Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:41

Зиёдулло Раззоқов ишга қайта тикланди


Ўқитувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Зиëдулло Раззоқов.
Ўқитувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Зиëдулло Раззоқов.

Жиззах вилояти Зарбдор туман прокуратураси Зиёдулло Раззоқовни ишдан ноҳақ бўшатилган деб топиб уни ишга қайта тиклади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ўқитувчи ўтган ҳафта ишдан ҳайдалган эди.


17 январ куни Жиззахнинг Зарбдор туманидаги Шароф Рашидов номли 1-мактаби ўқитувчиси 46 ёшли Зиёдилло Раззоқов ўз вазифасига қайта тикланди.

Бу ҳақда Озодликка Раззоқовнинг ўзи маълум қилди.

- Прокуратура мактаб касаба уюшмаси мен касал бўлган пайтимда ноқонуний равишда йиғилиш ўтказиб, қарор қабул қилиши қонунга зид экани ва ҳеч қандай огоҳлантиришсиз мени шартномамни бекор қилганини қонунга зид деб топиб, прокуратура мактаб директори чиқарган буйруғи ва касаба уюшмаси қарорига протест келтириб, мени қайта ишга тиклади,- дейди Раззоқов.

12 январ куни Раззоқов ўқитувчилик фаолиятида меҳнат шартномаси бандларини бажармагани, ижро интизоми қоидаларига амал қилмагани учун мактаб директори ўринбосарларининг билдиришномалари асосида ишдан бўшатилган эди.

Ишдан бўшатилишига инсон ҳуқуқларига оид фаолияти ва мактаб директори Бахтиёр Элмуродовнинг шахсий адовати сабаб бўлганлигини таъкидлаган Раззоқовга кўра, Элмуродовга нисбатан прокуратура интизомий жазо белгилаган.

- Элмуродов чиқарган буйруғи, бекор қилинган меҳнат шартномаси қонунга зид экани далилий ашё сифатида келтирилиб, уни эгаллаб турган мансабини суиистеъмол қилган деб топиб, прокуратура унга интизомий жазо қўллади,- дейди Раззоқов.

2010 йилнинг охирида ҳам Раззоқов ишдан бўшатилган, бироқ Зарбдор туман фуқаровий ишлар суди қарори билан яна ишга тикланган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган Зиёдилло Раззоқов мактаб ва халқ таълими тизимидаги қонун бузилишлари, болалар меҳнати, кадрларнинг лаёқатсизлиги ҳақида хорижий матбуотга хабарлар бериб келади.

Ўтган йили пахта терими мавсумида матбуотга ахборот бергани учун 1-мактаб директори Бахтиёр Элмуродов уни ўқувчилар ва ўқитувчилар кўз олдида калтаклаган эди.

Бу воқеадан сўнг Зиёдилло Раззоқов мактаб директорини судга берган, суд директорни айбдор деб топиб, уни энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жаримага тортган эди.
XS
SM
MD
LG