Линклар

logo-print

Ўзбекистон Қирғизистонга табиий газнинг ҳар минг кубини 290 АҚШ долларидан етказиб беришга тайёр.


Бу ҳақда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари мамлакат Энергетика ва саноат вазирлигининг Ёнилғи-энергетик комплексни бошқариш бўйича департаменти директори Айгул Султанқуловага таянган ҳолда хабар қилади.

Султанқуловага кўра, жорий йилнинг биринчи чораги учун бичилган газ нархлари тўғрисидаги маълумот “Ўзтрансгаз” ширкатидан 17 январ оқшомида келган.

Қирғиз мулозимининг айтишича, Қозоғистон Қирғизистонга 2012 йил апрелигача экспорт қилинадиган табиий газнинг ҳар минг куб метрига 224 АҚШ долларидан нарх белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг сўнгги чорагида Қирғизистон Ўзбекистондан келган газнинг ҳар минг кубига 305 доллардан, Қозоғистондан олинган газнинг ҳар минг куб метрига эса 195 доллардан пул тўлаган.

Бундан Ўзбекистондан келажак табиий газ ўтган йилга нисбатан 5 фоизга арзонлаганини, Қозоғистондан импорт қилинажак “зангори олов” эса 15 фоизга қимматлаганини англаш мумкин.

Султанқулова газнинг янги нархлари асосида мижозлар учун янги тариф ишлаб чиқилажагини маълум қилди.

Ҳозирда қирғизистонликлар фойдаланилаётган табиий газнинг бир куб метри учун ўртача 13 сўмдан (тақрибан 28 цент) пул тўламоқда.

Аввалроқ қирғизистонлик энергетиклар табиий газ нархларининг ўзгариши муносабати билан аҳолига узатилаётган газ ҳақи 2 сўмга (тақрибан 12-15 фоизга) кўтарилиши мумкинлигини айтгандилар.

“Қирғизгаз” бош директори Турғунбек Қулмурзаевнинг “Кабар” агентлигига билдиришича, табиий газ етказиб бериш бўйича Ўзбекистон билан шартнома 18 январ куни имзоланиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон 2012 йилда 500 миллион куб метр газ экспорт қилмоқчи ва бу борада қирғиз расмийлари “Газпром”, “Ўзтрансгаз” ва “Қазтрансгаз” билан музокара олиб борганлар.

Қирғизистонлик энергетиклар газ етказиб берувчи хорижий ширкатларга табиий газнинг ҳар минг куб метри учун 185 доллардан ҳақ таклиф қилаётгандилар. Бу нарх эса, афтидан, экспортчиларни қониқтирмаган кўринади.

Ўзаро келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон бу йил Қирғизистонга 100 миллион куб метр газ етказиб бериши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG