 минг рубл (3600 АҚШ доллари) пул талаб қилишган. Уч ўзбек 5 январ куни ўз ҳамюртини "BMW" автомобилига куч билан ўтқазиб, уни тўққиз кун давомида қамаб қўйганлар,- дейди Сергей Капитонов.

Ўғирланган ўзбекнинг укаси 6 январ куни акасининг номаълум кишилар томонидан ўғирлангани ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилади.

15 январ куни Санкт-Петербург Тергов бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан одам ўғирлаш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғайди.

5000 доллар учун одам ўғирлаш


28 декабр куни Санкт-Петербургда ўзбекистонлик 23 ёшли Замир Рахматов билан 20 ёшли Адҳам Мамазиёев одам ўғирлаганлик ва таъмагирликда айбланиб ҳибсга олинди.

- Ҳибсга олинган Рахматов билан Мамазиёев ҳамюртини ўғирлаб, уни уриб-дўппослаб 150 минг рубл (5000 АҚШ доллари) талаб қилишган. Улар ўтган йилнинг 28 ноябрида Ломоносов шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик 24 ёшли фуқаро уйига бостириб кириб, уни куч билан номаълум жойга олиб кетишган. Шундан сўнг уни номаълум бир квартирада бир ойдан ортиқ вақт давомида тутқунликда ушлаб туришган, дейди Санкт Петербург тергов қўмитаси вакили Капитонов.

2011 йилнинг 28 декабр куни ўғирланган 24 ёшли ўзбекистонликнинг хотини пул тўлаб, уни қутқаришга рози бўлишади.

Рахматов билан Мамазиёев ваъда қилинган пул эвазига ўз ҳамюртини “озод” қилаётган пайти полиция томонидан ушланади.

Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган ва бу воқеадан хабардор ўзбекистонлик Озодликка ўзаро суҳбатда буларни гапириб берди.

- Ўғирланган одам ўзи қурилишда бригадир бўлган, уларни ишлатиб пулини олиб бермаганда. Кейин қочиб кетган. Аслида ўғирланган одамнинг ўзи қарздор бўлган. Анави талаб қилганлар ўзининг ҳаққини талаб қилган. Энди худди анавилар ўғирлаб кетиб, пул талаб қилган деб ëзганку. Хотини ëзганда шу нарсани. Аслида анави бола ўзи қарздор бўлган. Ишлатиб пулини бермаган. Пулни бермагандан кейин анавилар шу ишни қилишга мажбур бўлган. Асли айб ўғирланган одамнинг ўзида бўлган. Ўзи рози бўлган. Пулини олиб келиб бергунча рози бўлган шу ердаги квартирада улар билан бирга туришга. Ўғирлаб кетиб уни қамаб қўйган жойи йўқ,- дейди ўзбек муҳожири.

Айни пайтда иккала ҳолат бўйича ҳам тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россия қонунларига кўра, ушбу жиноятларни содир этганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади.

Санкт-Петербург Тергов бошқармасидан олинган маълумотга кўра, ўз ҳамюртини ўғирлаб пул талаб қилиш ҳолати ўтган йили ҳам 2-3 марта кузатилган.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, ўзбек ўзбекни пул учун ўғирлаш ҳолатлари Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам учрайди.

- Ўзбек ўзбекни ўғирлаш ҳолатлари жуда кўп. Матбуотга фақат терговчиларга маълум бўлгани етиб боради. Лекин бу каби жиноятлар очилмай қолган ҳолатлар ҳам анчагина. Рус тилини билмаслик, милициядан қўрқиш орқали ўғирлик ҳолатлари ёпиқлигича қолиб кетади. Бир тарафдан бунинг сабабларини иқтисодий муаммолардан қидириш мумкин. Яъни ўзбек ўз ҳамюртларини алдаб ишлатади. Пулини ололмаган ўзбек ўғирлаб кейин пулини талаб қилади. Энди кейинги пайтда ўзбеклар орасида бир-бирини ўғирлаш, бир-бирини алдаб кетиш, бир-бирини устидан милицияга ёзиб бериш ҳолатлари кўплаб учраяпти,- дейди Баҳром Ҳамроев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG