Линклар

Таҳлилчиларга кўра, Mail.ru ширкати томонидан Футубра.Ру домен номи билан ишга туширилган янги микро-блог тармоғи оммабоп Твиттер хизмати билан рақобатчи бўлади.


Айни дамда Футубра.ру "бета", яьни синов версиясида ишга туширилган. Шунга қарамасдан, Интернет фойдаланувчилари унда рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Озодликнинг "Ёш тўлқин" саҳифаси таҳририяти янги микро-блог хизматини биринчилардан бўлиб синаб кўрди.

Футубра.ру даги дастлаб кўзга ташланадиган нарса бу ҳар бир хабар/ёзувнинг 200 белгига эга бўлиши (Твиттерда атиги 140 белги). Футубра.ру фойдаланувчиси ўз саҳифасига матн, сурат ва видеолар жойлаши, у ерда иқтибослар келтириши ёки режадаги воқеа-ҳодисалар билан ўртоқлашиши мумкин.

Янги микро-блогнинг "фишка"си, яьни хос жиҳатларидан бири бу "Зерикиб кетдим!" (Скучно!) тугмачасидир. Фойдаланувчи ушбу тугмачани босиб, нима сабабдан зерикиб қолганини тармоқдаги дўстларига айтиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Футубра.Ру таниқли Твиттер сайтига рақобатчи бўлади. (Суратда Твиттер логоси)

Таҳлилчиларга кўра, Футубра.Ру таниқли Твиттер сайтига рақобатчи бўлади. (Суратда Твиттер логоси)

Ушбу тугмачадан фойдаланишни бошлаган юзерлар Футубра ходимларига "Вақтим чоғ!" (Весело) тугмачасини ҳам қўшишни тавсия қилишмоқда.

Твиттердаги каби Футубра да ҳам ҳар бир ёзувни алоҳида саҳифада очиш мумкин. Фойдаланувчилар бир-бирларининг ёзувлари остида шарҳ қолдириш имкониятига эгалар. Айни дамда муайян ёзувга обуна бўлган юзерлар матн остига қўйилаётган шарҳлардан ҳам баҳраманд бўлишлари мумкин. Футубрада ҳам шарҳлар Твиттер даги каби асосий ёзув остидан жой олади.

Фойдаланувчилар ўзларига маъқул бўлган ёзувларга "Ёқди" (Мне нравится) тугмачаси орқали овоз беришлари ёки уларни иқтибос сифатида ўз саҳифаларида келтиришлари мумкин (Твиттер да бу "RТ" ёки "ретвит" дейилади).

Футубранинг Твиттердан яна бир фарқли тарафи шундаки, фойдаланувчилар "Facebook" ва "Одноклассники" ижтимоий тармоқларидаги каби гуруҳлар очиш ва уларга қўшилиш имкониятига эгалар.

Таҳлилчиларга кўра, янги ишга туширилган Футубра.Ру хизмати микро-блоглар орасида етакчилик қилиб келаётган Твиттер сайтига рақобатчи бўлади.

2006 йили ишга тушган Твиттерда айни дамда 200 миллион фаол фойдаланувчи бор. Твиттер россиялик интернет фойдаланувчилар орасида ҳам машҳур. Россияда мамлакат президенти Дмитрий Медведев ва яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлар Твиттерда ўз саҳифаларига эгалар.

Ру. домен ҳудудида янги микро-блог хизматини ишга туширган Mail.ru Group холдинги 2010 йили ташкил топган. Бу ташкилот "Одноклассники.ру" ва "Мой мир" ижтимоий тармоқлари акцияларини тўлалигича назорат қилади ҳамда "ВКонтакте", "Facebook" каби ижтимоий тармоқлар акцияларида ўз улушига эга.

Эслатамиз, Mail.ru Group ширкати акцияларининг катта қисми янги технологияларга катта эътибор берувчи асли ўзбекистонлик, айни дамда Россия фуқароси бўлган бизнесмен Алишер Усмоновга тегишли.
XS
SM
MD
LG