Линклар

Россия Бош прокурори Юрий Чайка томонидан президент Дмитрий Медведевга топширилган махсус ҳисоботда қайд этилишича¸ мамлакат прокуратураси парламент сайловлари давомида 3000 га яқин қонун бузилиш ҳоллари содир этилганини аниқлаган.

Ҳисоботга кўра¸ бундай қонун бузилишлари учун маъсул шахслардан 95 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Айни пайтда ҳисоботда сайлов давомида Россия мухолифатчиларининг овозларни ҳукмрон Единая Россия партияси фойдасига оммавий равишда сохталаштиришлар бўлганига оид даъвоси ҳақида лом-мим дейилмаган¸ шунингдек қонун бузилиш ҳоллари юзасидан бирор расмийнинг жиноий жавобгарликка тортилганига оид маълумот ҳам йўқ.

4 декабр куни бўлиб ўтган Давлат Думасига сайловларда¸ Марказий сайлов комиссиясига кўра¸ Владимир Путин етакчиси бўлган Единая Россия партияси 50 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Сайлов натижаларига қарши ўтказилган норозилик намойишларида ўн минглаб россияликлар иштирок этди.

Россия мухолифати “Ҳалол сайловлар учун” шиори остида ўтказаëтган навбатдаги тадбир 4 февралга белгиланган.

Айни пайтда¸ 4 мартга белгиланган президентлик сайловида сохтакорликлар олдини олиш мақсадида Россия маданиятининг 16 нафар таниқли намояндаси Сайловчилар лигаси номли янги гуруҳ таъсис қилди. Гуруҳ таъсисчилари орасида таниқли рок хонандаси Юрий Шевчук¸ журналист Леонид Парфенов, Людмила Улицкая, Борис Акунин ҳамда Дмитрий Быков каби машҳур ëзувчилар бор.
XS
SM
MD
LG