Линклар

Владивостокдан Тошкентга авиақатновлар бошланди


"Владивосток Авиа" ширкати самолётлари ҳафтасига бир марта Владивосток-Тошкент-Владивосток йўналиши бўйича учиши режаланмоқда.

"Владивосток Авиа" ширкати самолётлари ҳафтасига бир марта Владивосток-Тошкент-Владивосток йўналиши бўйича учиши режаланмоқда.

17 январдан бошлаб Россиянинг “Владивосток Авиа” компанияси самолётлари Владивосток-Тошкент йўналиши бўйича учади.


Владивостокдан Тошкентга тўғри йўл


Россия авиаширкатлари Ўзбекистонга авиақатновлар сонини оширишни давом эттирмоқда.

Россиянинг Узоқ Шарқини Ўзбекистон билан боғлайдиган биринчи халқаро авиарейс ишга тушди. “Владивосток Авиа” авиакомпаниясининг ўзини Ольга деб таништирган матбуот котиби Озодлик Радиосига бу маълумотни тасдиқлаб, шундай деди.

- Бизда Владивосток-Тошкент йўналиши бўйича сешанба кунлари тўғридан-тўғри рейслар, Сеул орқали эса душанба ва сешанба кунлари рейслар амалга оширилмоқда. Парвозлар 142 йўловчига мўлжалланган ва жуда қулай бўлган ТУ-204 ҳаво кемалари ёрдамида бажарилади. Самолётда 8 та бизнес ва 134 та эконом русумидаги ўриндиқлар бор. Демак, бу рейс орқали нафақат Приморье, балки Камчатка ва Сахалинда яшовчилар тўғридан-тўғри Тошкентга учиш имкониятига эга бўлди,- дейди “Владивосток Авиа” расмийси.

Авиаширкат вакилининг келтирган маълумотларига кўра, Владивосток-Тошкент йўналишида ҳафтанинг сешанба кунлари парвоз қиладиган самолёт чиптаси камида 18 минг рубл, Тошкентдан Владивостокка учиш чиптаси нархи - камида 22 минг рублга баҳоланди.

Чипталар нархларидаги бундай тафовутни матбуот котиби нархлар Ўзбекистон томони билан "келишилгани" тарзда белгилангани билан изоҳлади.

“Владивосток Авиа” ширкати расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Приморье маркази Владивостокдан Тошкентгача бўладиган ўртача 8,5 соатлик парвоз Южно-Сахалинск – Владивосток ва Петропавловск-Камчатский – Владивосток рейслари билан бирлаштириш кўзда тутилган.

Айни пайтда, 2011 йилнинг июн бошларида Тошкент – Владивосток – Тошкент йўналиши бўйича “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing-757 самолётида чартер рейслари амалга оширилгани хабар қилинган эди. Авиаширкат расмийлари бу қатновлар фақат ёз фаслида йўловчиларнинг кўплиги ҳисобга олиниб йўлга қўйилгани, бироқ кузда Тошкентдан Владивостокка самолётлар доимий қатновда бўлишини ваъда қилган эди.

Аммо, янги йил арафасида фақатгина Наманган – Нижний Новгород доимий рейси иш бошлагани хабар қилинмоқда.

Самолёт қулайми, поезд?


Ўзбекистон расмийлари Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка ошкор этмасада, Россия расмийларига кўра, мамлакатда рўйхатга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони икки ярим миллиондан уч миллионгачани ташкил қилади.

Айни пайтда Россияда меҳнат қилаётган кўплаб муҳожирлар самолётнинг поездлардан афзаллигини биринчи навбатда уларнинг тезлиги билан боғлайди.

Москвада 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида мардикорлик қилиб юрган андижонлик Илҳомжон бугунги кунда самолётнинг поезддан афзаллигини бошқа сабаблар ҳам билан тушунтиришга уринди.

- Мен кўпроқ самолётда юраман, поезд йўлларини кўряпсизку. Поездда келаётганингизда Қозоғистоннинг йўлида жуда ҳафсалангизни пир қиладида. “100 сўм, 100 сўм”, деб документингиз тўғри бўлсаям – нотўғри бўлсаям жуда чарчатворади.

Агар Қозоғистонда чегарачию божхоначиларнинг "йўлтўсарлиги" бўлмаганда, поездда юрган арзонроқ. поездда кетганга етмайди, дейди Илҳомжон.

Илҳомжонинг сўзларини Владивостокда анчадан бери қурувчилик қиладиган Раҳматилла ҳам тасдиқлади. У Тошкент-Владивосток йўналиши бўйича авиарейслар очилганини ижобий баҳолаб, рейслар сони кўпайса, билетлар нархлари ҳам арзон бўлишини гапиради.

- Яхши бўлардида! Ўзбекистондан келган одамлар, ҳатто Ўзбекистон орқали келаётган қирғизистонлик одамлар Москвани айланиб келганидан кўра тўғри келгани яхшида. Пересадка, ортиқча қийинчилик йўқ, биринчидан қулай, арзон. Москва орқали боллар 22 мингга боришди. Поезднинг битта қулай томони – арзонроққа борамиз. Ҳозир тахминан айтиб бераман. 7-10 минг рублга битта одам уйнаб кулиб етади Тошкентга. Поезд Владивостокдан 5 кун Новосибирскка, у ердан Тошкентга икки кунда, жами 6-7 кунда етиб боради. Ундан кўра, 18 минг бериб туриб 8-9 соатда ҳаммамизга Тошкентга етган маъқулда, дейди Раҳматилла ака

Унинг фикрича, самолётнинг тезлигига қарамасдан, меҳнат муҳожири учун ортиқча 200-300 доллар тўлаш оғирлик қилади. “Шу сабабли, шошилинч бўлмаса агар, иложи борича бизлар арзонроқ транспортни танлаймиз”, дея давом этади Владивостокдан Раҳматилла ака.

- Лекин бунинг битта “но”си бор. Қозоғистонда кетаётганида айнан ўзбек йигитларини қийнайди. “Пул ишлаб келяпти”, деб пул олиш мақсадида ҳар хил нарсаларни қилишадида. Қозоғистондаги қийинчиликларни ҳисобга олинмаса поезд қулай бизга, чунки шунча келиб қишнинг совуғида ишлаймиз. Энди шу поездда кетишга эринмаймизку. Ота боболаримиз аравада ҳам юрганда, поездда юрса ҳеч нарса бўлмайди! Россияда фақат бир марта текшириши мумкин. Қозоғистонда ҳар бир шаҳрида участковойи чиқади Шуларга ҳар бирига узатмасангиз бекорга чиқиб-тушмайдида милицияси, дейди Раҳматтилла ака.

Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Миллий авиакомпанияга қарашли 11 аэропортдан олтитаси - Тошкент, Самарқанд, Бухора, Урганч, Термиз, Навоий аэропортларига халқаро мақоми берилиб, уларнинг барчасидан Россиянинг йирик шаҳарларига авиақатновлар йўлга қўйилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 2011 йилнинг биринчи олти ойи давомида 1,06 миллион йўловчи ташиганини маълум қилди. Уларнинг каттагина қисми Россияга учгани айтилади.

Ўзбекистонга Россиядан “Аэрофлот”, “Трансаэро” ,“Ютэйр” ва “Владивосток Авиа” авиаширкатлар самолётлари учиш ҳуқуқига эга.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон миллий валютаси – сўмда сотилган билетлардан йиғилган пулни конвертация қилишда муаммоларга дуч келаётган Россия Транспорт вазирлиги “Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг Россияга рейслари сонини қисқартириши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG